Гулираъно танлаган йўл

16:29 03 Октябр 2023 Жамият
1299 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тошкентдан юзлаб километр йўл босиб, Фарғона вилоятининг Риштон туманига етиб келдик. Оддий қишлоқ қизи, деҳқон оиласида вояга етган, олий маълумотли олим-агроном Гулираъно Холиқовани излаб Қайрағоч қишлоғи томон шошамиз. Йўл-йўлакай сўраб-суриштириб, у меҳнат қилаётган дала шийпонини топдик.

Чамандек очилган пахтазорда теримчи хотин-қизларнинг шўх-шодон овозлари эшитилди. Улар орасида шўх-шаддодлигию ғайрат-шижоати юз-кўзидан шундоққина билиниб турган Гулираъно ҳам бор экан. Учрашдик, суҳбатимиз тезда қўр олди.

Гулираъно Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўқиган. 2021 йилда аъло хулқи, намунали билими туфайли Беруний номидаги давлат степиндиясига сазовор бўлди. 2021-23 йилларда ушбу ОТМнинг магистратурасида давлат гранти асосида таҳсил олиб, олим-агроном мутахассислигини эгаллади. Ва қадрдон қишлоғи Қайрағочга отаси Йўлчибой ака ёнига қайтиб, “Холиқов Йўлчибой” фермер хўжалигига раҳбар бўлди.

Бошида унга “Гулираъно, сен институтни битириб, магистратурада ўқиб, шунча билим билан фермер хўжалигини бошқарасанми, каттароқ лавозимда ишласанг бўлмайдими?” деганлар ҳам учради. Унинг жавоби шундай бўлди: “Фермерлик шундай катта лавозимки, уни фақат билим билан бошқариш керак, номига фермер бўлиб, ишни эплай олмай мулзам бўлиб қолганлар қанча?”

Кейинчалик одамлар бу борада Гулираънонинг ҳақлигига амин бўлишди. “Фермер бўлиш учун нафақат институтни, балки магитратурани ҳам битириш керак экан”, дейишди улар. Гулираъно эса ўз сўзини меҳнат билан, мўл ҳосил ва сифатли пахта хомашёси етиштириш билан исботлади.

— Гулираъно кенжа қизим, ўғлим бўлмаса-да, унинг ғайрати ва шижоати ўн ўғилга татийди, — деди Йўлчибой Холиқов. — Мен унинг тиббиёт ходими бўлишини истагандим, лекин у шу оғир меҳнат йўлини танлади. Ҳозир катта бир хўжаликни бошқараяпти. Ишлагандаям илм билан, инновация билан меҳнат қилаяпти. Ўқиганнинг нони ҳалол экан. Буни қизим мисолида кўриб, сезиб турибман. Талабалик йилларидаям таътилни далада ўтказарди. Институтда ўрганган билимларини шу ерда, эгат оралаб амалиётда синади. Ўзи трактор ҳайдаб, ғўза қатор ораларига ишлов берди. Куз-қиш ойларида далаларнинг шўрини ювишдан тортиб, буғдой сепиш, баҳорда ерга чигит қадаш жараёнларида ҳозир бўлди. У мунча ғайратни қаердан олаётганига ҳайронман...

Гулираъно отаси ишлаётган далаларга илмни олиб киргани рост. Экилаётган пахта навларини янгилагани ҳам бор гап. Агротехник ишлов мавсумида минерал ўғитлардан нисбатан камроқ фойдаланиб, маҳаллий ўғит ва инновацион технологияни кенг қўллади. Сув тежаш технологияларидан ҳам фойдаланди. Натижада ҳосилдорлик йил сайин ошиб борди. Унга ҳавас қилувчилар кўпайди, тажриба алмашиш учун келувчиларнинг қадами узилмади.

Ёш қизнинг ютуқларини эшитгач, олтиариқликлар фахри бўлган, пахта устаси Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова ҳаётлик пайтида вақт топди дегунича, “ғиз” этиб, Олтиариқ далаларига туташ Риштоннинг Қайрағоч қишлоғига етиб келарди. Ҳар гал Гулираънони уйидан эмас, даласида, иш устида, трактор рулида ёки эгатларга сув тараётганлар ёнидан топарди. “Сен қиз ўт-оловсан, мендан-да ғайратлироқ чиқдинг. Янги Ўзбекистонга сендай ғайрату шижоатли ёшлар жуда-жуда зарур. Чунки қўлинг пахта меҳнатида қадоқ бўлди, жуссанг шу далаларда улғайди, фарғоналик пахта усталарининг ойдин йўлини танлаб адашмадинг. Худо хоҳласа, ҳалол меҳнатинг ва билиминг сени тез кунларда элга танитиб, камолга етказади”, дерди ҳаяжонини яширолмай Лола опа.

— Устозим Лола опадан кўп маслаҳатлар олдим, деҳқончиликнинг сир-асрорини ўргандим. У киши далалар билан, ғўза ниҳолларию буғдой майсалари билан тиллашишни биларди. Бир зумда оддий қишлоқ кишилари, деҳқонлар қалбини уқиб олиш санъати бор эди унда. Меҳнатида эр кишига хос мардлик, жасорат ва ҳалолик ҳукмрон эди. Шу боис, даласидаям ишидаям барака бор эди, — дейди Гулираъно Холиқова.

Гулираъно ҳар қарич ерни эъзозлаб, эгат оралаб пахта тераётган қишлоқ аёллари билан тил топишиб меҳнатдан барака топмоқда. Шу боис унинг пахта хирмонида ҳам, буғдой уруғи қадалаётган далаларида ҳам файз бор, барака бор.

— Бу йилги ҳосилимиз янада баракали бўлди, худо хоҳласа гектаридан 51 центнердан пахта хомашёси териб оламиз, — дейди у.

“С 8290” нави экилган пахтазор чамандек яшнаб ётибди. Бир юз эллик нафар теримчи иштирокида кунлик режа ошиғи билан бажарилаётир. Бу йилги ғалланинг ҳам хирмони баракали бўлди. Ҳар гектар майдондан 90 центнердан қирмизи дон ўриб олинди.

Бундан ўн йил олдин бу ерлардан ошиб борса 30-35 центнердан пахта, 50-60 центнердан ғалла йиғиштириб олинган. Аммо меҳнат бору рағбати йўқ эди. Фермерлик азобу уқубатларга тўла йиллар эди-да. Етиштирилган ҳосилнинг пулини ололмасдан оввораю сарсон юришарди. Президентимиз бошлаган ислоҳотлар туфайли кластер тизими яратилди. Қишлоққа саноат кириб келди, одамлар иш билан таъминланди. Деҳқон елкасига ортилган юк олиб ташланди, қўли пул кўрди. Фермерлик, тадбиркорликка кенг йўл очилгани боис, ўша йиллари ширин туш бўлган орзулар, бугун ҳақиқатга айланди. Меҳнат қилган элда азиз бўлмоқда.

— Мақсадлар юксак, фаолиятимизни янада ривожлантириб, кенг тармоқли хўжаликка айлантириш ниятидамиз, — дейди Гулираъно Холиқова. — Ҳозирда 40 уя асалари парваришлаяпмиз, келгуси йилдан унинг сонини 100 тага етказамиз. Ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Балиқчилик, чорвачилик тармоқлари учун имтиёзли кредит олиб, янги иш ўринлари очамиз. Қишлоқ ёшларини, аёлларни иш билан таъминлаймиз.

Қишлоқдошларининг айтишича, фермер қиз эл дарди билан яшамоқда. Ёшларни иш билан таъминлаш, етимлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “темир дафтар”га киритилган қишлоқдошларига имкон қадар ёрдам кўрсатиш Гулираъно учун қатъий мақсадга айланган. Шу боис, бу йилги ғалла ҳосилидан эҳтиёжманд оилаларга буғдой тарқатилди. Ҳозирда ҳар бир аёл учун кунлик терим пулига қўшимча равишда фермернинг шахсий ҳисобидан ёғ улашилмоқда. “Обод маҳалла — обод кўча — обод хонадон” тамойили бўйича амалий ишларда фаол иштирок этиш унинг галдаги режаларидан бири саналади.

— Фермер ва тадбиркор бой бўлса, эл обод, Ватанимиз қудратли бўлади. Президентимиз илгари сурган бу эзгу ғоя бизга катта куч бераяпти, қанот бўлмоқда. Натижага эришиш, аввало, инсондан ўз олдига мақсадни тўғри қўйишдан бошланади. Сабр-тоқат ва ҳалол меҳнат эса, албатта, ўз самарасини беради, — дейди фермер биз билан хайрлашар чоғида.

                                               

 Шодиёр МУТАҲАРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер