Избосканда ёзувли олмалар етиштирилмоқда

13:20 13 Июль 2021 Жамият
2562 0

Избоскан туманида Тадбиркор номли бир кўча бор. Исми жисмига монанд кўчада ҳақиқий тадбиркор инсонлар истиқомат қиладилар. Улар қайси соҳада фаолият юритмасинлар, ўз касбининг устасига айланишган. Ана шулардан бири бўлмиш Баҳодир ака Мўминов боғдорчиликка меҳр қўйган. 10 сотихли ҳовлисида 20 тупдан зиёд мевали дарахтларни парваришлайди. Улар орасида ҳатто 30 йиллик нок дарахти ҳам бор. Ҳар йили мевали дарахтларнинг ўзидан 8-10 миллион сўм даромад топади. Бу ёқда ҳали узумзорлари ҳам бор.

Баҳодир ака ўз касбининг устаси эмасми, ички бозордаги эркин рақобатга монанд иш қилди. Яъни, бир туп олма дарахтида тажриба ўтказди. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, у олма меваси сиртида ўзи хоҳлаган ёзувларни ҳосил қилди. Бунақаси ҳали бўлмаган, тўғрими! Шу боис ҳам энди у бир дона олмани бир неча килограмм ҳосил нархида сотиш имконига эга. Олмачиликда ўз имзосини яратишга интилаётган соҳибкор афсуски, бунинг сирини ошкор қилмади. Боиси, тажрибаси ҳали якунига етмабди-да!

Энди тасаввур қилинг, уйингизда меҳмон кутяпсиз. Дастурхондаги ноз-неъматларда меҳмонларнинг исми ёзилган бўлса! Бу жуда қизиқ, тўғрими? Менимча, шу ҳолатга гувоҳ бўлишимизга ҳам оз қолди-ёв...

Нима бўлганда ҳам бугунги кун тадбиркорлари изланишдан, ҳаракатдан қайтмаяптилар. Бу эса янги лойиҳаларни юзага келтириб, уларнинг ижобий натижасига сабаб бўлмоқда. Бу бошланиши! Ҳали бизни келгусида бундан-да ажабтовур натижалар кутиб тургани аниқ!

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер