ФАО Ўзбекистонда ўрмонларни муҳофаза қилиш соҳасида замонавий билим ва кўникмаларни ривожлантиришга кўмаклашмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Ўрмон хўжалиги фаолиятида рақамли технологиялар ва GIS воситаларидан фойдаланиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAO)нинг «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси томонидан илгари сурилаётган муҳим йўналишлардан биридир.
Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган ва Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги билан биргаликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида шу кунгача Китоб, Деҳқонобод, Поп туманларида бир қанча дала машғулотлари олиб борилди. Ушбу семинарларда асосий эътибор ўрмон экотизимларини доимий мониторинг ва инвентаризация қилишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўрмонларни ташкил қилиш технологияларини такомиллаштириш ва Ўзбекистонда ўрмон хўжалигининг умумий ахборот тизимини ривожлантиришга қаратилган.
Куни кеча Сирдарё давлат ўрмон хўжалигида ўрмонлар ва яйловларни инвентаризация қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш ва қўллаш бўйича навбатдаги ўқув машғулоти ўтказилди. Тренингда давлат ташкилотлари, ФАО ва маҳаллий ўрмон хўжалиги вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар ўсимликларни таҳлил қилиш, дарахтларнинг таксацион ўлчамлари ва шох-шаббалари кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни тавсифлаш, фитосанитарияни баҳолаш ва ландшафт хариталарини яратиш бўйича илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда амалий тажрибага эга бўлдилар.
Мазкур ташаббуснинг пировард мақсади Сирдарё давлат ўрмон хўжалигига қарашли барча ўрмон экотизимларини хатловдан ўтказишнинг замонавий усулларини жорий қилиш асосида ўрмон хўжалигининг комплекс режасини ишлаб чиқишдан иборат. Бу Ўзбекистон ўрмонлари ва экотизимларининг барқарор бошқарувини таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
ФАОнинг «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳасининг шу пайтгача олиб борган фаолияти давомида 20 нафар марказий ва 80 нафар маҳаллий мутахассислар замонавий GIS технологияларидан фойдаланган ҳолда инновацион усуллар асосида ўрмон ва яйлов ҳудудларини инвентаризация қилиш бўйича тайёрланди. Олинган тажриба ва билимлар 12 млн. гектар майдонни ўз ичига олган 96 та ўрмон хўжалиги корхоналарини доимий мониторинг қилишда асос бўлиб хизмат қилади.
«Ушбу технологиялардан нафақат Ўзбекистон ўрмон хўжаликларида фойдаланиш, балки, вазирлик ва идоралар томонидан шаҳар боғлари ва хиёбонларидаги, шу билан бирга яшил майдонлардаги дарахт ва буталарни инвентаризация қилишда фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга. Ушбу технология кўчатларнинг тури, ёши ва ҳолати бўйича таснифланган электрон ҳисоботни юритиш имконини беради. Операцион маълумотлар шаҳар ва аҳоли пунктларида яшил майдонларни сақлаш борасида ўз вақтида жавоб чораларини кўриш ва қарорлар қабул қилиш имконини беради», лойиҳанинг техник мувофиқлаштирувчиси Олимжон Қаҳҳоров .
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг