Ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш бўйича юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди
Сенатнинг 13-ялпи мажлисида ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, парламент сўровида кўтарилган масалалар юзасидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилган. Хусусан, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича автоматлаштирилган тизим яратилиб, ушбу тизим Адлия вазирлигининг “Notarius”, Ички ишлар вазирлигининг “E-maʼmuriy ish”, Олий суднинг “Adolat”, Кадастр агентлигининг “UzKad” ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.

Бугун ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича судларга инсон омилисиз тўғридан-тўғри автоматик тарзда даъво киритиш мумкин. Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар ҳам онлайн режимда “Огоҳ фуқаро” платформаси орқали ваколатли органга хабар беришлари мумкин.
Шунингдек, Давлат архитектура назорати департаменти ҳамда туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари ходимлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини олиш учун аттестациядан ўтказилган ҳамда махсус гувоҳномага эга.

Сўровда кўтарилган масалаларнинг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 сентябрдаги тегишли қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси зиммасига буюртмачининг техник назорати ва лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини ҳамда пудрат ташкилоти ички назорат тизимининг ишлаши устидан давлат назоратини амалга ошириш ва мониторинг қилиш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган 6 та маъмурий регламентга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш ва қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш вазифалари белгиланган.

Бундан ташқари, Архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг фаолияти рақамлаштирилиб, қурилишга доир лойиҳа-смета ҳужжатларини “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали келишиш тартиби жорий этилган.
Сенаторлар амалга оширилган ишлардан ташқари, ўз ечимини кутаётган масалаларга ҳам эътибор қаратди.

Хусусан, халқаро молия институтлари иштирокидаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини тасдиқлаш ишлари якунига етказилмаган.
Шунингдек, буюртмачи ҳокимликлар бўлган лойиҳаларда ўзлаштириш ҳажми 2,5 трлн сўм ёки умумий лимитга нисбатан 87,1 фоизни ташкил этган. Жумладан, Хоразм (63,5 %), Тошкент (71,7 %) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (73,3 %) паст кўрсаткичлар қайд этилган.

Муҳокама якунида Сенатнинг юқорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этишга ҳамда бу борада парламент назоратини олиб боришга қаратилган қарори қабул қилинди.
Акмал МУҲАММАДОВ, Юнус БЎРИЕВ
(«Халқ сўзи») олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг