Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш тизими мустаҳкамланмоқда

12:13 27 Октябр 2023 Сиёсат
359 0

Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Кейинги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларга, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги тўртта қонун муҳокама қилинди.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра қонуний кучга кирмаган суд қарорлари шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорлари, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида кўриш белгиланмоқда. Қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколати вилоят суди ва унга тенглаштирилган судлар ваколатига ўтказилмоқда.

Суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси киритилиши муносабати билан Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларга, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда тафтиш инстанциясида иш юритиш тартиби батафсил ёритилмоқда.

Жумладан, Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилишини, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилишини, ишлар Олий судда тафтиш тартибида ҳамда Олий суднинг Раёсатида қайта кўрилишини, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланишини, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилишини, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, амалдаги юқори инстанция судлари томонидан қуйи инстанция судларининг қарорини бекор қилган ҳолда янгидан кўриш учун яна қуйи судга юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш мажбурияти юкланмоқда. Шу билан бирга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан апелляция шикоятини бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам бериш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Олий суд Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини, шунингдек ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Таъкидлаганидек, мазкур қонунларнинг қабул қилиниши натижасида судларда ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилиши, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, энг муҳими фуқароларнинг суд орқали ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш имкониятлари кенгайиб боришига эришилади.

Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?