Давлат рамзларининг мазмун-моҳияти ёшларга қандай ўргатилмоқда?
Архив фото
Ўтган ўқув йилининг дастлабки дарсида Гулистон туманидаги 7- умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган топқирлик мусобақасида ибрат олса арзийдиган шарт қўйилган эди. Талаб шундан иборат эдики, ўқувчилар юзлаб мамлакатларнинг герблари ичидан биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзини топишлари лозим эди. Натижани қарангки, ўшанда иштирокчиларнинг деярли ҳаммаси ғолибликка даъвогар бўлди.
— Қувонарлиси, ўқувчиларимнинг кўплаб герблар орасидан жонажон Ватанимизнинг рамзини бир зумда ажратиб олганидан жуда хурсанд бўлдим, — дейди синф раҳбари Лобар Рўзимуҳаммедова. — Ҳали кичик ёшда бўлса-да, уларнинг қалбию кўзларида жонажон Ўзбекистонимизга бўлган фарзандлик бурчи, меҳр-муҳаббатни кўрдим.
Дарҳақиқат, давлатимиз тамғаси ҳам Ўзбекистонимиз каби бетакрор. Ундаги ҳар бир тасвир, ҳатто ҳар бир чизиқда мамлакатимиз салоҳияти, халқимизнинг эзгу орзу-умидлари мужассам.
Таълим муассасасида ёшларга миллий рамзларимизнинг мазмун-моҳиятини ўргатишга, қалбларида уларга ҳурмат ва муҳаббат уйғотишга алоҳида эътибор қаратилади.
— Ўтган йили 2 июль — Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан юқори синф ўқувчилари учун далада кичик маърифий тадбир ташкил этдик, — дейди мактаб директори Маъруф Абдуллаев. — Ризқу рўзга тўла ғаллазорда ёшлар гербимизда акс этган бойликларимизни ўз кўзлари билан кўришди, уларнинг аҳамиятини юракдан ўтказишди. Олтиндай товланиб турган бошоқларни қўлларига олиб, кўзига тўтиё қилишди. Ҳа, гербимиздан буғдой бошоқларининг ҳам муносиб жой олганлиги бежиз эмас. Миллий бойлигимиз пахта ва ғалла тимсолида она заминимизнинг саховати, миришкор халқимизнинг яратувчилик салоҳияти ўз ифодасини топган. Қолаверса, давлат рамзида акс этганидек, дарёсида барака, тоғу тошларида беҳисоб бойлик ва ҳатто саҳросида ҳам насибаси бор серқуёш замин фарзандларимиз.
Дарвоқе, муаллима Л. Рўзимуҳаммедованинг айтишича, ўша машғулотда ўқувчилар гербимизни давлатимиз рамзи марказида тасвирланган Ҳумо қушидан таниб олишганини таъкидлашибди. Бу ҳиммат, олийжаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган мазкур афсонавий қуш халқимиз қалбидан чуқур жой олганидан далолат.
Бинобарин, сўз мулкининг султони Алишер Навоий «Лисон ут-тайр» достонида Ҳумони бахт ва иқбол, эзгулик ва улуғворлик келтирувчи қуш сифатида тасвирлаган. Зеро, гербимизда акс этган халқимизнинг эзгу мақсадлари — мамлакатимизнинг бугунги ютуқларида ўз ифодасини топаётир.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
"Халқ сўзи"
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг