«Ғазалсиз умрларда иқболу камол йўқдир…»
10 май — Ўзбекистон халқ шоири
Ғафур Ғулом таваллуд топган кун
Ғафур Ғулом ўзбек адабиёти, айниқса, шеъриятида алоҳида ўрин тутадиган шоирдир. Унинг битикларида замона ва инсоний фазилатлар тараннуми, фалсафий фикрлар, кўнгил ҳисларининг эркин мушоҳадаси яққол сезилиб туради. Қайд этиш жоизки, ижодкорнинг насрий асарлари ҳам халқимиз кўнглидан муносиб ўрин эгаллаган.
Аминмизки, адиб номи юраклардан ўчмайди, асарлари қайта-қайта ўқилиб кўнгилларга завқу шавқ бағишлайверади.
БАҲОР ОҲАНГЛАРИ
Ўрик гулларини эмар болари,
Насрин япроғида титрайди шабнам,
Ипак қурт тухмида ҳаёт асари,
Олам никоҳ оқшом бир зебо санам.
Илк кўклам файзини созга солмоққа
Танбур косасида шароб керакдир.
Дамлар мазмунини қамраб олмоққа
Дунёдай каттакон китоб керакдир.
Атласдай товланган ёнбағир қирлар,
Бепоён гул гаштин сурса неча дўст,
Ўзлигин унутган ошиқ-маъшуқлар
Ялакат данакдай қўшмағиз бир пўст.
Наврўзи бедона ўрганчик сайрар
Янглиш чучутларда севги оҳанги.
Ёш ирмоқ соҳилга тилини қайрар,
Қуёш нусхалидир муҳаббат ранги.
Тонготар уфқни лоладай йиртар
Тинмағур меҳнатнинг забардаст товши.
Ҳар ерда ҳукмрон танти ва лобар
Омонлик замоннинг енгувчи иши.
МEНИНГ БИР САТРИМ
Қалбимда қимматли болаларимнинг
Капалак сингари шўхликлари кўп.
Уларнинг манглайи бахтимдай маҳбуб,
Ўпиб эркалайман ўз лабларимни…
Бирор тонг биттаси йўталиб қолса,
Жонимни ҳовучлаб дилим уради.
Ярим дам кўзимдан йўқолиб қолса,
Туғма чанқов каби тилим қуради.
Топмасдан қўймайман болаларимни,
Чаманим зиннати лолаларимни.
Уларку шўхликда капалакдан зўр!
Аммо тополдимми, сезаман ҳузур…
Ҳар болам уфурган нафасин атри —
Шеъримнинг энг етук, энг яхши сатри.
САМАД ВУРҒУНГА
Шарафли бу ўлканинг муҳит каби кўкини
Порлоқ йирик юлдузлар безаб келмиш сарбасар.
Турлаб кўрсанг тарихлар карвонининг юкини
Ўз халқи ирфонидан оламга берар хабар.
Қадим оташ қадалар муқаддас ўчоғида
Саркарда Бобакларнинг сўнмаган нафаси бор.
Адирлар, водийларда, тоғларнинг қучоғида
Мағлубият билмаган халқнииг гуррос саси бор.
Севги бўлмаган ерда қадрин тополмас жамол,
На шароб, на мусиқий, на юракда интизом.
Ғазалсиз умрларда иқболу камол йўқдир,
Қўшиқсиз юракларда на эҳтирос, на илҳом…
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Бугун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташланади
- Президент пойтахтда транспорт тизимини янгилашга доир муҳим қарорни имзолади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг