ДХХ 11 кг дан ортиқ наркотик моддалар савдосига чек қўйди

19:32 25 Октябр 2025 Жамият
377 0

Фото: ДХХ

Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида жами 11 кг дан ортиқ наркотик моддалар ашёвий далил сифатида олинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Билдирилишича, ДХХ томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши самарали ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс белгиланган тартибни бузиб, айланма йўллар орқали Тожикистон Республикасидан 8 кг 860 гр «опий» моддасини контрабанда йўли билан мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтган. Шу вақтда «ўзбек-тожик» давлат чегарасини қўриқлаётган ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, гиёҳвандлик воситасини ташлаб, номаълум томонга қочган. Бироқ кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида оғуфуруш қўлга олинган.

Терговга қадар текширув давомида, Ургут туманида яшовчи, 1966 йилда туғилган шахс унинг жиноий шериги эканлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.

Сурхондарё вилоятида қайд этилган ҳолатда эса, Денов туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ДХХ ва ИИО ходимлари томонидан текширилганда, унинг ёнида 31 гр «опий» моддаси борлиги маълум бўлган.

Шундан сўнг, у ажал оғусини Денов туманида истиқомат қилувчи, 1978 йилда туғилган фуқародан сотиб олганлиги аниқланиб, мазкур наркосавдогарнинг яшаш хонадонидан ҳам 1 кг 483 гр «опий» моддаси ашёвий далил сифатида олинган.

Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда, Гурлан туманида яшовчи, 1952 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун икки маротаба судланган шахс 877 гр «гашиш» моддасини харидорга 14 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.

Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси тожикистонлик наркокуръерлар томонидан юртимизга айланма йўллар орқали олиб келинган.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер