Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида конституциявий ислоҳотларнинг ўрни

Ҳар бир демократик давлат тараққиётининг асосий таянчи ҳисобланган Конституция, мамлакат сиёсий-ҳуқуқий тизимининг негизини белгилаб беради. Фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари, давлат тузилиши ва бошқаруви ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланади. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1992 йил 8 декабр куни қабул қилинган бўлиб, орадан ўтган давр мобайнида мамлакатда рўй берган туб сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар уни такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Хусусан, 2023 йилда амалга оширилган Конституциявий ислоҳотлар мамлакат тарихида муҳим босқич бўлиб, улар «Янги Ўзбекистон» концепциясининг асосий йўналишларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилди. Ушбу ислоҳотлар инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Шу нуқтайи назардан, 2023 йил Конституциявий ўзгаришлари мустақил Ўзбекистон тараққиётининг муҳим тарихий давоми сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳар бир демократик жамият ва ҳуқуқий давлатнинг мустаҳкам пойдевори сифатида Конституция мамлакат тараққиётининг асосий ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. У давлат бошқаруви тузилиши, сиёсий тизим, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини аниқ белгилаб беради. Конституция нафақат назарий ҳужжат, балки жамият ҳаётининг барча жабҳаларини тартибга соладиган амалий асосдир.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1992 йил 8 декабр куни қабул қилинган бўлиб, у мустақиллик шарофати билан шаклланган янги сиёсий-ҳуқуқий тизимнинг негизини яратди. Мазкур ҳужжат давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлигини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлади. Айнан Конституция қабул қилинганидан кейин мамлакатда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида асос солинди.
Бироқ орадан ўтган 30 йилдан ортиқ вақт давомида дунё, минтақа ва мамлакатимизда чуқур сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар содир бўлди. Глобал муаммолар, замонавий технологиялар, инсон ҳуқуқларининг янги талқинлари, атроф-муҳит муҳофазаси, шунингдек, бошқарув тизими самарадорлигини ошириш зарурати Конституцияни қайта кўриб чиқиш эҳтиёжини келтириб чиқарди. Шу билан бирга, халқаро ҳуқуқнинг ривожланиши ва демократик тамойилларни янада чуқурлаштириш талаблари ҳам ислоҳотлар заруратини кучайтирди.
Хусусан, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли кафолатлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини кучайтириш каби омиллар 2023 йилда кенг кўламли конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга асос бўлди.
2023 йилда амалга оширилган Конституциявий ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу ислоҳотлар Янги Ўзбекистон концепциясига асосланган ҳолда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга қаратилди.
Янгиланган Конституциянинг энг асосий жиҳатларидан бири — инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига берилган эътибордир. Конституциянинг иккинчи бўлими тўлиқ инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланди. Шахсий дахлсизлик, фикр билдириш эркинлиги, мулк ҳуқуқи, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва экологик хавфсизлик каби асосий ҳуқуқлар ҳуқуқий асосда мустаҳкамланди. Бундан ташқари, қонунчиликдаги ҳар қандай ноаниқлик ёки зиддиятлар инсон фойдасига талқин қилиниши Конституция даражасида илк бор мустаҳкамланди. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалиётида муҳим кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.
Ислоҳотларнинг марказида «Инсон қадри учун» тамойили турибди. Ушбу тамойил асосида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилди ҳамда уларни таъминлаш давлатнинг асосий вазифаси сифатида белгиланди.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатлар аниқ тақсимланди ва ўзаро мувозанат принсипи кучайтирилди. Хусусан, Қонун чиқарувчи ҳокимият ваколатлари кенгайтирилиб, Олий Мажлис, айниқса Қонунчилик палатасининг роли оширилди. Бош вазир ва вазирлар номзодларини тасдиқлаш ваколати парламент зиммасига юклатилди. Шунингдек, парламент назоратининг механизмлари такомиллаштирилди. Ижро этувчи ва маҳаллий ҳокимият ислоҳотлари орқали маҳаллий давлат органларининг ваколатлари кенгайтирилди. Халқ депутатлари кенгашлари томонидан маҳаллий ҳокимият фаолияти устидан назорат қилиш тизими мустаҳкамланди, бу эса детсентрализация жараёнини жадаллаштирди. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тамойили кучайтирилди. Судларнинг фақат қонунга бўйсуниши, судялар фаолиятига аралашмаслик ва уларнинг дахлсизлиги Конституцияда мустаҳкамланди. Бундан ташқари, адвокатура институтининг конституциявий мақоми белгиланди, бу эса инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоясини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Янгиланган Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланди. Жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари билан давлат органлари ўртасида ҳамкорлик механизмлари мустаҳкамланди. ОАВ ва ахборот эркинлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи қатъий кафолатланди. Давлатнинг ОАВга асоссиз аралашувига йўл қўйилмаслиги Конституцияда алоҳида қайд этилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва рақамли ОАВ учун ҳуқуқий асос яратилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ОАВ фаолиятига оид яна бир қўшимча модданинг киритилгани демократик тамойилларнинг мустаҳкамланишидан далолат беради.
Сайлов тизимидаги янгиликлар ҳам муҳим ўрин тутади. Сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлиги, фуқаролар иштирокини кенгайтириш, сиёсий плюрализмни таъминлаш мақсадида кузатувчиларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилди. Эндиликда сайлов ҳуқуқидан фақат суднинг қарори билан маҳрум этиш мумкинлиги аниқ белгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда экологик хавфсизлик масаласи долзарб йўналиш сифатида мустаҳкамланди. Фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик иштироки ва жамоат ташкилотлари орқали назорат олиб бориш механизмлари аниқ белгилаб берилди. Бу, аввало, глобал экологик муаммолар кучайиб бораётган ҳозирги замонда фуқароларнинг атроф-муҳит муҳофазасида фаол иштирок этишини таъминлаш, яшаш муҳити ва шаҳарсозликда аҳолининг фикри инобатга олиниши учун зарур ҳуқуқий асос яратади.
2023 йилда амалга оширилган Конституциявий ислоҳотлар нафақат давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда, балки илмий-амалий соҳаларда ҳам ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Хусусан, Тошкент давлат юридик университети ушбу ислоҳотларнинг илмий таянчига айланган муассасалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Тошкент давлат юридик университетининг ҳиссаси мазкур ислоҳотлар жараёнида муҳим аҳамият касб этди. Конституциянинг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлаш ва муҳокама қилиш босқичларида университет профессор-ўқитувчилари фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини илгари сурдилар. Уларнинг илмий асосланган фикрлари, ҳуқуқий таҳлиллари ва тажрибалари натижасида бир қатор муҳим нормалар Конституцияда ўз аксини топди.
ТДЮ профессор-ўқитувчиларининг конституция лойиҳасидаги таклифлари инсон ҳуқуқлари, адвокатура институтининг мустақил мақомини белгилаш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш каби соҳаларни қамраб олди. Университет жамоасининг саъй-ҳаракатлари натижасида Конституцияда халқаро ҳуқуқ талабларига ва миллий қадриятларимизга мос келадиган замонавий ёндашувлар мустаҳкамланди. Шу билан бирга, университет илмий салоҳияти ва халқаро нуфузининг ортиб бориши мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Хусусан, ТДЮ халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгалламоқда.
«Times Higher Education Impact Rankings — 2025» натижаларига кўра, дунёнинг 2500 та олий таълим муассасаси орасида Тошкент давлат юридик университети 301-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 100 поғонага юқорилаганини кўрсатади. Айниқса, университет: SDG 5 — Гендер тенглиги йўналиши бўйича 51-ўринни эгаллаб, дунёнинг топ-100 олийгоҳлари қаторидан жой олди; SDG 4 — Таълим сифати бўйича 301−400-ўрин; SDG 8 — Муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш бўйича 101−200-ўрин; SDG 16 — Тинчлик, адолат ва кучли институтлар ҳамда SDG 17 — Мақсадлар бўйича ҳамкорлик йўналишларида 201−300-ўринларни эгаллади. Бундан ташқари, университет «AD Scientific Index» (Alper-Doger Scientific Index) рейтингида ҳам юқори натижаларга эришди. Хусусан, Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида «Law» (ҳуқуқшунослик) йўналиши бўйича Тошкент давлат юридик университети биринчи ўринни эгаллади.
Мазкур ютуқлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Конституциявий янгиланишларнинг илм-фан ва таълим тизимидаги амалий натижаларидан далолат беради. ТДЮУ нафақат миллий, балки минтақавий миқёсда ҳам нуфузли ва фаол ҳуқуқий олий таълим муассасасига айланмоқда. Бу эса Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидаги изчил ислоҳотлари муваффақиятли давом этаётганининг ёрқин исботидир. 2023 йилда амалга оширилган Конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичини бошлаб берди ва давлатимиз тарихида стратегик аҳамиятга эга бўлган туб ўзгаришларга замин яратди. Мазкур ислоҳотлар орқали мамлакатимизда ҳуқуқий давлат тамойиллари, демократия ва инсон ҳуқуқларининг устуворлиги янада мустаҳкамланди.
Янгиланган Конституция Янги Ўзбекистон концепциясининг ҳуқуқий асосини яратди. Хусусан, «Инсон қадри учун» тамойилининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши, давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлиги, фуқароларнинг бошқарув жараёнларида фаол иштирокини таъминлаш мамлакат тараққиётининг асосий йўналишига айланди. Конституциявий ўзгартиришлар натижасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалий жиҳатдан кафолатлаш, ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ эркинлигини ривожлантириш, экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим норматив-ҳуқуқий асос яратилди.
Шунингдек, ушбу ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг узвий таркибий қисми сифатида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, халқ билан мулоқотни кучайтириш, илм-фан ва таълим тизимининг халқаро нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Тошкент давлат юридик университетининг конституциявий ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштироки ва халқаро рейтингларда эришган юқори натижалари бунга яққол далилдир. Хулоса қилиб айтганда, 2023 йилги Конституциявий ислоҳотлар Янги Ўзбекистонни ҳуқуқий, демократик ва инсонпарвар давлат сифатида шакллантиришга, фуқаролик жамиятининг ҳар томонлама ривожланишига мустаҳкам замин яратди. Ушбу ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётининг узоқ муддатли стратегик мақсадларига эришишда муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.
Жасурбек Илхомбеков
Тошкент давлат юридик университети
«Конституциявий ҳуқуқ» кафедраси катта ўқитувчиси,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг