ҲАМАС Исроилнинг урушни тугатиш шартларига кўнмаса, тез кунда улар учун дўзах эшиклари очилади — Исроил мудофаа вазири

11:09 23 Август 2025 Дунё
311 0

Исроилнинг Ғазога уюштирган сўнгги ҳужумлари оқибатида камида 65 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри маълумот берди.

Унда айтилишича, Исроилнинг Ғазога уюштираётган ҳужум кўламини кенгайтириши оқибатида Ғазо шаҳрининг ўзида 37 нафар фаластинлик қурбон бўлган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, жума кунги ҳужумларда камида 12 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳаётдан кўз юмган.

Нашр маълумотларига кўра, Исроил ҳукумати Ғазо шаҳрининг «Шайх Радван» маҳалласида жойлашган мактаб ҳовлисидан бошпана излаётган ўнлаб фаластинликлар ҳаво ҳужумига дучор бўлган. Шунингдек, Исроил мудофаа вазири Исраэл Катс ҲАМАС Исроилнинг урушни тугатиш шартларига бўйсунмаса, Ғазо шаҳри вайрон бўлишидан огоҳлантирган.

«ҲАМАС Исроилнинг урушни тугатиш шартларига рози бўлмаса, Ғазо шаҳри вайронагарчиликка дучор бўлади. ҲАМАС ҳаракати ва жангарилари учун яқин кунларда дўзах эшиклари очилади», деб ёзади мудофаа вазири Исраэл Катс ўзининг «Х» тармоғидаги саҳифасида.

Аввалроқ, 21 август куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Қатар ва Миср воситачилигида қабул қилинган сўнгги сулҳ таклифига жавобан, ҳукумат расмийларига қолган асирларни озод қилиш ва урушни тугатиш учун зудлик билан музокараларни бошлаш тўғрисида кўрсатма берганини маълум қилган.

Шунга қарамай, Нетаньяҳу Исроил ҳарбийларига Ғазо шаҳрини эгаллаш учун бир неча кун ичида бошланиши мумкин бўлган йирик операция ўтказишга рухсат берганини ҳам тасдиқлаган.

«Al Jazeera» мухбири Тариқ Абу Аззоумнинг таъкидлашича, Ғазо шаҳрига кенг кўламли ҳужумлар тинимсиз давом этмоқда.

«Кеча Ғазода яна бир ҳалокатли тун бўлди. Тонгда эса қайғу ва чидаб бўлмас оғриқ ҳукм сурди. Бу оғриқлар тунни ҳудуд бўйлаб қўнғироқ қилиш учун шошилиб ўтказган қурбонларнинг қариндошлари ва фавқулодда ёрдам ходимларининг юзларида кўриш мумкин», дейди журналист Абу Аззоум.

Носир тиббиёт мажмуасидаги манбаларнинг билдиришича, Исроилнинг Хон-Юнис шаҳридаги вақтинчалик бошпаналарга уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида бир аёл ва тўрт нафар бола қурбон бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?