“Фаол ҳаётга қадам” дастури кўнгилларга малҳам бўлмоқда

11:11 13 Октябр 2025 Жамият
156 0

“Саломатлик – туман бойлик” дейишгани бежиз эмас. Ўйлаб қаралса, тонгда туриб гулларга сув қуймоқнинг ўзи ҳам тақдирнинг гўзал бир иноятидир. Когон туманидаги Сараён маҳалласида ёлғиз яшовчи Хосият Шучаковани кечмиш шу кичик бир бахтдан ҳам мосуво этганди. Юрак хасталиги ва унга ёндош касалликлар сабабли у бемалол ҳаракатлана олмас, ҳаётда қийинчиликларга дуч келаётганди.

Маҳалла ижтимоий ходими томонидан Хосият аянинг аҳволи ўрганилди. Унга “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасидаги хизматлар тавсия этилди. Натижада у хонадонда қатнов асосида тиббий-ижтимоий реаблитация ва уйда қараб туриш хизматлари билан қамраб олинди. Бундан ташқари, пиёда юришини осонлаштириш мақсадига унга роллатор ускунаси тақдим этилди. Бу кўмак воситаси Хосият аянинг аҳволини анча енгиллаштирди. Энди у мустақил тарзда кўчага чиқиш, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашиш, дўконга бориш, очиқ ҳавода сайр қилиш ва ҳатто гулларга сув қуйиш имконига эга.

— Яхши инсонлардан, давлатимиздан миннатдорман, — дейди Хосият ая. — Мени асло ёлғизлатиб қўйишмади. Ўзимни яхши ҳис этяпман. Эртанги кундан умидим катта.

Дарвоқе, “Фаол ҳаётга қадам” дастури Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июндаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, у Хосият Шучаковага ўхшаган якка-ёлғиз яшовчи, ногирон, эҳтиёжманд фуқароларнинг турмуш ташвишларини енгиллаштиришда асқатмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?