Французларга сотилмаган икки юз йиллик дўппи

17:01 17 Октябр 2025 Жамият
339 0

Бойсун — табиат гўзаллиги, тарихий қадриятлар ва бой маданий мерос уйғунлашган маскан. Бу жойнинг ҳар бир бурчи тарихдан сўзлайди. Тоғлари тоза ва салқин ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олишга чорлайди. Бойсуннинг миллий руҳини ҳис қилиш учун эса унинг миллий либосларига бир қарашнинг ўзи кифоя. Ранг-баранг атлас ва адраслар жилваси, қўлда тикилган сўзаналар нақшида қадим воҳа анъаналари мужассам. Сурхонча миллий либос аёлларимизга ўзгача кўрк беради. Унда аждодлардан мерос бўлган нафислик, беқиёс безаклар ва ўзига хос ранглар йиғиндиси мужассам. Бу либослар фақатгина кийим эмас, балки авлоддан авлодга ўтиб келаётган қадрият, нафосат ва ифтихор намунасидир.

Бойсуннинг ана шу ўзига хослигини янада равшанлаштирадиган жиҳат — маҳаллий ҳунармандчилик анъаналари. Миллий ҳунармандчилик нуқтаси бўлган Газа маҳалласидаги “Феруза” ҳунармандлик ўқув маркази бу анъаналарни сақлаш ва ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Марказ раҳбари Феруза Холиқова бу санъатни нафақат касб, балки руҳий мерос сифатида қабул қилади.

— Ҳунармандчилик биз учун тарих ва маданиятни сақлаш, келажак авлодларга етказиш йўли саналади, — дейди Феруза Холиқова. — Ҳар бир қўл иши авлодлар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Шу боис, марказимиз орқали юзлаб шогирдлар тайёрлаб, миллий ҳунармандчиликни асраб-авайлаб келяпмиз. Меҳнатимиз эътиборсиз қолмаяпти, ўтган йили Президентимизнинг фармойиши билан “Фаол тадбиркор” унвонига сазовор бўлдим. Бу эътироф менга янада каттароқ масъулият юклади. Биз ҳунармандлар бу меросни асраб, келажак авлодга етказишга масъулмиз.

Марказда касбга ўргатиш жараёнида каштачилик, жанда тўқиш ва сўзана каби миллий санъат турлари ўргатилади. Марказга ташриф буюрувчилар Санобар опа раҳбарлигидаги ҳунармандлар томонидан кашта ва жанда тўқиш жараёнини кўриш имконига эга. Қўқонда бўлиб ўтган халқаро ҳунармандлик фестивалида марказ ҳунармандлари томонидан тайёрланган дунёдаги энг катта сўзананинг намойиши Бойсун ҳунармандларининг дунё миқёсидаги обрўсини оширди.

— 2019 йилда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган биринчи халқаро ҳунармандлик фестивалида ўлчами 110 квадрат метр бўлган дунёдаги энг катта сўзанамиз билан қатнашдик, — дейди Нилуфар Жўраева. — Ўшанда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган оилавий ҳунармандликни ривожлантириш номинациясида ғолибликни қўлга киритгандик. Сўзанамиз ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб, довруғи Япониягача етиб борибди. Шундан кейин япон аёллари биз билан боғланиб, айнан шу каштачиликни ўргатишимизни сўрашди. Чунки бу сўзаналардаги безаклар бошқа сўзаналардагидан бутунлай бошқача. Япон аёлларига каштачилик сирларини масофадан бўлса-да, ўргатдик.

“Феруза” маркази ҳунармандлари томонидан тайёрланган маҳсулотлар, айниқса, Феруза Холиқова ташаббуси билан барпо этилган уй музейи нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотиб келмоқда. Германия, Франция, Испания ва Япония каби давлатлардан келган сайёҳлар марказнинг уй музейини томоша қилишни биринчилардан бўлиб хоҳлайди. Уй музейида икки асрлик осори атиқалар, юз йиллик рўмоллар, бир ярим асрлик гиламлар, икки юз йиллик ўтов, уй-рўзғор буюмлари ва ҳунармандлик маҳсулотлари сақланади. Бу қадриятлар маҳаллий аҳоли учун фақат тарих эмас, балки ўзлик ва шижоат манбаидир.

Феруза опа музей экспонатидан жой олган икки юз йиллик дўппини бир француз сайёҳи сотиб олишга ҳаракат қилганини айтади:

— У ҳатто энг юқори пулни таклиф қилган бўлса-да, бу қадриятни сотишдан бош тортдим. Бу дўппида боболарим, момоларим нафаси бор. Бундай нарсани пулга сотиш мумкин эмаслигини унга тушунтирдим.

Бу воқеа миллий қадриятларга нисбатан садоқат ва ҳурматни яна бир карра исботлайди. Феруза Холиқова ўзининг меҳр-муҳаббати, фидойилиги билан бу қадриятларни асраб-авайлашни ўзининг бурчи деб билади. Аждодлар меросини, ҳар бир қўл иши орқали тарих ва маданиятни сақлаб қолишга интилаётган Феруза Холиқова, унинг “Феруза” ҳунармандлик маркази бугунги кунда нафақат маҳаллий, балки бутун халқимиз маданий меросининг гўзал намунасидир.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер