Гонконгдаги ёнғинда ҳалок бўлганлар сони 94 нафарга етди

11:09 28 Ноябрь 2025 Дунё
238 0

Гонконгда сўнгги ўнлаб йиллар ичида рўй берган энг йирик ёнғинда ҳалок бўлганлар сони 94 нафарга етди. Ҳалок бўлганлар орасида бир қутқарувчи ҳам бор. Бу ҳақда “Associated Press” нашри хабар берди.

Яна 76 киши, жумладан 11 нафар ўт ўчирувчи жароҳатланган. Ҳозирда 56 киши шифохонада даволанмоқда. Аввалроқ 280 нафар аҳоли бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилгани маълум қилинганди.

Ёнғиннинг тез ёйилишига бамбукдан ясалган қурилиш искала (леса)лари ва ойна атрофига ўралган ёнувчанлиги юқори изоляция материаллари сабаб бўлгани айтилмоқда. Мазкур камчиликларга йўл қўйгани учун жавобгар қурилиш компанияси — “Prestige Construction & Engineering”нинг икки раҳбари ва бир муҳандиси эҳтиёт чораси сифатида қўлга олинган.

Маҳаллий расмийлар ёнғин тарқалиш тезлигини «одатдан ташқари» деб баҳолаб, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган материаллар қурбонлар сонини ошириб юборганини таъкидламоқда. Бу ҳолат сабаб биринчи марта 17 йил ичида шаҳарда энг юқори — бешинчи даражали ёнғин хавф сигналини эълон қилишга тўғри келди.

Ёнғин жойига 140 дан ортиқ махсус техника ва 800 дан зиёд қутқарув хизмати ходими жалб этилган. Яқин атрофдаги икки мажмуа ҳам эвакуация қилинган, 900 га яқин аҳоли вақтинча жойлаштириш марказларига кўчирилган. Хитой раҳбари Си Цзиньпин Гонконгга ҳамдардлик билдириб, маҳаллий ҳокимиятларни қўллаб-қувватлашни топширди.

Гонконг маъмури Жон Ли фавқулодда йиғилиш ўтказиб, ҳалок бўлганларнинг оилалари ва жабрланганларга ҳамдардлик изҳор қилди. Зарар кўрган аҳолига ёрдам мақсадида 300 миллион Гонконг доллари миқдорида фонд ташкил этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер