Гўшт арзон бўлади, аммо...

Абдунаби АЛИҚУЛОВ/«Халқ сўзи».
Муаммо ва ечим
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг кузатишларидан маълум бўлишича, жаҳонда гўшт нархининг ошиши глобал миқёсда кузатилмоқда. Бунинг сабаби аниқ: аҳоли кўпаймоқда, йирик импорт қилувчи давлатларда гўштга бўлган ички талаб ошиб боряпти. Чорвачиликка илмий-инновацион ёндашилаётган бўлса-да, чорва озуқаси таъминоти, парваришлаш ва транспорт харажатларининг ортиши нархга салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Биргина товуқ гўшти мисолида айтганда, унинг нархи охирги бир йил ичида қўшни Қозоғистонда 4,7 фоиз, Россияда 9,7 фоиз ошган.
Юртимизда ҳам кейинги пайтда гўшт нархининг қимматлаб бораётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти. Негаки, аччиқ бўлса-да, айтиш керак, гўшт баҳоси аҳоли даромадига нисбатан олганда бирмунча баланд.
Янги механизм – барқарор нарх
Шу йил 16 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари гўшт нархи масаласига алоҳида тўхталар экан, мутасаддилар олдига гўшт, сут, парранда гўшти ва тухум нархининг кескин ошиб кетмаслиги, янги механизм асосида нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича қатъий вазифа қўйди. Шубҳасиз, бу юртдошларимизнинг айни дилидаги гап бўлди.
Амалиётга жорий қилинаётган янги механизмга кўра, эндиликда корхоналарга ҚҚСнинг ярми бир кунга ҳам кечиктирилмасдан кэшбек сифатида қайтарилади. Бу эса улар «соя»дан чиқиб ишлаши, гўшт, сут, парранда гўшти, тухум сингари кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб кетмаслигида рағбатлантирувчи омил бўлади, албатта.
Хўш, халқ манфаати, аҳоли харид қобилиятини яхшилаш йўлида кўрилаётган бундай ҳаётий чора-тадбирлар жойларда қандай кутиб олинди? Бунинг самаралари амалда сезиляптими?
– Президент топшириғи ўша куниёқ бизга етказилганди, – дейди Хоразм вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шерзод Абилов. – Вилоятимиз ҳокими ҳамда қўмитамиз раиси йиғилиш ўтказиб, чорвадор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали гўшт нархи ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган янги механизм мазмун-моҳиятини тушунтирди. Шу асосда кундалик иш режамизни янада такомиллаштирдик. Ўша куни кэшбек берилишини бошқарманинг Телеграм каналида ёзгандик, бирпасда 650 нафардан зиёд чорвадору паррандабоқарлар «зўр-ку», дея муносабат билдирибди. Ҳатто айримлар «Наҳотки, ростданми?!» дея изоҳ қолдирган.
Албатта, мўл-кўлчиликка эришмоқ, дастурхонимиз тўкинлиги жойлардаги мутахассисларнинг шижоатига боғлиқ. Негаки, ўтган йил вилоятимизда 191 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилган, жорий йил якунига бориб бу рақам 207 минг тоннадан ошади. Бунда парранда гўштининг салмоғи 30 минг тоннани, балиқ 35 минг тоннани ташкил этади. Агар келгусида ҳар бир туманда 10 тадан йирик чорвачилик, бўрдоқичилик фермаларини йўлга қўя олсак, тадбиркорларимиз паррандачиликка жиддий эътибор қаратишса, балиқчилик йўналишидаги лойиҳаларимиз натижа берса, гўшт қимматлашуви билан боғлиқ муаммо Хоразмни буткул тарк этади. Бугун ана шу ният билан Президентимизнинг даъваткор сўзларидан руҳланиб, ҳаловатдан кечганмиз.
Чорвадорнинг дарди нимада?
Энди чорвачилик маҳсулотларининг ўзаги саналган гўшт ва унинг нархи, ишлаб чиқариш харажатлари, бу неъматни кўпайтиришга тўсиқ бўлаётган ҳолатларга эътибор қаратсак. Аввало, мана бу рақамларни бир таҳлил қилайлик.
Тўғри, кейинги йилларда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан чорвачилик соҳасига оид қатор Фармон ва қарорлар эълон қилинди, қорамоллар бош сонини кўпайтириш, наслини яхшилашга, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларни изчиллик билан ривожлантиришга жиддий киришилди ҳам. Бу борада хорижий давлатлар билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Масалан, Жаҳон банки, халқаро молиявий ташкилотлар кўмагида чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш учун халқаро кредит линиялари очилди. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бу борада асосий ижрочи вазифасини бажармоқда ва яқинда Япония давлати билан 152 млн. долларлик янги лойиҳа бошлаб юборилди.
Наслчилик борасида янгиликлар кўп, қўмитага қарашли наслчилик маркази чуқур музлатилган ва замонавий тарзда қадоқланган зотдор буқа уруғларини республикамиз бўйича узлуксиз етказиб бермоқда. Соҳага илмий асосланган инновацияларни жорий этиш борасида Жанубий Корея мутахассислари билан ҳамкорлик натижалари ҳам кўзга ташланмоқда. Энг муҳими, Мўғулистон давлати билан 2025 – 2027 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастурининг имзоланиши, юз минг бошдан ортиқ майда шохли ҳайвонлару яйлов экинлари уруғларини импорт қилишга келишилгани эътиборга молик. Бу саъй-ҳаракатлар жорий йил якунига қадар жами гўшт ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилдаги 2,9 млн. тонна эмас, балки 3,1 млн. тоннадан ошириш имконини яратади.
– Республикамизнинг жанубий вилоятларида гўшт кўп истеъмол қилинса-да, бу маҳсулотнинг асосий савдо ўчоғи пойтахт бозорларидир, – дейди пойтахтнинг «Чорсу» бозорида гўшт бизнеси билан шуғулланаётган тадбиркор Лазизбек Ҳакимов. – Кузатишимча, кунига «Чорсу» бозорига камида ўнта махсус музлаткичли автомашиналарда гўшт киради ва ҳаммаси сотилиб кетади. Бу – кам эмас, кўп эмас 200 тонна гўшт, дегани. Унинг асосий қисми аҳоли ихтиёридаги қорамолу қўй-эчкиники, аммо яширадиган жойи йўқ, кейинги пайтларда қишлоқда одамларнинг томорқасига беда эктирмай қўйишди.
Лазизбек Ҳакимов шу мамлакат фуқароси, жонкуяр инсон сифатида Конимехнинг Боймурод деган жойида тўрт минг бош қўйни кўпайтиришга киришганини ҳам таъкидлади.
– Чорвадорнинг дардию муаммоси нимада, ҳаммасини биламан, – дейди Лазизбек. – Шу йил бошида Мўғулистонга бордим, ҳолатни ўргандим, наслли қўйлардан ҳам олиб келдим. Аслида, бу давлат раҳбарининг ташаббуси эди ва бугун Конимех иккинчи Мўғулистонга айланиш арафасида, аммо ўшанда ҳар бош қўйнинг импорти 200 – 250 доллардан тушган, айримлар буни анча қиммат, деганди. Бугун-чи? Бозорда зотдор молу қўйнинг нархи чўнтакни «куйдиради».
Ҳажм ҳам ошди, таннарх ҳам
Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда юртимизда чорвачилик соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида мулкчиликнинг турли шаклига тегишли фермаларда қорамоллар бош сони икки баробар, ишлаб чиқарилаётган чорвачилик маҳсулотлари ҳажми эса уч баробар ошган. Шу йил бошига келиб йирик шохли қорамоллар сони 14,3 млн. бошдан кўпайган. Наслчилик корхоналари сони 400 тадан 1900 тага етказилган бўлса, зоти яхшиланган қорамоллар улуши 30 – 35 фоиздан 70 – 75 фоизга кўтарилган. Ижтимоий тармоқларда бу масалада турли фикрлар, таклифлар баён этилмоқда.
– Агар дунё мамлакатларидаги гўшт нархига разм солсак, бир кило гўшт баҳоси Швецияда 46,2 доллар, Исландияда – 38,86, Жанубий Кореяда – 28, Беларусда – 6 – 8, Қозоғистонда – 7 – 11 ва Тожикистонда 8 – 10 доллар, – дейди таниқли олим, чорвачиликда озиқлантириш масалалари бўйича халқаро эксперт Дилшод Йўлдошев. – Кўриб турганингиздек, рақамлар орасидаги фарқ жуда катта, бу ўз-ўзидан аҳоли даромадининг ҳар хил экани билан ҳам изоҳланади. Қаерда гўшт қиммат экан, ўша жойда аҳоли даромади беш – ўн карра юқори, нарх билан боғлиқ ўзгарувчанлик ҳам кузатилмайди.
Аслида гўшт нархини бошқа жойлардаги нархлар билан эмас, ўша мамлакатдаги аҳоли даромади билан солиштириш керак. Швецияда одамлар 1 кг. мол гўшти учун 46 доллар тўлайди, лекин бу уларнинг ойлик даромадининг атиги 1 фоизи. Ўзбекистонда эса ўртача тўрт кишидан иборат оила бир ҳафтада 1 кг. гўшт истеъмол қилса, бу – 3-4 миллион сўмлик ойлик маошнинг тахминан 10 – 13 фоиз қисмини гўштга сарфлайди, деганидир. Шу тариқа «арзон» деган гап тилимизга чиқмай «бўғилади».
Ўз-ўзидан аёнки, аҳоли даромадини бирданига Швеция ё Жанубий Корея даражасига чиқариб бўлмайди, бу имконсиз. Шундай экан, гўшт нархини аҳоли чўнтаги кўтарадиган даражага тушириш, жуда бўлмаганда мўътадил бўлишига эришмоқ зарур.
Энг катта муаммо – озуқа
Олимлару мутахассислар эътироф этганидек, асосий масала озуқа таъминотининг пастлигида, чорвага ем-хашак етиштирадиган ерлар кам, борларининг ҳам унумдорлиги юқори эмас. Ва яна кимдадир ер бору мол йўқ, бошқаларда мол бўлса, ер йўқ. Бу масала туманларда ўрганилган, ҳаммаси кундай равшан, аммо муаммо ечилмай муаллақ қолмоқда. Ахир мол тирик жон, унинг кўпайиши, соғлом ўсиши доимий озиқлантиришга, илмий асосда наслчиликни йўлга қўйишга боғлиқ. Сунъий уруғлантириш керак, аммо бу борада ҳам озуқа етишмаса, сохталик рўй беради.
– Ҳовлим 21 сотих, ярмида уй-жойим, қолган қисмида молхонам бор, – дейди Ўзбекистон туманида яшовчи чорвадор Низомжон Абдуллаев. – Ҳид чиқмасин, дея деворларни баланд кўтарганмиз. 20 бош сигирни бузоғи билан боқяпман. Фермерлар «илик узилди» пайти, яъни февралнинг охирларида пулга муҳтож бўлади, сўраб келишади, олдиндан пул бераман хашак, беда пичани учун. Кучли озуқаларни қўқонлик тадбиркор йигитлар «Ака, пулини кейинроқ, молингизни сотганда берсангиз ҳам майли», деб ташлаб кетишади. Чорвадан чиққан гўнг ҳам пул, бу маблағ ҳам озиқлантиришга сарфланади. Шу сабабли, озуқа таъминоти менда яхши, аммо қўшниларим озуқа қиммат, ер йўқ, дея мол боқмай қўйди.
Фикримизча, бугун бўрдоқичилик асосида гўшт етиштиришга, илмий асосларда зотдор чорвачилик билан шуғулланиш масаласига тадбиркорлару амалдорлар ҳам жиддий эътибор бериши керак. Токи, бу муаммо камбағалликни қисқартириш борасидаги давлат сиёсатининг илдизига болта урмасин. Ахир, бозорнинг арзон бўлиши барчанинг рўзғорига барака киритади-да.
– Туманимиздаги «Сиёб Шавкат Орзу» фермер хўжалигининг 3340 бош зотдор қорамоли, 3 та паррандачилик фабрикаси бор. Ҳазилакам гап эмас бу. Ўзингиз ўйланг, 3 340 бош зотдор қорамолни боқиш тугул, сақлашнинг ўзи мушкул. Фермер ўтган йил истеъмолчиларга 11,5 минг тонна сут, 24 100 тонна гўшт етказиб берди. Отасига раҳмат! Шунча чорвани қандай эплаяпти, билмадиму, аммо фермер озуқа учун ажратилган 620 гектарнинг ҳар қаричидан унумли фойдаланади. Қани энди мана шундай чорвадорлару ишлаб чиқарувчилар ҳар бир туманда камида ўн нафардан бўлса, – дейди Тойлоқ тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Рустам Ҳайдаров. – Афсуски, бу ниятлар орзулигича қолмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистонда 4 та туман чорвачилик туманига айлантирилди ва мамлакатимизда бу соҳада минглаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Нуробод, Оҳангарон, Қўшработ сингари туманлар ҳам чорвачилик ҳудудларига айлантирилган, аммо ўша манзилларда чорвачилик билан боғлиқ катта ўзгаришлар рўй бердими? Ушбу чорвадор туманларнинг республикамизда ялпи гўшт ишлаб чиқариш кўрсаткичларидаги улуши қониқарлими? Афсуски, йўқ. Нега шундай денг, «Кучли озуқалар қиммат, электр энергияси ва ёнилғи-мойлаш материаллари нархлари кескин ошган, мол боқиш, гўшт ишлаб чиқариш қийинлашиб кетяпти», дейди чорвадорлар.
Ишончли манбаларга кўра, республикамизда кучли озуқага бўлган талаб юқорилиги, озуқа етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги туфайли чорва молларининг озуқа билан таъминланиш даражаси бор-йўғи 35 – 40 фоизни ташкил этмоқда. Мана, сизга энг катта қусур. Қолаверса, кейинги тўққиз ой ичида энг керакли озуқа саналган шрот 3 минг сўмдан 7 минг сўмга, шулха 2 800 сўмдан 4 минг сўмга, омихта ем 2 900 сўмдан 3 700 сўмга, буғдой 2 200 сўмдан 3 000 – 3500 сўмга, маккажўхори силоси 500 сўмдан 900 – 1000 сўмга, прессланган сомон 15 минг сўмдан 25 минг сўмга, беда боғлами эса 25 минг сўмдан 45 минг сўмга ошган. Бу нарх вилоятлар бўйича турлича, аммо озуқаларга бўлган талаб ҳам, нарх ҳам ошаётгани аниқ.
Уловидан тушови қиммат
Гўшт деганда, кўпчилик фақат мол ва қўй гўштини тушунади. Паррандаю қуён, балиқ маҳсулотлари ҳам инсон саломатлиги учун жуда-жуда керак. Бу тармоқлар ҳам гўштга бўлган умумий талабга сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсата олади. Аммо бу тармоқлардаги муаммолар ҳам озуқа билан боғлиқ, натижалар ҳам мақтайдиган даражада эмас. «Уловидан тушови қиммат» деганидек, одамларнинг ҳовлисидаги товуқлар ҳам камайиб кетяпти.
– Ёдингизда бўлса, бундан беш-олти йил илгари камбағалликни камайтириш ниятида жойларда одамларга парранда тарқатилди, қорамол берилди, энди бу оила ночорликдан халос бўлади, дейилди. Қани, ўша хайрли ишлар натижаси? Озуқа етиштириш, уни топишни билмаган, чорвага меҳри уйғонмаган ночор оила бошлиғи озуқасиз қантарилган жониворни сўйдию қозонга ташлади. Бир эмас, ўн эмас, юз минглаб ҳолатда шундай бўлди. Бугун барчаси ошкор бўлди, дард юзага чиқди, иситмаси ошкор қилди, – дейди Қарши туманилик фермер Арзиқул Тоғаев. – Буёғини сўрасангиз, бизда ҳам озуқа муаммо. Ўн йилдирки, чорва боқай, менга ўз хўжалигимдаги пайкалда беда, макка экиш учун рухсат беринглар, дея идорама-идора юрибман. Натижа йўқ ҳозирча.
– Гўштга бўлган талабни балиқ маҳсулотлари, қуён гўшти етиштириш орқали камайтирса бўладими? Албатта. Менимча, балиқ истеъмоли ва унинг фойдаси ҳақидаги тиббий тарғиботни янада кучайтириш керак, – дейди таниқли тиббиёт олими, педиатр, хусусий клиника асосчиси Шавқиддин Жўрақулов. – Бу маҳсулот таркибида инсон организми учун, айниқса, бош мия учун энг зарур бўлган элементлар кўп. Боғчаларда, мактабларда балиқ маҳсулотлари истеъмолини ташкил эта олсак, аҳолининг саломатлиги бугунгига нисбатан икки-уч карра ошади, муҳими, болалар иммунитети юқори бўлади. Балиқдан тайёрланган неъматларга меҳр қўйган болалар орасидан зукко одамлар, даҳолар етишиб чиқиши ҳам илм-фанда ўз исботини топган. Бундан ташқари, балиқ гўшти юрак-қон томир касалликларида, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, тери касалликлари, подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти сустлашганда кони фойдадир. Болалар балиқдан тайёрланган таомларни истеъмол қилиши натижасида рахит, соч тўкилиши, бўқоқ дардларидан фориғ бўлади. Шу боис ҳам бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида балиқ маҳсулотларига нафақат озиқ-овқат, балки шифобахш маҳсулот сифатида ҳам қаралади ва аҳолининг йиллик балиқ истеъмоли ўртача 18 – 20 килограммни ташкил этади. Аммо бизда бу кўрсаткич жуда паст, киши бошига йилига ўртача 6 килограммга тўғри келмоқда, холос.
Парранда бизнеси орқали иқтисодини ўнглаб олган тадбиркор Умид Бозорбоевнинг сўзларига қараганда, қишлоқда яшасангу ҳовлингда беш – ўнта товуғинг бўлмаса уят. Озуқа қиммат маҳали бу осон эмас, аммо ўрганиб қолганмизда. Қолаверса, уйга меҳмон келиб қолсаю уйда гўшт бўлмаса, битта товуқни сўясиз, дастурхон обод. Бу тадбиркор бундан ўн йиллар аввал самарқандлик тадбиркорлар билан ҳамкорликка киришиб, бройлер жўжалар савдоси билан шуғулланган. Минг бошдан ортиқ бир кунлик бройлер жўжалар бирпасда сотилиб кетарди. Ўшанда Умиджон бу бизнесга қишлоқдаги кўпчиликни жалб этган, фойдаси аниқ эди, миттигина жўжа бир ойдаёқ икки ярим кило тош босадиган товуққа айланарди. Орадан вақт ўтиб озуқа нархи кўтарилгач, харидор йўқолди.
Импорт масалага ечим бўлолмайди
– Бугун айрим тадбиркорлар тирик мол эмас, асосан, гўшт импорт қилишга астойдил интилмоқда. Бу муаммонинг ечими эмас. Ўзимизда чорва бош сонини кўпайтириш, зотини яхшилашни мақсадга айлантиришимиз керак, – дейди Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтининг Оҳангарон бўлими раҳбари, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Нуриддин Рўзибоев. – Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан икки-уч йилдирки, четдан зотдор қўйлар, эчкилар ва бошқа жониворларни олиб киришга жиддий киришилди. Зотни яхшиланг, беш – ўнта жайдари мол боққунча, битта бўлсаям насллисидан парваришланг, ана шунда соҳада сут ҳам, гўшт ишлаб чиқариш ҳам кўпаяди, деган таклифлар юқори минбарларда айтиляпти. Бу фикрни аҳоли ўртасида ҳам тарғиб этяпмиз. Айни чоғда эса институтга қарашли 350 бошдан ортиқ гўштдор-сержун зотдор қўйлар Оҳангарон яйловларида боқиляпти. Мақсад гўшт-дор, маҳаллий шароитга мослашган янги қўй зотини яратишдан иборат. Бу борадаги илмий ишларимиз ҳам ҳадемай ўз натижасини намоён этади, бироқ барибир аччиқ бўлса-да айтиш керак, аҳолини чорвачилик билан кенг шуғулланишга, жониворлар бош сонини кўпайтиришга рағбатлантирмасдан туриб кутилган натижага эришиб бўлмайди.
Энди мана бу таклифга эътибор беринг-а.
– Ғалла ўрим-йиғимида иштирок этиб кўрдимки, ҳосилдорлик юқори, гектаридан 70 центнергача дон чиқяпти. Айрим фермерлар 60 тоннадан ортиқ ғаллани ҳовлисига тушириб оляпти, – дейди Жомбой тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ботир Душанов. – Қойил, дедим, меҳнат қилибдими, ҳалоли бўлсин. Кузатсак, одамлар дон қатори сомонга ҳам ўч, фермернинг даласига кўз тиккан. Чунки ҳовлисида озми, кўпми чорваси бор-да. Ем қиммат, деган одамларга эса гидропоника усулида ем тайёрлаб жониворга беринглар, деймиз. Бир кило дон пайкалнинг бошида 2500 сўм турса, уни махсус жойда ўстириб майсага айлантирсангиз 6 карра кўпаяди. Махсус ускунада ярим боғ сомон, тополсангиз ярим боғ бедани бир тоғора майса билан аралаштириб янчинг, буқа тугул сигиру бузоқни ҳам семиртириб юборадиган озуқага айланади. Эътибор беряпсизми, бир кило буғдой қарийб олти карра кўпайди, сомон ҳам ем таркибига кирди. Таннархни айтинг, бир кило тўйимли ем – беш юз сўм. Агар буни оммавий суръатда ташкил эта олсак эди...
Ботир Душановнинг таъкидлашича, бундан 15 йиллар илгари ҳар бир туманда республика чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари уюшмасининг ўнлаб ем сотиш шохобчалари узлуксиз ишлар, аҳоли бу шохобчалар орқали чорва молларию паррандасига керакли бўлган кучли озуқаларни бозордагидан анча арзон нархда сотиб оларди ва бу, ўз навбатида, одамларни чорвани кўпайтиришга рағбатлантирарди. Ушбу тамойилни яна қўлласак бўлмайдими?
– Айтайлик, республикамизда чорва озуқаси таъминоти билан шуғулланадиган алоҳида идора ташкил этилсаю унинг зиммасига гидропоника усулида ем тайёрлаш, аҳолига бу маҳсулотни етказиб бериш, керак бўлса, чорванинг илмию амалиётидан сабоқ улашиш вазифаси юклатилса, – дейди Ботир Душанов. – Агар бу идора ўзини ўзи боқадиган ташкилотга айланса, ҳар бир туманда 20 – 30 тадан шохобчаси ишлаб турса, натижа яққол кўринади. Устига-устак, юз минглаб қишлоқ ёшлари янги иш ўрнига эга бўлади. Шохобча томонидан тайёрланиб, аҳоли ё тадбиркорнинг эшигига қадар етказиб бериладиган емнинг ҳар килоси (гидропоника хизмати билан) 500 сўм эмас, икки карра ошиб минг сўмга борганда ҳам ёмон бўлмайди. Бундай қулайликни, ташаббусни ҳовлисида қорамолу қўй-эчки, парранда боқаётган одам қарсак чалиб кутиб олади. Бу таклифдан мақсад, арзончилик бўлсин дейман, гўшт қимматласа, камбағаллик балоси биздан нари кетмай қолади, ана шу мени чўчитади...
Мана, гўшт баҳоси атрофидаги муаммолару таклифлар. Бундан асло соҳа ривожига масъул идоралар ишламаяпти, вазиятни ўнглашга киришмаяпти, деган хулоса чиқмаслиги керак. Аксинча, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимида ўзгаришлар катта. Депутатлару жойлардаги амалдорлар ҳам аҳолининг моли кўпайсин, моддий аҳволи ўнгласин, дея жонсарак. Назаримизда, бу муаммо ечимида ҳам худди Хитой ва шунга ўхшаш тараққиёт сари дадил одимлаётган мамлакатлардаги каби бизнес аҳлининг, таваккал қилишдан чўчимайдиган юраги уйғоқ кишиларнинг ғайрату шижоати зарур.
Бир гал «Корзинка» супермаркетлар тармоғи асосчиси мухбирнинг «Дўконларингиз вилояту туманларда ҳам пайдо бўляпти, бунга қандай эришяпсиз?» деган саволига «Томошабин бўлишни ёқтирмайман, бозорда талаб борми, олға интилаверамиз,» деганди. Бугун гўштга эҳтиёжимиз катта, чорвага меҳри тушган аҳолининг эса озуқага. Нега бу соҳада ўзгаришлар бўлмаслиги, қўли узун тадбиркорларимиз муаммо ечимига киришмаслиги керак? Ё бу борада ҳам хитойлик «бизнесмен»ларга юкинамизми?..
Сизда қандай фикр бор, азиз муштарий? Бу ҳақда ёзинг, бефарқ бўлманг. Мақсад битта – чорва боқиш сифатию кўламини янги босқичга кўтариш, шу тариқа гўшт нархини арзон қилишдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг