Фарғона томонларда...

13:40 26 Февраль 2026 Жамият
296 0

Йилига 120 тонна форель балиғи

Фарғона шаҳридаги “Сой бўйи” МФЙ ҳудудида 20 сотих ерда ташкил этилган “Status Soft” оилавий корхонасида интенсив усулда форель – хонбалиқ етиштириш йўлга қўйилган.

Шу мақсадда 26 та сунъий сув ҳавзаларида барпо этилиб, йилига 120 тоннагача балиқ етиштириш имконияти яратилди. Маҳсулот етиштириш харажатини қисқартириш учун 40 кВтли қуёш панеллари ўрнатилди. Мамлакатимиз бўйлаб харидорларга йил мобайнида балиқ етказиб бериш мақсадида музлатгичли омборхона қуриб битказилди. Оилавий тадбиркорлар яқин истиқболда балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва хорижга экспорт қилиш бўйича бизнес-режа ишлаб чиқмоқда.

—Айни пайтда балиқчилик мактаби ва лабораториясини ташкил этиш режалаштирилган,—дейди корхона раҳбари Умиджон Мадаминов.—Бу ерда қисқа муддатли ўқув курслари орқали вилоятда форель балиғи боқиш бўйича илмий-амалий тажрибаларни ўзаро уйғунлаштириш ҳаракатидамиз.

Бешариқнинг туризм маҳалласи

Бешариқ туманининг қўшни Тожикистон билан чегара ҳудудида жойлашган “Янги ҳаёт” МФЙ кейинги йилларда обод ва фаровон манзил – туризм маҳалласига айланмоқда.

Эзгу ташаббуслар доирасида маҳаллада яқин йилларгача чиқинди ҳудуди бўлиб, қаровсиз ётган кўчалар обод бўлди. Айни жараёнда 1,1 км дан ортиқ зах қочириш зовури ёпиқ дренаж тизимига ўтказилиб, саломатлик йўлаги, пиёдалар ва велойўлаклар ташкил этилди. Тунда ҳам ёруғ бўлиши учун кўча чироқлари ўрнатилди. 1,5 минг тупдан зиёд манзарали дарахтлар экилиб, яшил ҳудудлар барпо этилди.

—“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 3,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилгани туфайли тадбиркорларга ҳам қулай шароитлар яратилди,—дейди маҳалла раиси Гулбаҳор Азимова.—Натижада хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқлари фаолияти жадал ривожланиб, 3,5 минг нафардан кўпроқ аҳоли яшайдиган маҳалланинг туризм салоҳияти ортиб бормоқда.

Яқин истиқболда эса ҳавоси тоза, ҳамиша майин шаббода эсиб турадиган маҳаллада экотуризм ҳамда гастрономик туризм объектларини янада кўпайтириш мақсадида ўнлаб бизнес-лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган.

Хонадонда ноёб гуллар парвариши

Қувасой шаҳрининг “Валик” МФЙда истиқомат қилувчи Шаҳбоз Эркинов томорқасидаги мўъжазгина иссиқхонадан яхши даромад олаётгани эътиборга молик.

Айни пайтда иссиқхонада хориждан олиб келинган 100 турдан ортиқ кўп йиллик анвойи гуллар парваришланади. Ёш тадбиркор бир неча йил меҳнат мигранти сифатида хорижда ишлади. Юртимизда яратилган шароитлардан фойдаланиб, яқинда оиласи бағрига қайтди ва ўз бизнесини бошлади. Шу мақсадда ижтимоий тармоқда янги саҳифа очиб, гулчиликда жаҳон тажрибаси ва илғор усулларни ўрганиб бормоқда.

—Иссиқхонадаги алоҳида лабораторияда доимий равишда ушбу гулларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш бўйича илмий-амалий тажрибалар олиб бораман,—дейди у.—Бундан кўзланган мақсад хонадон томорқасида бир ва кўп йиллик гул навлари етиштиришни кўпайтиришга қаратилган.

Айтиш жоиз, замонавий мезонлар асосида барпо этилган интенсив иссиқхонада йил давомида жаҳон бозорида харидоргир гуллар маҳаллий шароитда яхши ўстирилиб, буюртма асосида мамлакатимиз бўйлаб харидорларга етказиб берилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?