Исроил ҳарбий кемалари Ғазо секторига йўл олган флотилияни тўхтатди

10:50 02 Октябр 2025 Дунё
261 0

Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазо секторига йўл олган “ёрдам флотилияси”нинг бир нечта кемасини тўхтатди. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.

Исроил ТИВ баёнотида келтирилишича, кема ва йўловчиларга зарар етмаган, йўловчилар Исроил портларига олиб борилган. Қайд этилишича, йўловчилар орасида швециялик экофаол Грета Тунберг ҳам бўлган. Исроил томони Тунберг ва унинг ҳамроҳлари соғ-саломат эканини маълум қилди.

Флотилия август охирида Барселонадан денгизга чиққан. Унда 40 дан ортиқ кема ва парусли қайиқ бор эди, умумий иштирокчи сони бир неча юз киши атрофида бўлган. Ташкилотчилар Исроил томонидан Ашдод порти орқали гуманитар ёрдамни етказиш таклифини қабул қилмаган ва Италия ҳукумати берган чақириқларга ҳам эътибор қаратмаган.

Флотилия тўхтатилгандан кейин Рим ва Неапольда намойишлар бошланган. Намойиш иштирокчилари Италия бош вазири Джорджа Мелони Исроилнинг бу хатти-ҳаракатларига жим қараб тургани учун танқид қилмоқда.

Исроил 2007 йилдан бери Ғазога денгиз блокадасини қўллаб келмоқда. Бу чора ҲАМАСга қурол киришини чеклаш мақсадида амалга оширилади. Минтақадаги вазият 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроилга йирик ҳужумидан сўнг янада кескинлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?