Ғурур ва илҳом манбаи
Дунёдаги кўплаб давлатларда фаолият юритганман. Ҳар бир мамлакатнинг таълим тизими, маданияти ва тили ўзига хос. Бироқ шундай бир ҳақиқат борки, дунёдаги ҳар бир миллат ҳам ўз она тилида таълим олиш имконига эга эмас. Айрим юртларда болалар ҳатто ўз она тилида эмас, балки бошқа тилда ўқишга мажбур бўлади.
Ўзбекистонга келгач, мен учун энг таъсирли жиҳат шунда бўлдики — бу ерда болалар боғчасидан то олий таълимгача ўз она тили — ўзбек тилида таълим олиш имкониятига эга. Давлат тили сифатида ишхона ва расмий муҳитларда ҳам айнан шу тил қадрланади. Бу ҳолатни кўриб қувондим. Чунки дунёда кўплаб инсонлар ўз она тили бўла туриб, ҳатто оила муҳитида ҳам бошқа тилда мулоқот қилишга одатланган. Ўзбек йигит-қизларининг эса она тилида фахр билан сўзлашлари, бу тилда эркин фикр билдиришлари менга жуда ёқди.
Ўзбек тили нафақат гўзал, балки қалбдан чиқадиган, ҳиссиётни ифода эта олиши билан ҳам аҳамиятлидир. Бу тилда сўзлаганда инсон қалбида самимият, меҳр ва ҳурмат уйғонади. У орқали халқнинг тарихи, маданияти ва руҳи сезилади. Тўғри, ҳар бир тил инсонни ўз миллати билан боғлайди, аммо ўзбек тили бу боғланишни меҳр ва илтифот билан мустаҳкамлайди.
Ҳар бир тил миллатнинг юраги, унинг маънавияти ва тарихини ифода этувчи бебаҳо хазинадир. Шу маънода, ўзбек тили ҳам жаҳон тиллари қаторида муносиб ўрин эгаллайди. Унинг бой луғати, сўз бойлиги ва мусиқий товушлари орқали халқнинг маданияти, маърифатга интилиши ва меҳр-оқибати намоён бўлади. Бугун ўзбек тили нафақат мамлакат ичида, балки дунё миқёсида ҳам ўз ўрни ва аҳамиятини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.
Ўзбек тили — бу юртнинг ифтихори. Уни асраш ва улуғлаш эса ҳар бир фуқаронинг бурчи, деб ўйлайман.
Аббей Марсден,
Андижон шаҳридаги Президент мактабининг кимё фани ўқитувчиси,
“Дўстлик” ордени соҳиби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Саида Мирзиёева Брюсселда Европа Иттифоқи комиссари билан учрашди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг