Ҳоким ёшлар ҳузурида
Мамлакатимиз раҳбари томонидан ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” бўлиши белгилангач дастлабки кунда Навоий вилояти ҳокими Хатирчи туманида бўлиб, бир қатор муассасаларда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Хатирчи вилоятнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан бири бўлиб, ёшлар бандлигини таъминлаш узоқ йиллардан буён муаммо бўлиб қолмоқда. Вилоят ҳокими давлатимиз раҳбарининг яқинда бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувда илгари сурган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Берилган ҳар бир имкониятдан фойдаланган киши ҳақиқий ватанпарвар бўлади, —деди вилоят ҳокими Нормат Турсунов. — Менделеев олимпиадасида ғолиб бўлган йигитнинг шижоати шунчаки ватанпарварлик эмас, балки жасорат ҳам десак бўлади.
Ёшлар билан учрашувнинг навбатдаги манзили “Навбаҳор” маҳалласи бўлди. Маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлашга, жиноятчиликка қарши курашишга масъул бўлган тегишли раҳбарларнинг амалга оширилган ишлари таҳлил этилиб, ёшлар билан ишлашда янгича ёндашувларга таяниш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, улар билан индивидуал ишлаш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.

Туманнинг “Тошқулоқ” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр қабулда эса “Истиқлол” маҳалласида яшовчи фуқаро Эргаш Тошпўлатов ички йўлларни, “Фидокор” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Дилбар Шералиеванинг 11-сонли мактабга бориш йўлини асфальтлаштириш юзасидан аввалги сайёр қабулда(2026й. 30 янв.) қилган мурожаатлари бўйича масъулларнинг лойиҳа тақдимотлари ўтказилди. Унга кўра “Истиқлол” маҳалласи ички йўлларининг 1 км 400 метри, “Фидокор” маҳалласидаги 11-сонли мактабга бориш ички йўлларининг 1 км 600 метри асфальтлаштирилади. Шунингдек, 30 км ички йўлларни тупроқ ва шағаллаштириш бўйича ҳам махсус техникалар ажратилиб, ҳашар йўли билан ички йўллар таъмирланиши белгиланди.
Тумандаги 1-сон техникумида 725 нафар ўқувчи 7 та таълим йўналишида касб ҳунар ўрганишмоқда. Унинг 1978 ва 2000 йилларда қурилган ўқув бинолари, таъмирталаб ҳамда жиҳозларининг маънан ва техник жиҳатдан ўз муддатини ўтаб бўлган. Техникум ёшлари билан учрашувда ўқув биноларининг таъмирланиши, бўш турган ер майдонида ўқувчилар ва маҳалла ёшлари учун спорт зали қурилиши белгиланди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг