Экилгани эмас, унгани ҳисоб
Дарахтлар — инсонлар яшаши ва соғлом ҳаёт учун зарур бўлган асосий кислород манбаи. Улар нафақат табиатни безатади, балки атроф-муҳитни тоза ушлаб туришда, ҳаводаги зарарли моддаларни камайтиришда муҳим роль ўйнайди. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида ҳам кузги кўчат экиш тадбирлари кенг миқёсда олиб борилмоқда.

Ўтган йиллар тажрибасидан маълумки, асосан баҳорда экилган кўчатлар етарли эътибор ва парваришсиз қолиши, ёзнинг иссиқ ва қуруқ келиши сабаб кўчатлар кўпинча қуриб кетган. Жорий йилда эса кўчатлар ернинг унумдорлиги эътиборга олинган ҳолда экилмоқда. Экилган кўчатлар агротехник қоидалар асосида парваришланади, суғориш тизимлари яратилади ва барчаси ягона базага киритилади. Боғ майдонларида махсус “Боғбон” штат бирлиги ҳам ташкил этилган. Улар кўчатларни парвариш қилишни таъминлайди.

Бу йил Самарқандда 27 турдаги иқлим шароитига мос 10 миллион 208 минг туп мевали, манзарали ва бутасимон кўчат экилиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 10 та ўрмон хўжалиги ва хусусий секторлар томонидан жорий йилнинг куз мавсуми учун 14 миллион туп кўчат захирасини тайёрлади. Кўчатлар асосан бўш ер майдонлари, қишлоқ хўжалиги экинлари четлари ҳамда автомобиль йўллари бўйига “Яшил белбоғ” тарзида экилмоқда. Суғориш тизимлари, ернинг унумдорлиги ва агротехник чора-тадбирларга алоҳида аҳамият берилмоқда. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 32 та суғориш қудуғи ва 64 километр масофада суғориш тармоқлари яратилмоқда.

— Кўчатларни экишда ота-боболаримиз усулларидан фойдаланяпмиз, — дейди иштихонлик Жамол Мавланов. — Шу йилдан бошлаб мевали дарахтларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мевали кўчатлар агротехник қоидаларга мувофиқ экилмоқда. Яратилаётган боғларга махсус боғбонлар бириктирилмоқда. Ер майдони эса маълум муддатга ижарага берилади. Кўчат ҳосилга киргунча боғбонлар боғ қатор ораларида мева ва сабзавот етиштириб, даромад олиш имконига эга бўлади.

Ҳозирда вилоятнинг барча туманларида кенг қамровли кўчат экиш акциялари олиб борилмоқда. Ургут туманида, масалан, Булоқбоши маҳалласида 4000 тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, суғориш тизими яратилди. Чунки экилгани эмас, унгани ҳисоб. Паст Дарғом туманида Учтепа маҳалласида эса 5000 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

— Бу ер катта йўл бўйида жойлашгани учун экилди, — дейди Паст Дарғом туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Фурқат Жўраев. — Йўлда техникалар ҳаракати кўплиги сабабли ҳавога чиқадиган газлар инсон ҳаётига салбий таъсир қилмаслиги учун яшил майдон яратиш мақсад қилинган.

Вилоятда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган саноат корхоналари ва чиқинди полигонлари атрофида ҳам куз мавсумида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жами 194 минг туп дарахт ва 12 та чиқинди полигонлари атрофида 15 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этилади. Барча шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан 16 та “Ҳокимлик боғи” ва сояли сайилгоҳ кўчалар ташкил қилинади. Бу ташаббус нафақат табиатни асраб-авайлаш, балки ҳудудларнинг экологик ҳолатини яхшилаш ва аҳолига соғлом, қулай яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади. “Яшил макон” лойиҳаси асосидаги ишлар барча туман ва маҳаллалар, хонадонлар, ташкилот ва фермер хўжаликлари майдонларида изчил давом эттирилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг