Ижтимоий соҳага ихтисослашган давлат ва хусусий олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
Бугун бўлиб ўтган Сенатнинг 13-ялпи мажлисида ижтимоий соҳага ихтисослашган давлат ва хусусий олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ижтимоий соҳага ихтисослашган 38 та олий таълим муассасасининг 49,2 минг битирувчиси бандлигини таъминлаш бўйича ишларни мониторинг қилиб бориш мақсадида Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ишларини ташкил этишга доир манзилли чора-тадбирлар белгилаб олиниб, уларни амалга ошириш ва назорат қилиш бўйича республика, вилоят ҳамда туман (шаҳар)лар кесимида ишчи гуруҳлар тузилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда масъул республика ижро органлари билан биргаликда ОТМ битирувчиларининг бандлигини ҳудудлар кесимида манзилли мониторинг қилиш платформаси (daw.ihma.uz, my.ihma.uz) ишга туширилиб, унга 49,2 минг битирувчининг маълумотлари киритилган.
Олий Мажлис Сенатига бириктирилган 38 та ОТМдаги “Карьера марказлари” билан тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлик доирасида битирувчиларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан суҳбатлар ўтказилган ва уларни иш билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилган.

Шунингдек, битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида мулоқотлар ташкил этиш бўйича режа-жадваллар тасдиқланиб, республиканинг барча ҳудудларида ёшларни муносиб иш ўринларига жойлаштириш мақсадида битирувчилар ҳамда иш берувчилар ўртасида учрашувлар ўтказилган.
Битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш мақсадида маҳаллаларда 300 га яқин меҳнат ярмаркалари ҳам ташкил этилган.

Битирувчиларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўз бизнесини йўлга қўйиш имкониятини яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан “Келажакка қадам” дастури доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 890 нафар битирувчига 44 млрд сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланиб, қайд этилган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан масъул вазирлик ҳамда идораларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Муҳокама якунлари бўйича мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ва аниқ муддатлари ҳамда ижро учун масъуллар белгилаб қўйилган Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Акмал МУҲАММАДОВ, Юнус БЎРИЕВ
(«Халқ сўзи») олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг