Филиппиндаги кучли зилзилада 69 киши ҳалок бўлди

12:44 01 Октябр 2025 Дунё
288 0

Филиппиннинг марказий қисмида 6,9 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. DW нашрининг ёзишича, ҳодиса оқибатида камида 69 киши ҳалок бўлди, 140 дан ортиқ одам жароҳат олди.

Таъкидланишича, ер силкинишининг эпицентри Себу вилоятидаги Бого шаҳри яқинида, ер қаърининг 5 километр чуқурлигида қайд этилган. Табиий офат 30 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 21:59 да юз берган.

Зилзила оқибатида бир қатор бино ва иншоотлар, жумладан, икки черков ҳамда спорт мажмуаси зарар кўрган. Электр таъминотининг узилиши аҳолида ваҳима уйғотган. Ижтимоий тармоқларда вайрон бўлган иншоотлар ва одамларнинг қочиш жараёнлари акс этган видеолар тарқалмоқда.

Қутқарувчилар тош кўчкилари ва вайроналар остида қолганларни излаш ишларини давом эттирмоқда. Расмийлар ҳалок бўлганлар сони ортиши мумкинлигини айтмоқда.

Мамлакат президенти Фердинанд Маркос марҳумларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Зилзила ортидан Филиппин вулканология ва сейсмология институти қисқа муддатли цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берган, бироқ кучли тўлқинлар қайд этилмагани учун огоҳлантириш бекор қилинган. Мутахассислар яқин кунларда кучли афтершоклар бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Филиппин Тинч океанидаги “Олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашган бўлиб, дунёда энг кўп табиий офатлар кузатиладиган мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?