Фарғонада Янги йил шукуҳи: кўча сайиллари, бозорларда арзонлаштирилган ярмаркалар...

14:05 12 Декабрь 2025 Жамият
107 0

Айни кунларда Фарғона вилоятида Янги йилни муносиб кутиб олиш учун жиддий тараддуд кўрилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан барча шаҳар-туманлар деҳқон бозорларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилиб, кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, Янги йил совғалари савдоси йўлга қўйилди. Ярмаркада фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқасида етиштирилган мева-сабзавотлар, қандолат, балиқ, парранда ва гўшт маҳсулотлари, ширинликлар, уй-рўзғор буюмлари, умуман олганда, байрам дастурхони учун керак бўладиган кенг ассортиментдаги барча маҳсулотларни бозордагидан арзон нархда сотиб олиш мумкин.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида савдо ярмаркалари бозорларнинг киравериш ҳудудида жойлаштирилган. Бозорлар маъмурияти томонидан эса муҳим озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси етарли миқдорда шакллантирилди.

Шунингдек, аҳолига байрамона кайфият улашиш мақсадида вилоят бўйлаб оммавий сайиллар бошланди. Шаҳар-туманлар маркази, аҳоли гавжум ҳудудларда Янги йил арчаси ясатилиб, турли томошалар йўлга қўйилди.

Фарғона шаҳри ва вилоятнинг барча шаҳар-туманлар марказлари марказий кўчаларида қорбобо ва қорқизлар, севимли эртак қаҳрамонлари иштирокида сайллар уюштирилмоқда.

—Вилоят марказида Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғи, Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройи, Экошаҳарда улкан арчалар ўрнатилиб, кун бўйи ва оқшомда қизиқарли томошалар бўлиб ўтмоқда,—дейди Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Салима Султонова.—Бу тадбирларда фарзанд ва набиралар, яқин қариндошлар билан иштирок этиб, олам-олам таассуротларга эга бўлдик.

Айтиш жоиз, Янги йил томошалари доирасида вилоятдаги 5 та театр ижодий жамоаси, шаҳар-туман маданият бўлимлари томонидан ҳам махсус дастурлар тайёрланган. Шу тариқа ушбу томошалар янги йилнинг илк кунлари – ўқувчиларнинг қишки таътили даврида ҳам давом этади.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?