«Етимларсиз Марказий Осиё» — глобал ижтимоий миссия давлат ва бизнес бирлашиши туфайли рўёбга чиқмоқда

12:28 03 Декабрь 2025 Жамият
227 0

Ўзбекистонда инқирозли вазиятга тушган аёлларни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган «Ona Uyi» ресурс марказлари тармоғи жадал ривожланмоқда. Ушбу ташаббус ижтимоий етимликни олдини олиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан илғор амалиёт сифатида эътироф этилган Қозоғистон моделига асосланган.

Умидсизликдан янги ҳаёт сари

Тошкент шаҳрида яшовчи 23 ёшли Салтанатнинг ҳаёти ўз вақтида кўрсатилган ёрдам қандай қилиб оилани сақлаб қолиши мумкинлигини кўрсатади. У турмуш ўртоғи томонидан жисмоний ва руҳий зўравонликка учраган, бир кеча боласини қучоқлаганча кўчада қолиб кетади. Умидсизлик шу даражада кучли эдики, Салтанат фарзандини қариндошларига қолдириб, чет элга иш излаб кетишни ўйлаган.

ИНСОН ижтимоий хизматлари ходимлари мурожаатидан сўнг у «Ona Uyi»га келган ва бу ерда хавфсиз бошпана, овқат, тиббий ёрдам, психологик қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сартарошлик курсларида ўқиш имкониятини олган. Бугун у ўғли билан бирга, ўзига бўлган ишончини тиклаб, мустақил ҳаётга тайёргарлик кўрмоқда.

Шунга ўхшаш ёрдамни навоийлик, икки фарзанднинг онаси, 33 ёшли Дилдора ҳам олди. Жисмоний жиҳатдан оғир аҳволда у «Бола уйи»га фарзандларини топшириш нияти билан келган эди. ИНСОН ва «Ona Uyi» жамоаси аралашуви туфайли у реабилитациядан ўтди, соғлиғини ва меҳнат кўникмаларини тиклади — бугун у фарзандларини мустақил равишда тарбиялаяпти.

Ёрдам миқёси: тақдирлар ортидаги рақамлар

Бу ҳикоялар — инқирозга тушган аёлларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий етимликнинг олдини олиш бўйича тизимли ишнинг бир қисми.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 6 шаҳарда 7 та «Ona Uyi» фаолият юритмоқда.

Сўнгги бир ярим йил ичида 133 нафар аёл ёрдам олди, ва 146 нафар бола онаси билан қолиб, оиладан ажралиб кетишдан сақланди.

Марказлар қуйидаги комплекс хизматларни тақдим этмоқда: вақтинчалик бошпана, овқат, тиббий ва психологик ёрдам, таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш дастурлари.

Давлат, бизнес ва жамият ҳамкорлиги

Фонд ташаббусни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ва ИНСОН марказлари билан ҳамкорликда амалга оширмоқда. 2024 йилда томонлар ҳамкорлик меморандуми ва Йўл харитасини имзолади. Июль ойида заиф аёллар ва оилаларга ёрдам кўрсатиш стандартларини ягона қилиш бўйича ходимлар учун тренинг ўтказилди.

Тармоқнинг ривожланиши йирик ҳомий ва компаниялар кўмагида амалга ошмоқда, жумладан — Kapitalbank, ERG, Korzinka.uz, AKFA Group, MY FREIGHTER, Merganteks, ENERGORESURS, BI Group, AO “Karajanbasmunay”, Vkusnaya Korzinka, Romashka, FLO, Red Tag Uzbekistan, Balton Trading Asia Company, Orient Capital Management, Universalbank, Centrum Air va Centrum Logistics Group.

Уларнинг ҳиссаси уйлар барқарор ишлаши ва оналар ҳамда болалар учун хавфсиз макон яратилишини таъминламоқда.

Халқаро даража

Қозоғистон тадбиркорлари ташаббуси бўлган лойиҳа 2013 йилдан бери аёлларга фарзандларидан воз кечмасликка ёрдам бериб келади. Ташаббус туфайли 10 000 дан ортиқ бола оилада сақланиб қолган. Қозоғистонда янги туғилган чақалоқлардан воз кечиш ҳолатлари 70 фоизга камайган, болалар уйлари сони эса уч баравар қисқарган.

2023 йилдан бошлаб Айдин Рахимбаев ва Арсен Томский томонидан яратилган дастур Motherʼs Home International Foundation номи билан халқаро миқёсда иш бошлади.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳомийлар ва халқаро бизнес кўмагида бугунги кунга келиб 7 та уй очилган. Лойиҳа Қирғизистон, Украина ва Малайзияда ҳам ишламоқда. Жорий йил охиригача Туркияда биринчи уй очилиши режалаштирилган.

«Етимларсиз Марказий Осиё» сари

2025 йил 27 ноябрь куни Тошкентда лойиҳа бўйича Васийлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатнинг етакчи тадбиркорлари «Ona Uyi»ни бутун Ўзбекистон бўйлаб кенгайтириш тайёрлигини тасдиқлади.

Стратегик мақсад — аёллар инқирозга тушганида ўз вақтида ёрдам оладиган, ҳар бир бола эса оилада улғаядиган «Етимларсиз Марказий Осиё»ни яратиш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер