Ҳунар бўлса қўлингда...
Бу меҳридарё масканда қўли ва қалби гул каштадўзни ҳамма Нодирабегимга қиёслашади. Боиси у ҳунари орқали машҳур. Шогирдлари билан тайёрлаётган ранг-баранг турдаги маҳсулотлари узоқ-яқин хориж давлатларда харидоргир.
Ўн йилдан буён Фарғона вилояти ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида истиқомат қилаётган Нодирахон болалигидан каштачиликка меҳр қўйган. I гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, у мазкур маскандаги каштачилик ва тикувчилик цехига бош-қош. Ҳозирги кунда ўттиз нафардан зиёд шогирдларни тарбиялади. Бугун уларнинг аксарияти касаначилик асосида уйларида кашта тикиб, устозига олиб келишади. Бу маҳсулотлар савдога чиқарилиб, даромаддан ортганига эса янги маҳсулотлар тайёрлаш учун хомашё олинади.
Ҳаловат масканида истиқомат қилувчи Собитжон Холиқов, Инобат Мўйдинова, Илҳом Мирзаев ва Шафоат Қўчқорова шу ерда оила қурган. Айни пайтда марказда яшашади, уларга алоҳида хона ажратиб берилган. Нодира бошчилигидаги чеварлар уларга энг яхши кашталарини совға қилишди. Тўйнинг, янги оилаларнинг безагига айланган ушбу кашталар бугун уйларининг тўрида сақланмоқда.

Нодира ўтган йили Президентимиз фармонига кўра, “Жасорат” медали билан тақдирланди. Шу йилнинг сентябрь ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида “Қадимий ҳунар турини тиклаган ҳунарманд” номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилди. Яқинда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкилланган аукционда Нодира бошчилигида тикилган катта кашта 17 миллион, чопон 13 миллион сўмга сотилди. Унинг тиккан маҳсулотлари ўтган йили Италиянинг Милан шаҳрида ташкил этилган халқаро кўргазмада ҳакамлар ва томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Дунё модалари маркази ҳисобланувчи Миланда миллий руҳдаги кашталари, чопон ва сўзаналари барчанинг ҳайратини оширди.
— Меҳр ва иштиёқ бор жойда ҳар қандай ишда имконият чеклангани тўсиқ бўлолмайди, — дейди Нодира Усмонова. — Ҳунарим орқали дунё кезяпман. Миландаги кўргазма баҳонасида Италия шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилдим, қўшни Франция ва Швейцария давлатларига бордим.

Каштачилик цехида меҳнат симфонияси жаранг сочади: қадрдон оҳанглар асло мунгли эмас, аксинча сурурли, шукуҳлидир. Нодиранинг елкадошлари Мукаррам Алимқулова, Масрура Бобоева, Инобатхон Мўйдинова, Гулихон Ирисованинг заргарона маҳоратига ҳамоҳанг зебо, зариф қўшиқлар. Кашта, сўзанага чирой бахш этаётган матонат, тийрак нигоҳларда орзу ва армонлар муштараклиги, қалб қўри билан янада нафис, сержило безаклар...
– Фарғона вилояти ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида қарийб 150 нафар васийликка олинганлар яшайди, – дейди марказ раҳбари Нигора Асқарова. – Улар I ва II-гуруҳ ногиронлари, ўзгалар парваришига муҳтожлар. Бу инсонларнинг ўз олами, рангин дунёси бор. Шу сабабли ҳар бири билан алоҳида ишлаш, дардига малҳам топиш, қувончи-ю ташвишига шерик бўламиз. Жамоа аллақачон битта оилага айланган. Эътибор ва рағбат туфайли биргина жорий йилда марказимиздаги иккита бўлим тўлиқ реконструкция қилинди. Қишки бассейн, кутубхона, тадбирлар зали, ходимлар учун кийиниш ва учрашувлар хонаси таъмирланди. Бундай хайрли ишлар учун 17 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Ҳозирги кунда марказда 100 нафардан ортиқ ходим меҳнат фаолиятини олиб боради. Иш жараёнидан ташқари пайтда доимий равишда тиббий ва психологик муолажалар йўлга қўйилган.
Марказда кулолчилик, электр ускуналарини таъмирлаш, табиий маҳсулотлардан ўйинчоқ ясаш, шолча тўқиш, чарм маҳсулотлари ясаш, каштачилик, тикувчилик цехларида ҳаёт жўшқин. Бу ерда ишловчиларнинг хатти-ҳаракати, тиришқоқлиги тўрт мучаси соғ бўла туриб, боқиманда, лоқайдларга чинакам ибрат.

— Бу ерда яхши дўстлар орттирдим, ҳунар ўргандим, —дейди Шоҳиста Эрматова. —
Айни пайтда ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказидан чиқиб, мустақил ҳаёт кечиришни истовчиларга кенг имкониятлар яратилган. Давлат томонидан кўмак кўрсатиш тизими давомли бўлиши таъминланган. Ўтган йили марказимизда яшовчилардан олти нафари мустақил ҳаёт кечиришга қарор қилди. Шу тарзда марказ рўйхатидан чиқарилган бўлса-да, уларга эътибор ва моддий-маънавий кўмак берилмоқда.
Ҳа, ардоқли шоиримиз айтганидек, ҳаёт кимга асал, қанд берса, баъзи бировларга панд беради. У ҳамманинг ҳам бошини бирдек меҳр билан силамайди. Тинимсиз интилиши, ғайрат-шижоати, матонати билан курашга чоғланганлар шунга муносиб тарзда мукофотланади. Зеро, ҳаёт курашлардан иборат. Ўзини ҳар куни курашга чоғламаган инсон мағлубдир.
Ботир МАДИЁРОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг