Иштиёқ бўлса – иш ҳам, даромад ҳам бор

16:08 04 Март 2026 Жамият
236 0

Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос анъаналари, имкониятлари бор. Ҳамма гап – ундан тўғри ва самарали фойдаланишда. Маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқланиб, “драйвер”га айлантирилса – янги иш ўринлари ва даромад манбаи яратилади. Ҳозир изланган, ҳаракат қилган одам учун барча имконият бор. Фақат бунинг учун пухта режа, аниқ мақсад бўлса бас.

Олдига аниқ мақсад қўйиб, иш бошлашни ният қилган кишида маблағ бўлмаса-чи? Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси айнан мана шу масалада мақсади бор маҳалладошлари учун яқин кўмакчи бўляпти, дея оламан. Биз мақсади бор, маблағи йўқ одамлар учун молиявий ёрдам таклиф этяпмиз. Натижада ҳозирги Фаробий маҳалласи ҳудудида “драйвер” – хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаси ривожланмоқда. Авваллари маҳаллада атиги тўртта тадбиркор бўлган. Ҳозир улар саксон икки нафарга етди.

“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида бир йилнинг ўзида 16 кишига 33 миллион сўмдан имтиёзли кредит ажратилди. Уларнинг аксарияти ижтимоий “дафтар”ларда рўйхатда турувчи фуқаролардир. Маҳалладаги ишсиз ёшлардан 18 нафарига касб-ҳунар ўрганиши учун тумандаги мономарказга йўлланма берилди.

Миграциядагилар билан ишлаш алоҳида эътиборда. Ўтган йилги хатловда 21 нафар фуқаро рўйхатга олинган эди. Кам даромадли ишда меҳнат қилаётган, оғир вазиятга тушиб қолганларга берилган фойдали таклифлар натижасида 17 киши Ватанга қайтди. Дилобар Ортиқова, Дониёр Иброҳимов ва Нусратилла Ниғмонхўжаев мисолида бу саъй-ҳаракатларимиз маҳалладошларимиз ҳаётига ёруғлик олиб кирди.

“Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, юқори натижага эришиб келаётган, ижобий тажрибага эга 50 нафар ҳоким ёрдамчисидан иборат “Лойиҳа менежерлари” гуруҳи ташкил этилган ва мазкур гуруҳ таркибидаги ҳар бир ҳоким ёрдамчиси самарадорлик кўрсаткичлари паст бўлган туманларга бириктирилиб, олти ойгача муддатда хизмат сафарига юборилган эди. Камина ҳам гуруҳ таркибида Наманган вилоятининг Норин ҳамда Мингбулоқ туманларидаги 8 та маҳаллада бўлиб қайтдим.

Тўрт фарзандимни оилам билан Тошкентда қолдириб, Наманганда хизмат қилдим. Бу қарорни қабул қилишда иккиланиб турган пайтим, турмуш ўртоғим ва қайнонам далда бўлди.

Куни кеча эса Президентимиз яна бир ҳужжатни имзолади. Бу фармоннинг олдингисидан фарқи шуки, унда зиммамизга вазифа юкланмади, эътироф берилди. Бир она, бир аёл, бир давлат хизматчиси сифатида ҳар қандай вазиятда, ҳеч иккиланмасдан, менга далда бўлувчи оилам ва Президентим борлигидан фахрланаман!

Асия ҚУДАЙБЕРГЕНОВА,

Зангиота туманидаги Фаробий маҳалласи ҳоким ёрдамчиси,

“Шуҳрат” медали соҳибаси.

Тошкент вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер