ФИФА «Бунёдкор»ни жазолади. ПФЛ вазиятга изоҳ берди
Суперлига иштирокчиси бўлган «Бунёдкор» футбол клуби расман 6 очкодан маҳрум қилинди, деб хабар беради ПФЛ сайти.
ПФЛ бу борадаги талаби бажарилгани юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциациясига билдиришнома тақдим этади. Ўз навбатида ЎФА бу ҳақда Халқаро футбол федерациясини (ФИФА) хабардор қилади.
«Бунёдкор» украиналик футболчи Сергей Симоненко олдидаги қарздорлик масаласини шу вақтгача очиқ қолдирди. Профессионал футбол лигаси ўз мусобақасида иштирок этувчи «Бунёдкор» клубини охиригача ҳимоя қилишга қарор қилди. Аслида ФИФА талаби шу йилнинг сентябрь ойидаёқ бажарилиши шарт бўлса-да, ПФЛ вазиятни тўғрилаш учун «Бунёдкор»га икки ойга яқин вақт берди. Бироқ Тошкент жамоаси муаммони ҳал қилолмади.
Сергей Симоненко 2015 йилги мавсумнинг биринчи даврасида «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилган. Аммо у Ўзбекистонни тарк этган вақтда клуб футболчи билан тўлиқ-ҳисоб қилмаган. Кейинроқ украиналик футболчи ФИФАга шикоят аризаси ёзгач, «Бунёдкор» икки марта — 2016 ва 2017 йилларда Сергей Симоненко учун Ўзбекистон банки орқали очилган пластик картага маълум миқдорда пул туширган. Бироқ бу пуллар футболчига қадар етиб бормаган.
«Бунёдкор» иддаосига кўра, ўша пластик карта ичида Симоненконинг пуллари турибди. Истаса, футболчи Тошкентга келиб, уни олиб кетиши мумкин. Йўқса, ўзининг ишончли вакилини юридик кучга эга бўлган ишончнома билан пойтахтга жўнатиши керак. Жамоанинг ўзи футболчи учун очилган пластик карта ишига аралаша олмайди. «Бунёдкор» ва Симоненко бу борада бир ечимга кела олмади. Масаланинг ҳал бўлиши ФИФА учун ҳам, ПФЛ учун ҳам муҳим. Бироқ факт шуки, ФИФА томонидан айбдор деб топилган «Бунёдкор» вазиятни юмшата олмади.
Қолган давр давомида ПФЛ «Бунёдкор»ни ҳимоя қила олмайди. Биринчидан, чемпионат якунига 2та тур қолди. Иккинчидан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ФИФА олдидаги мажбуриятларини бажариши шарт.
Маълумот учун, ПФЛ комиссияси айни вақтда футбол клубларини 2019 йилги мавсум учун лицензиялаш тизими акс этган регламент ишини деярли якунлади. Унга кўра, 2019 йилги мавсумда легионер футболчилар хизматидан фойдаланадиган футбол клублари мана шу футболчилар билан ҳисоб-китобни Ўзбекистон сўмида эмас, ўзаро келишилган хорижий валютада амалга оширади.
Шунингдек, легионер футболчилар учун қўйилган талаблар ҳам анча юқори бўлиб, бунга қадар легионерлар билан ишлаш масаласида қатор камчиликларга йўл қўйган футбол клубларига нисбатан санкциялар қўлланилади ва улар легионер футболчи хизматидан фойдалана олмайди. Қўшимчасига, стадиони, базаси, футбол академияси талаб даражасида бўлмаган футболчилар ҳам легионерлар билан шартнома имзолаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади, дейилади ПФЛ баёнотида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг