Европа лигаси ўйини олдидан можаро

13:07 18 Октябр 2025 Спорт
260 0

Англиянинг «Астон Вилла» клуби ўз стадионига исроиллик мухлисларни киритмайди. Бу ҳақда «Reuters» нашри хабар берди.

Манбанинг маълум қилишича, 6 ноябрь куни Европа лигаси мусобақаси доирасида бўлиб ўтадиган Англиянинг «Астон Вилла» ва Исроилнинг «Маккаби Тел-Авив» жамоалари ўйини учун мезбонлар исроиллик мухлисларни стадионга киритмасликка қарор қилган.

«Астон Вилла» клуби расмийлари айни пайтда Европада Исроилни танқид қилиш кайфияти юқори даражага кўтарилганини ва бу ўз навбатида исроиллик фуқаролар билан турли жанжаллар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида бундай қарорга келинганини маълум қилганлар.

Табиийки, бу қарор исроиллик мухлисларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Исроил нашрлари эса мазкур ҳолатни антисемитизм деб баҳолаган.

Вазиятга муносабат билдирган Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер эса бу қарорни қоралади.

«Бу нотўғри қарор. Биз Британияда умуман антисемитизмга йўл қўймаймиз», — дея таъкидлаган Стармер ўзининг “X” (собиқ Twitter)даги саҳифасида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?