Инсон қадри ва халқимиз фаровонлиги йўлида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади — инсон қадрини юксалтириш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётий манфаатларини рўёбга чиқаришдан иборат. Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси доирасида ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш ва сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўналишларида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
“Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат”
Янгиланган Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб қатъий белгилаб қўйилгани тарихий аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан Асосий Қонунда муҳрланган бу принциплар — мамлакатимизнинг тараққиёт йўли ва тақдирини, унинг келажагини белгилаб берган ушбу “бешта устун” ҳеч қачон ўзгартирилмайди. Зеро, бу тамойиллар фақат ва фақат халқимиз, Ватанимиз манфаатларини ҳимоя қилишни, тенгсиз ва буюк неъмат — мустақиллигимизни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш ва келгуси авлодларга мерос қилиб қолдиришни кўзлайди.
Конституциянинг янги таҳрири туфайли давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч баравар ортди. Бош қомусимизга “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойили конституциявий норма сифатида мустаҳкамланди, болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлиги бор шахслар ва кекса авлод вакиллари ҳуқуқларининг ишончли муҳофазасини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори белгиланиши, фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги каби қўшимчалар киритилди. Натижада фуқароларнинг конституцион нормалар орқали кафолатланган ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликлари давлатнинг тегишли мажбурияти билан мустаҳкамланди. Бу эса, ўз навбатида, сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган натижалар ва Тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун мустаҳкам конституцион ҳимояни таъминлашга хизмат қилади.
“Ижтимоий давлат” ва “инсон қадри” тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ушбу ғоянинг туб негизида, аввало, инсон ҳақ-ҳуқуқларини улуғлаш, аҳолига хизмат қилишдек олийжаноб мақсад мужассам. Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиб беради. У ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир. Шунингдек, ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. Шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади. Кейинги йилларда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, бандликни таъминлаш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар яратиш, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар ётади.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, “ижтимоий давлат” тушунчаси илк бор 1850 йилда Лоренс фон Штейн томонидан қўлланилган. У давлатнинг вазифаси ижтимоий тенглик ва шахсий эркинликни ўрнатиш, қуйи ва кам таъминланган табақаларни бойлар ва қудратлилар даражасига кўтаришдан иборат деб ҳисоблаган. Миллий давлатчилигимиз тарихини ўрганганимизда ҳам “ижтимоий давлат” тушунчаси шунга ўхшаш номларда кўплаб учрашига гувоҳ бўламиз. Масалан, IХ-Х асрларда яшаб ижод қилган Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарида фозил шаҳар ҳақида билдирилган фикрлар айнан “ижтимоий давлат” тамойилининг мазмун-моҳиятини очиб беради. Шунга ўхшаш фикрларни Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Алишер Навоий, Аҳмад Дониш каби буюк аждодларимиз асарларида ҳам учратиш мумкин.
Президентимиз ушбу тушунчани изоҳлар экан “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”, дея таъриф берган эди.
Глобаллашув жараёни ва бозор иқтисодиёти шиддат билан ривожланаётган даврда олимлар ижтимоий давлатнинг ўзига хос белгилари мавжуд эканини таъкидлайди ва ушбу жиҳатларга қуйидагиларни киритади: аҳолининг даромадлари ва бойликларини йирик мулкдорларга дахл қилмасдан қайта тақсимлаш имконини берувчи мамлакат иқтисодий ривожланишининг юқори даражаси; ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти; кўп тармоқли ва аралаш иқтисодиёт; фуқаролик жамиятини шакллантириш; давлат томонидан турли ижтимоий дастурларни ишлаб чиқиш; давлатнинг ҳар бир инсон учун муносиб турмуш шароити, ижтимоий таъминот ва шахс сифатида ўзини ўзи англаш йўлида тенг бошланғич шароитларни таъминлаш мақсадларини тасдиқлаш; фуқаролар олдидаги ижтимоий жавобгарлик; бюджет ижтимоий тўловларининг мавжудлиги; ижтимоий ҳимоя, ижтимоий таъминот ва бандлик давлат тизимларининг мавжудлиги; жамиятнинг барча муҳтож аъзоларини истисносиз ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими мавжудлиги; фуқароларнинг фаровонлик даражаси учун жавобгарликни давлат ўз зиммасига олиши.
Амалий натижаларга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар
Сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг аксарияти ижтимоий соҳага йўналтирилганини кўриш мумкин. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларга давлат томонидан кафолатлар тизими орқали ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Одамларнинг фаровон ва ҳаётдан рози бўлиб турмуш кечириши учун муносиб шароит яратиш, бандликни таъминлаш ва даромадини ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, турмуш шароити ва сифати жиҳатдан табақаланишга йўл қўймаслик каби масалаларга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим бериш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий диққат марказида. Давлат бюджетининг асосий қисми айнан шу каби масалаларга йўналтирилаётгани ҳам фикримизнинг амалий тасдиғидир. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалар, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш учун республика миқёсида жорий этилган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” ва маҳаллабай ишлаш тизими ҳам ижтимоий давлатнинг моҳиятини ва ҳаётий кўринишини намоён этмоқда.
Мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари ҳам диққатга сазовор. Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг дастлабки мақсади ҳисобланган таълим соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиш жоиз. Болаларни мактабгача таълим қамрови 2024 йилга келиб 74 фоизни ташкил этди. Бунда соҳага нодавлат секторнинг жалб қилиниши ва давлат-хусусий шериклик тизими жорий этилганини эътироф этиш лозим. Мамлакатда истеъдодли болаларни танлаш, уларга тўғри йўналиш бериш, қобилиятини ўстириш, интеллектуал салоҳиятини намоён этишга кўмак бериш мақсадида Президент мактаблари, ижод мактаби, ихтисослаштирилган мактаблар ва “Темурбеклар мактаби” фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда эса бунинг натижалари яққол намоён бўлиб бормоқда. Яна бир жиҳат, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилгач Ўзбекистон жаҳон индексларида сезиларли даражада юқори поғоналарни забт этишни бошлади. Хусусан, Жаҳон банки эълон қилган “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида 5 та энг илғор ўзгаришларни амалга оширган давлатлар қаторида юртимиз ҳам қайд этилгани муҳим ҳодисадир. Ушбу йиллик ҳисоботда дунёнинг 190 та давлатидаги ҳолат 10 та кўрсаткич бўйича баҳолаб берилади. Янги индексда мамлакатимизда меҳнат муносабатлари ва оиладаги зўравонликка қарши кураш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар муваффақиятли деб топилган. “Меҳнатга ҳақ тўлаш” ва “никоҳ” доирасидаги ўзгаришлар мамлакат рейтингининг 11,9 пунктга кўтарилишига олиб келди ва эндиликда юртимиз “Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ” индексида 100 баллдан 82,5 баллни эгаллади. Шу билан бирга, 2023 йил апрель ойида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга оиладаги зўравонликка, хусусан, оилавий муносабатлардаги жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашиш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ҳам жамиятда нозик хилқат вакилларининг ҳимояси муҳим ҳужжатлари билан таъминланганидан далолатдир.
Олий таълим муассасалари 2,5 баробарга ошиши, яъни уларнинг сони 200 дан ортиши, ўз навбатида, олий таълимга қамров даражаси 9 фоиздан 43 фоизга ортишига замин яратди. Шу қаторда 40 дан зиёд олийгоҳларга академик ва молиявий мустақиллик берилиши улардаги таълим шароити ва сифати сезиларли даражада юксалишига ҳисса қўшганини қайд этиб ўтиш ҳам адолатдан бўлади.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини уй-жой билан таъминлаш ҳам ижтимоий давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир. Таъкидлаш ўринлики, сўнгги саккиз йилда мамлакатимизда 500 мингга яқин янги уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш бўйича биринчи марта аёллар ва ёшларга, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилди. Тизим қонуний, адолатли ва шаффоф ишлаши учун онлайн платформалар ишга тушди.
Айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ёшлар бандлигини таъминлашда илғор замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда йигит-қизларимизни “Future Skills Uzbekistan” ва “Бир миллион дастурчи” лойиҳалари доирасида IT касбларига, “Ёшлар 1+1” ва “Тадбиркор аёл” лойиҳалари доирасида тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тиллар бўйича ўқитилаётгани эътиборга молик. Ёшлар ва хотин-қизларда замонавий касб, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Ишга марҳамат”, банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Мономарказ”, туман ва шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолият юритмоқда.
Ислоҳотлар марказида — инсон
Асосий Қонунимизда мамлакатимиз ижтимоий давлат эканининг мустаҳкамлаб қўйилиши янги Ўзбекистон мазмун-моҳиятига ҳам шаклан, ҳам маънан мос бўлади, десак, айни ҳақиқат. Эътироф этиш керакки, мавжуд стратегияларнинг мақсадларига эришишда Президентимиз асосий эътиборни биринчи галда янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция ҳисобланган таълимни ривожлантиришга қаратиш кераклигини таъкидлади. Эндиликда мамлакатимизда нафақат мактаб қурилиши ва сифатли таълимга, шу билан бирга, сифатли таълим негизини яратувчи “соғлом турмуш тарзи ҳамда соғлом ва сифатли овқат билан таъминлаш”га ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур тажриба 2022 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилиб, 285 минг бошланғич синф ўқувчиси учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. 2023 йилдан эса ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиб, бунинг учун Давлат бюджетидан етарли маблағ ажратилди. Хуллас, “Таълим учун инвестиция — буюк келажакка сармоя” шиори остида узлуксиз таълим тизимини такомиллаштириб бориш, сифатли таълим-тарбия бериш, малакали кадрларни тайёрлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди.
Бош қомусимизда алоҳида модда сифатида киритилган таълим соҳаси жамиятимиздаги энг долзарб, ислоҳотлар талаб этадиган йўналишлардан бири ҳисобланади. Биринчи навбатда, ўқитувчилар мақомини кўтариш, уларнинг қадр-қимматини юксалтириш Конституцияда ифодаланди. Устоз-мураббийлар қадрланган давлатда эса ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялашга замин яратилади. Ўқитувчиларнинг вазифаси — баркамол авлодни тарбиялаш билан бирга миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни авлоддан-авлодга етказувчи мутахассислар тайёрлаш. Шу боис уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Хуллас, Ўзбекистонимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини яхшилаш мақсадида бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. Жумладан, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш: “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий этилиб, кам таъминланган оилаларга давлат томонидан моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар тўлаш тартиби соддалаштирилди. Бунинг натижасида ёрдамга муҳтож оилаларнинг манзилли қўллаб-қувватланиши таъминланди. Пенсия тизими ислоҳ қилиниб, унинг миқдорлари мунтазам равишда оширилмоқда. Бу эса кекса авлод вакилларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, уларни иш билан таъминлаш ва жамиятга интеграция қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Иш ўринлари яратиш, касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурлари орқали аҳолининг бандлик даражасини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада камбағалликни аниқлашнинг илмий асосланган мезонлари ишлаб чиқилиб, унинг сабаблари ва омилларини чуқур таҳлил қилиш асосида манзилли чора-тадбирлар белгиланмоқда. Камбағалликни қисқартириш бўйича миллий стратегия ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси доимий назоратга олинган. Камбағал оилаларни тадбиркорликка жалб қилиш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва бизнес кўникмаларини ўргатиш орқали ўз-ўзини банд қилиш имкониятлари кенгайтирилаётир. Қишлоқ жойларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, йўллар, сув таъминоти ва электр таъминотини яхшилаш орқали аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга эришилмоқда. Ўзбекистонда 2024 йил якунига кўра камбағаллик даражаси 11 фоиздан 8,9 фоизга камайди. Юқорида қайд этилган ислоҳотлар ва дастурларнинг амалга оширилиши натижасида аҳоли турмуш даражаси сезиларли даражада яхшиланди. Масалан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида минглаб қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси ўзгарди, аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайди. Таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ёшларнинг билим олиш ва касб эгаллаш имкониятлари ошди.
Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат сари дадил қадам ташламоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон, унинг манфаатлари ва фаровонлиги турибди. Давлат аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш ва сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратишга интилмоқда. Бу эса янги Ўзбекистоннинг асосий мақсадларидан бири — адолатли ва фаровон жамият қуришга хизмат қилади.
Баҳодир ХОЛИҚОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти
ректори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг