Германияда «Ўзбекистон – Ипак йўлининг дурдонаси» номли китоб альбом нашр этилди
Германиянинг «Mannheimer Morgen» газетасида ҳайделберглик фотограф, «cct: werbeagentur» компанияси раҳбари Тамара фон Рехенбергнинг «Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси» номли китоб альбоми нашр этилгани ҳақида мақола чоп этилди.
Мақола муаллифи Михаэл Росснернинг қайд этишича, фотограф Осиё ва Жанубий Америка қитъаларининг кўплаб мамлакатларига сафар қилган. Турли маданият ва ландшафтларга бўлган юқори қизиқиш уни 2019 йилда Ўзбекистон томон чорлади. Саёҳати давомида ушбу сеҳрли диёр таассуротларидан илҳомланган ҳайделберглик тадбиркор ўзи олган суратларни китоб ҳолида чоп этишга қарор қилади.
Маълум қилинишича, Тамара Рехенбергнинг «Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси» китоб альбоми «abc-Verlag Heidelberg» нашриёти томонидан босилган. 224 саҳифали юқори сифатли суратлардан иборат ушбу китоб матнлари немис ва инглиз тилларида битилган. Бу эса китоб ўқувчилари сонининг кўпайиши ва муаллифнинг ўз ишини халқаро миқёсда кенг оммага тақдим этишидан далолат беради.
«Кўплаб дўстларим ва танишларим Ўзбекистонга жуда қизиқишади, лекин мамлакатнинг табиати, гўзаллиги ва одамлари ҳақида афсуски етарлича билишмайди. Мен суратларим, мамлакат ҳақида тўплаган маълумотлар ва Ўзбекистонга уюштирадиган кичик туристик гуруҳлар иштирокидаги турлар орқали одамларни ушбу мамлакатга боришга ундайман», – дея китоб муаллифи фикрларидан иқтибос келтирилган мақолада.
Материалда ёзилишича, немис фотографи Ўзбекистондаги ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида бўлган. Қизилқум чўли, Фарғона водийси ва Тошкентга саёҳат қилган.
«Китоб Ипак йўлида жойлашган серқуёш диёрнинг турли тарихий гўшаларидан олинган суратлар билан бойитилган. Ундаги мафтункор суратлар ушбу эртакнамо мамлакатнинг маданий мероси, туризм салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини беради», – деб таъкидлайди нашр мухбири.
Қайд этилишича, китоб муаллифи Тамара фон Рехенбергнинг 35 йиллик «cct: werbeagentur» компаниясидаги раҳбарлик фаолияти унга 3Д-дизайн, кино ва фотография соҳасида тажрибали мутахассис бўлиши билан бирга ишбилармон аёл мақомини берган.
«Китобдан жой олган суратларнинг муҳим жиҳати шундаки, улар немис аҳолисини Ўзбекистонга саёҳатга таклиф қилувчи маълумотлар билан бойитилган. Мазкур китоб мамлакатга сайёҳларни чорлаш билан бир қаторда, унинг туризм салоҳиятини намойиш этади», – деб ёзилган «Mannheimer Morgen» газетасида босилган мақола хулосасида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Ялдо кечаси» романининг тақдимоти ўтказилди
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг