Эзгулик ва хайр, меҳр ва саховат байрами янада кенг нишонланади
Маънавият ва маърифат ойи — моҳи Рамазон бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Тоат-ибодат, эзгулик ва хайр, меҳр ва саховат рамзи ҳисобланган бу ой инсонга ҳузур бахш этиши, тафаккур қилишга ундаши билан аҳамиятлидир. Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойларнинг энг афзали, машҳурлик ва буюкликда тенги йўқ бу муборак кунларни барча интиқлик билан кутиши ҳам шунда.
Чунки мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний-маърифий ҳаётимизда ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Муқаддас динимизнинг тинчлик, дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, келажагимиз эгалари ҳисобланмиш ёшларни ватанпарварлик руҳида ўстириш, маънавиятли ва маърифатли қилиб тарбиялаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғояларини кенг тарғиб қилиш айни сиёсатимизнинг устувор йўналишига айланди.
Айниқса, ислом дунёсида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам Рамазон ойини ҳар йили кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ ва тайёргарлик, катта хурсандчилик, шоду ҳуррамлик билан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу Президентнинг махсус қарори билан ҳуқуқий асосга эга бўлмоқда. Жумладан, куни кеча давлатимиз раҳбарининг «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги навбатдаги қарори қабул қилинди.
Қарорда қайд этилганидек, 2021 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 13 апрель кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди. Тегишли вазирлик ва идоралар биргаликда Рамазон ойини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда миллий анъана ва қадриятларга мос ва муносиб ҳолда ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.
Ҳудудларда ташкиллаштириладиган байрам тадбирларида муборак Рамазоннинг мазмун-моҳияти, инсонийлик, маънавий поклик, сабр-қаноат каби ўлмас фазилатларини кенг тарғиб қилиш, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, инсонларни яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этиш таъкидланди. Айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Албатта, муборак ойнинг тинчлик-барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтириш, диний-маънавий қадриятларни асраш ва ривожлантиришдаги ўрни беқиёс. Шу маънода, моҳи Рамазон ойининг улуғлик ва ҳикмати кўп ва унга барчамиз муносиб бўлишимиз лозим.
Козимжон ТОЖИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг