Иккинчи тўлқин хулосалари

17:05 20 Июль 2020 Жамият
1774 0

Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини кўплаб муаммоларни келтириб чиқаргани, айниқса Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида сезилиб қолди. Тестлар етишмаслиги, касаллик аломати бор фуқароларга тез ёрдам вақтида кўрсатилмагани ёки уларни қабул қилишга шифохоналарда жой қолмаганлиги, аптекаларда дори-дармонлар танқислиги, уйда даволаниш учун зарур қўлланмалар ишлаб чиқилмагани, шифокорларнинг зарур ҳимоя воситалари ва тиббий ускуналар билан тўлиқ таъминланмаганлиги каби муаммолар тиббиёт тизимимиз иккинчи тўлқин босимига (орада 4 ой вақт бўлишига қарамай) афсус тайёр эмаслигига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик.

Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда фуқаролар ва блогерлар жуда кўплаб танқидий фикрлар ва мақолалар эълон қилишди. Лекин ҳозир айбдорни излашдан фойда йўқ, эҳтимол коронавирусдан қутулгач йўл қўйилган камчилик ва хатоларни парламент текшируви асосида шошмай ўрганиб, айбдор масъул шахсларга чора кўриш имкони бўлар (орзуга айб йўқ).

Аксинча, ҳозир биринчи навбатда, Тошкент шаҳрида йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, ҳудудларни иккинчи тўлқин босимига, айниқса грипп ва шамоллаш кучаядиган куз-қиш мавсумига тайёрлаш чораларини кўриш муҳим деб ўйлайман.

Биринчидан, вирусга чалинган фуқароларни ётқизиш учун ҳудуддаги мавжуд санаторийлар, коллеж, лицей ва мактабларнинг спорт залларида қисқа муддатларда махсус даволаниш марказларини ташкил этиш орқали минглаб янги захира ўринлар (койка) яратиш ҳамда бошқа касалликлар билан чалинган фуқароларга ёрдам кўрсатувчи шифохоналар қувватини қисқартирмасликка алоҳида эътибор қаратиш;

Иккинчидан, тез ёрдам автомобилларига эҳтиёж кўпайишини инобатга олиб мавжуд автомобилларни тўлиқ техник кўрикдан ўтказиш, шунингдек, ҳудудларда йўналишли такси хизмати кўрсатувчи ташкилот ва фуқароларнинг Дамас (ёки бошқа минивенлар) автомобилларини ижара ва волонтёрлик асосида тез ёрдам хизмати кўрсатиш учун жалб қилиш орқали захира қувват яратиш чораларини кўриш;

Учинчидан, ҳудудларда ҳамшира ва шифокорларнинг етишмаслик ҳолатларини олдини олиш учун ҳозирда нафақада/ишламаётган малакали шифокорларни ҳамда ишсиз бўлиб турган ўрта махсус дипломига эга ҳамшираларни мавсумий ёллаш ва уларни янги ташкил этилаётган махсус карантин/даволаниш марказларига, тез тиббий ёрдам автомобилларига рўйхат асосида бириктириш;

Тўртинчидан, ҳар бир шаҳар ва туманларда энг камида 10 тадан кислород концентраторлари, пульсоксиметр захирасини тайёрлаш;

Бешинчидан, тест натижаларини аниқлайдиган PCR лабораториялар сонини ошириш ҳамда тестлар захирасини шакллантириш;

Ва албатта карантин чораларини сақлаб қолиш ва унга қатъий амал қилинишини таъминлаш.

Дониёр Ғаниев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?