Ҳалоллик хирмоннинг баракасидир

18:09 09 Июнь 2020 Иқтисодиёт
1172 0

Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги «Мустақиллик», «Навоий», «Охунбобоев», «А.Дўсбеков», Оҳангарон туманидаги «Ғаллақудуқ», «Шодмалик», Бекобод туманидаги «Тўйчибой Муҳаммад агро» каби фермер хўжаликларидаги пишиб етилган ғаллазорларда ўрим-йиғим ишлари бошланди.

Вилоятда 2020 йил учун 2 минг 697 та фермер хўжаликлари томонидан 116 минг 100 гектар сувли майдонларда ғалла ҳосили етиштирилди. Ҳудудда ўртача бир гектар майдондан олинадиган ҳосилдорликни 76,3 центнерга етказиш кузда тутилмоқда. Шунда, умумий хирмонга йиғилган қирмизи дон 885 минг 520 тонна тош босади, дея, тахмин қилиняпти. Давлатга 319 минг 528 тонна сара дон, 29 минг 400 тонна уруғлик ғалла сотиш режалаштирилган.
 

Бу йилги мавсумга юқори унумли 356 та ғалла ўриш комбайнлари сафарбар этилади. Донни пешма-пеш хирмонга етказиш ишларига 1 минг 424 та автомашина, 167 та трактор тиркамалари, 48 та кўчма устахона ва 58 та кўчма ЁММ ташиш воситалари бириктирилган.

Вилоят қишлоқ хўжалик тизими мутасаддиларининг маълумотига кўра, 7 июнь куни 156 та комбайнлар ўримга жалб этилиб, бир кунда 640 гектардан 4088 тонна (1,17%), мавсум бошидан буён эса, 1 минг 737 гектар ғаллазордан 10 минг 98 тонна (2,89 %) дон ўриб-янчиб олинган. Бу рақамлар бир гектар майдондан ўртача ҳосилдорлик миқдори 58,1 центнер бўлганлигини кўрсатмоқда.

Ўрим-йиғим мавсумида қатнашадиган барча ишчи-хизматчиларга етарли шароитлар муҳайё қилинди. Жумладан, ўрим комбайнларини узлуксиз ишлаш тизими шакллантирилиб, 1 млрд 600 млн.сўмлик эҳтиёт қисмлар захиралари яратилди.

Ҳосилни тез ва сифатли йиғиштириб олиш жараёнларини муттасил назорат қилиш учун 6 та ЙПХ маскани, 4та чегара ва 6та блок пост, 30та янги назорат кузатув (рўйхатга олиш) постлари, шунингдек, автойўналиш ва дон қабул қилиш шохобчаларида назорат ўтказиш постларида доимий иш режими ташкил этилди. Бу жараёнга 180 нафар ички ишлар ходимлари жалб этилади.

Ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш сомондан тозалаш, шудгорлаш мақсадида ташкил этилган 356 та бўлинмалар ҳам ишга киришди. Чунки, вилоятда ғалла ҳосили тўлиқ ўриб-янчиб олингач, 100 минг гектаридан ошиқроқ майдонлар фермер ва кластерларга сабзавот ва полиз, картошка, дуккакли дон, чорва озуқаси етиштириш учун ажратиб берилади. Ана шу тадбирлар ҳисобига йил охирига бориб, Тошкент вилоятида 1 млн. 671 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Бу рақамлар албатта бугунги ҳисоб-китоблар. Жўжа эса кузда саналади. Хирмондаги барака бугунги ҳалол меҳнатга, режали тадбирга, ҳар бир ҳудуд ҳокимларининг масъулият ва мажбурият юкини деҳқон билан ёнма-ён, елкама-елка кўтаришига боғлиқ.
 

Сабаби, жорий йилда такрорий экинлардан мўл ҳосил етиштириш учун деҳқонларга жами 27 минг 270 тонна минерал ўғитлар ва 11 минг 124 тонна ёқилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш зарурати юзага келмоқда. Бу эса яхшигина молиявий маблағга бориб тақалади. Қолаверса, такрорий экинларнинг юқори ҳосилдорлиги сифатли уруғга ҳам боғлиқ. «Бўстонлиқ картошкачилик маркази», “Bananza trabe export”, “Shukrona agro”, “Baxtiyor ideal biznes” каби масъулияти чекланган жамиятлар бу борадаги барча увол савобни ўз зиммаларига олиш истагини билдиришган. Энди, ҳамма учун битта қоида ва мажбурият қолди — ер ва деҳқонни алдамаслик. Чунки, ҳалоллик бор жойда барака ва унум мужассам. Шунда бу табаррук ва сахий замин бағрида борини деҳқонга инъом қилади. Элнинг эса дастурхони тўкин-сочин, турмуши фаровон бўлади. Бу ота-боболаримиздан бизга қолган азалий қадрият ва бебаҳо меросдир.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер