Энди Шейхон қишлоғининг ўз мактаби бор

14:36 02 Март 2023 Жамият
622 0

Фото: Халқ сўзи

Яқин-яқинга қадар Бухоро туманидаги Шейхон қишлоғида яшовчи мактаб ёшидаги ўғил-қизлар чамаси беш километр йўл босиб, Работиқалмоқ ва Халачдаги 18 –, 29- мактабларга ва ҳатто қўшни Жондор тумани ҳудудидаги 43 – умумтаълим мактабига қатнаб ўқишар эди.

Ниҳоят, бу ҳолга барҳам берилди. Аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда Шейхоннинг ўзида 528 ўқувчи ўрнига мўлжалланган замонавий мактаб биноси барпо этилди. 150 ўринли ошхона, спорт зали, фаоллар зали, кутубхона, кўргазмали ўқув қуроллари билан жиҳозланган фан кабинетлари, лаборатория хоналари, ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатишга мўлжалланган технология хоналаридан иборат бутун бошли мажмуа қурилиши учун 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бу давлатимизнинг энг чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолига кўрсатаётган эътибори, ёшларнинг сифатли таълим олишлари учун зарур шарт – шароитлар яратиб бераётгани намунаси, албатта.

Яна бир эътиборли томони шундаки, 46-умумтаълим мактаби сифатида ҳудуд харитасига кирган бу илм даргоҳи нафақат бугунни, балки эртанги кунни ҳам ўйлаб барпо этилди. Ўқувчи ўрнининг кўплиги бу гўшада узоқ йиллар давомида сабоқларни бир сменада ўтиш, дарсдан ташқари тўгараклар фаолиятини, ёшлар иқтидорини юзага чиқаришга қаратилган турли йўналишдаги машғулотларни оқилона йўлга қўйиш имконини беради.

Янги мактабнинг тантанали тарзда ўтган очилиш маросимида сўз олганлар қишлоқ аҳолисини замонавий билим маскани билан муборакбод этган ҳолда, педагоглар ҳукуматимиз яратиб берган замонавий қулайликлардан самарали фойдаланишади, дея ишонч билдирдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер