Истанбулда кучли бўрон: кўплаб авиа ва паром рейслари бекор қилинган

12:40 09 Январь 2026 Дунё
430 0

Кеча, 8 январь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида кузатилган кучли бўрон ҳудуд аҳолиси ва шаҳар инфраструктурасига жиддий салбий таъсир кўрсатган. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги маълум қилди.

Манбага кўра, шаҳарнинг қатор туманларида кучли шамол оқибатида биноларнинг том қисми учиб кетган, ташқи фасад элементлари узилиб тушган, дарахтлар қулаган ва кўплаб автотранспорт воситалари шикастланган. Айрим ҳудудларда кучли ёмғир билан бирга дўл ёғиши ҳам қайд этилган.

Денгиздаги вазият ҳам кескинлашган

Қайд этилишича, Тузла соҳилида қирғоққа боғлаб қўйилган айрим қайиқ ва катерлар кучли тўлқинлар таъсирида ағдарилиб кетган, баъзилари қирғоққа урилиб шикастланган ёки чўкиб кетган. Тўлқинлар айрим соҳил йўлларигача чиқиб, ҳаракатни қийинлаштирган.

Ноқулай об-ҳаво шароити сабаб шаҳарда транспорт чекловлари жорий этилган. Манбага кўра, барча паром қатновлари бекор қилинган, Мачка ва Айюбсултон канат йўллари вақтинча ёпилган. Шунингдек, дарахт қулаши ва буюмлар учиб кетиши хавфи туфайли айрим боғ ва дам олиш ҳудудларига ташриф чекланган.

Авиация соҳасида ҳам узилишлар кузатилган

Хабар берилишича, кучли шамол таъсирида бир йўловчи самолёти Сабиха Гёкчен халқаро аэропортига қўнишни амалга ошира олмаган ва айланма парвозга мажбур бўлган. Истанбул аэропортида 64 та, Сабиха Гёкчен аэропортида эса 33 та рейс бекор қилинган.

Шаҳар ҳокимияти маълум қилишича, бўрон оқибатида 26 та дарахт қулаши, 16 та том учиши ва турли инфратузилма объектлари билан боғлиқ жами 69 та ҳолатга тезкор хизматлар жалб этилган. Ушбу ҳодисалар оқибатида камида 12 та автомобиль шикастланган.

Истанбул вилояти ҳокимияти эса умумий ҳисобда 350 та мурожаат қабул қилинганини маълум қилган. Улар орасида 45 та дарахт қулаши, 89 та том учиши, 214 та хавфли қисм, 1 та ташландиқ бино ва 1 та таянч девор қулаши қайд этилган. Ҳодисалар оқибатида бир нафар фуқаро енгил тан жароҳати олган.

Мутасаддилар бўрон этиши муносабати билан аҳолидан эҳтимолий том учишлари, дарахт қулаши, газдан заҳарланиш ва сув тошқинларига нисбатан эҳтиёткор бўлишни сўраган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер