Йигирма йиллик орзулар рўёби

12:33 02 Декабрь 2025 Жамият
188 0

Учқўрғон туманида туғилганман. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида турмуш ўртоғимнинг хизмат вазифаси тақозоси билан Қирғизистон Республикасида яшаш ва меҳнат қилишга тўғри келди. Орадан кўп ўтмай мамлакатимизда давлат мустақиллиги эълон қилингач она юртга қайтдик. Хурсандчилигимиз чексиз эди. Лекин, остонада бизни жиддий муаммо кутиб турганди. Бир муддат собиқ Иттифоқнинг қизил паспорти билан яшаб юрдик. Кўп масалаларда ҳуқуқимиз чеклангани сезилиб қоларди. Ўқитувчиман, ўша йиллари мен учун ойлик маошни олиш азобга айланган. Ҳар гал иш ҳақим учун вилоят марказига бориш, тегишли идоралар рухсатини олиш ва кунлаб вақт йўқотишимга тўғри келарди.

Кейинроқ бизга фуқаролиги йўқ шахс мақомидаги гувоҳнома беришди. Лекин шунинг ўзи билан иш битмади. Қаранг, ўзингизни ўзбек, деб ҳисоблайсиз, келажагингизни шу юрт билан боғлагансиз, бутун салоҳиятингизни ишга солишга чоғлангансиз, амалда бунинг учун йўл очилмаган. Эсимда, икки фарзандимни рўйхатга қўйиш учун уларни қайнота-қайнотам қарамоғига ўтказишга мажбур бўлганмиз. Акс ҳолда фарзандларим вояга етгач фуқаролик паспортини олиши осон кечмасди. Чет элларга саёҳатга чиқиш йўли беркилганди. Ҳатто узоқ вақтлик орзуйим – умра зиёратига бориш масаласи ҳам ушалмай келди. Ўзбекистон фуқаролиги расмий мақомига эришиш қарийб йигирма йилдан кўпроққа чўзилди. Бу масалада кирмаган жойимиз, мурожаат қилмаган идорамиз қолмади.

Ҳаддан ортиқ бюрократияни деб узоқ пайт аросатда яшадик. Мамлакатимизда давлат сиёсати ўзгариб фуқаролик ва миграция масалаларида қатор ўзгаришлар амалга оширилгач, 2005 йилгача Ўзбекистонга кўчиб келиб, фуқаролиги йўқ шахс сифатида истиқомат қилиб келаётганларга президент қарорисиз, соддалаштирилган тартибда фуқаролик бериш тартиби жорий этилди. 2019 йили юрагимдаги армон ушалиб, Ўзбекистон фуқароси деб аталган муқаддас ҳужжатни қўлимга олдим. Ўша кундаги ҳаяжонимни кўрсангиз эди. Дадам раҳматли “Қўлингда яшил паспортни кўрсам, армоним йўқ“, дердилар. Шундан буён кўнглим тўқ, бошимни дадил кўтариб шу юртнинг ҳақиқий фуқароси эканлигим, Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларимдан тўлақонли фойдаланиб, бурчимни бажариб келаётганимдан ғурурланаман.

Азизахон УСМОНОВА,

Наманган вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер