Гул бир ён-у, пул бир ён
Ҳар ким ҳам ширин сўзнинг гадоси. Айниқса, аёллар. Бу сўзим камситиш маъносида қабул қилинмасин-у, азбаройи, мен билан бир неча марта содир бўлган воқеалардан олинган ҳаётий хулосага таянган ҳолда буларни баён қилмоқдаман.

Кузакнинг ажойиб кунларидан бирида ҳамкасб опамиз бир дона атиргул тутиб ишга келди. Кайфияти чоғ, бахтдан жуда масрур эди. Шу куни раҳбаримизнинг ўтказган йиғилиши ва унда маломат эшитганимиз ҳам эсимиздан чиқиб кетди. Чунки опа бутун жамоамизни бахт қуёшининг илиқлиги билан эритгандек эди, гўё. Беихтиёр шоирнинг сатрлари дилдан тилга кўчди: уйида бахти борлар ҳар жойда бахтиёрдир. Яна бир сатр келади: сиз мен учун гул узмагансиз...

Йўқ, дейман иккинчи сатрга – иккинчи фикрга ўзим эътироз билдириб. Юртимиз аёллари ҳамиша гул тутиб, гулдай очилиб юрибди-ку, ахир. Айниқса, яқинда нишонланган Халқаро хотин-қизлар куни арафасида. Тан олайлик, байрам баҳонасида гулчиларнинг “куни туғди”. Нимасини айтасиз, аёлларимизга гул, гулчиларимизга пул тутаверайлик. Шунда оилада бахт, пировардида, ишда унум бўлади.

2023 йил 23 октябрдаги “Гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорининг эълон қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу бўлса, ажаб эмас. Қарор ижроси доирасида Тошкент вилоятида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини ривожлантириш, шу жумладан, гул етиштиришда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қарорга мувофиқ, туманларда гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қибрай тумани мисолида жараён таҳлил қилинса, бугунги кунда туманда 14 минг гектардан зиёд қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ер майдони мавжуд бўлса, бу майдоннинг қарийб 140 гектарида иссиқхоналар барпо этилган. Айнан иссиқхоналарда сабзавот ва кўкатлардан ташқари гул парвариши ҳам ривожланган.

— Иссиқхоналаримиз замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, Нидерландия ва Италия тажрибаси асосида гул кўчатлари парваришланади, — дейди “Баҳор гуллари” корхонасининг ишлаб чиқариш бўйича директори Рудольф Миллер. — Бу ерда етиштирилган ва парваришланган гуллар нафақат ички бозорни таъминлайди, балки Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига ҳам экспорт қилинади. Яқин келажакда маҳсулотларимизни Араб кўрфази ва Европа давлатларига етказишни ташкил қилиш истиқболи ишлаб чиқилмоқда.

“Баҳор гуллари” корхонасида манзарали кўчатлар ҳам парваришланади. 100 гектардан зиёд очиқ ер майдони ва 5 гектар ҳудудда иссиқхонаси мавжуд бу йирик корхонада 600 турдан зиёд манзарали кўчатлар парваришланаётган бўлса, эндиликда улар сафи 25 турдаги хонаки гуллар билан кенгаймоқда.

Салкам етти юз киши доимий ва даромадли иш билан таъминланган мазкур корхона фаолияти билан яқиндан танишган киши яна бир шеърий сатрни тилга олиши табиий: гул бир ён, чаман бир ён. Бозор иқтисодиёти шароитидан келиб чиққан ҳолда ишбилармонлар бу сатрга жузъий ўзгартиш киритадилар: гул бир ён-у, пул бир ён.

Дарҳақиқат, амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, эълон қилинаётган ҳар бир қарор ва ишлаб чиқилаётган ҳар бир дастурнинг туб замирида инсон қадри ва унинг манфаати ҳамда доимий даромади мужассам. Шу маънода қибрайликларнинг гулчиликда тўплаган тажрибаси хорижий сармояси асосида уларнинг рўзғорига даромад киритяпти, дейиш мумкин.
Отабек ИСРОИЛОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди
- Уюшган жиноятчилик ва кибержиноятларга қарши курашиш такомиллаштирилади
- АҚШ Ҳўрмуз бўғозида кемаларни кузатиб боришни бошлаши мумкин
- 14 март куни кузатиладиган об-ҳаво прогнози эълон қилинди
- Қийинчиликларда тобланган, ички куч ва оғриқларни жиловлай олган — «Инсон»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг