Гиламлар жилоси
Хоразм вилоятидаги “Арда Хива” халқаро туризм марказида икки кун давом этган “Гиламлар жилоси” халқаро кўргазма-фестивали якунига етди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ҳамда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, ва Афғонистондан ташриф буюрган гиламдўз ҳунармандлар, дизайнерлар ва тадбиркорлар иштирок этди.
Фестиваль доирасида “Ўзбекистон гиламдўзлиги: анъана ва инновация” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуманда гиламдўзлик санъати анъаналарини авлоддан авлодга етказиш, ривожлантириш ва инновацион ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
— “Гиламлар жилоси” кўргазмаси бу оддий тадбир эмас, — дейди Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Акиф Марифли. — Бу туркий халқларнинг бой маданий мероси ва халқ ҳунармандчилигининг ёрқин намойиши, унинг халқаро даражадаги байрамидир. Мазкур фестиваль қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Кўргазма доирасида гилам тўқишнинг жонли намойишлари, маҳорат дарслари, этно-дизайнерлар тақдимоти ва ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси каби кўплаб тадбирлар ташкил қилинди. Анъанавий нақшлар, табиий бўёқлар ва қўлда яратилган дурдона асарлар кўргазма томошабинларига ўзига хос маданий меросни ҳис қилиш имконини берди.
Фестиваль якунида “Энг яхши гиламдўз” номинацияси бўйича Мадрахим Маткаримов (Ўзбекистон), “Энг ёш ҳунарманд” номинацияси бўйича Афасадиқ Сулаймонов (Озарбайжон), “Қадимий гиламчилик турини тиклаган уста” номинацияси бўйича Илҳом Давлетов (Ўзбекистон) ғолиб бўлди. “Ўзбекистонда гиламдўзлик санъатига қўшган муносиб ҳиссаси учун“ соврини Иброҳим Султоновга топширилди.
— Президентимизнинг миллий ҳунармандчилик ривожига қаратаётган юксак эътибори ва рағбати туфайли гиламдўзлик санъати ҳам қайта тикланмоқда, — дейди фестивалнинг “Энг яхши гиламдўз” номинацияси ғолиби Мадрахим Маткаримов. — “Гиламлар жилоси” кўргазма-фестивали эса барчамиз учун илҳом манбаи, тажриба алмашиш майдони бўлиб, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга имконият яратди. Шу билан бир қаторда ушбу тадбир қадимий ва навқирон Хиванинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Фестиваль якунида ғолиблар муносиб тақдирланди. Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил қилинди.
Одилбек ОДАМБОЕВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби

Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг