Дастлабки эшитув — қонунчиликда янги институт

12:19 04 Январь 2022 Жамият
1058 0

«Дастлабки эшитув ва айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтларига оид жиноят-процессуал қонунчиликни қўллаш: муаммо ва ечимлар». Ушбу мавзудаги давра суҳбати Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ўтказилди.

Тадбирда қонунчиликдаги мазкур янги институтларнинг амалиётга самарали татбиқ этиш, бу борадаги юзага келаётган муаммолар ва унинг ечимлари хусусида сўз юритилди.

Айтилдики, сўнгги йиллар мобайнида мамлакатимиз жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида унинг нормаларини такомиллаштириш, жиноят процессига жалб этиладиган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини сўзсиз таъминлаш мақсадида илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни имплементация қилишга қаратилган сезиларли ўзгаришлар юз берди.

Хусусан, дастлабки эшитув — қонунчиликда янги институт. Мазкур институт суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти устидан бевосита суд назорати шаклларидан бири ҳисобланиб, жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш босқичида жиноят ишининг келгуси ҳаракати масалалари тортишув принципини амалга ошириш орқали ҳал этилишини кўзда тутади. Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши судга келиб тушган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида тарафларнинг иштирок этиши ва уларнинг фикрлари тегишли қарор қабул қилинишида инобатга олинишини таъминлайди.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ҳам янгиликлардан бири бўлиб, у миллий ҳуқуқ тизимини демократлаштириш бўйича ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида, давлатнинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича конституциявий мажбуриятини бажаришга хизмат қилади.

Мазкур институт жиноят процессининг барча иштирокчилари манфаатларига хизмат қилади, шу жумладан, жиноятларнинг содир этилиши натижасида етказилган мулкий, моддий ва маънавий зарар тез ва тўлиқ қопланади; ўз навбатида, жабрланувчи билан айбланувчи (гумон қилинувчи) ўртасида юзага келган низоли вазиятни бартараф этишга хизмат қилади; содир этилган жиноятларни суд-тергов органлари томонидан кўп куч ва вақт сарф этмаган тарзда тез ва тўлиқ фош этиш имконияти юзага келади; уюшган гуруҳ ва жиноий уюшмаларнинг фаолиятига чек қўйиш ва уларнинг ҳар бир аъзоси содир этган жиноятни фош этиш имконини беради.

Яъни мазкур институт ҳам айбланувчи, ҳам жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органларининг манфаатларига хизмат қилади. Айниқса жиноят ишлари бўйича судларда иш хажми кескин кўпайган бир шароитда, суд тергови ўтказмасдан иш бўйича якуний қарор қабул қилиш, яъни процессуал куч ва воситаларни тежаш имконини беради.

Ҳар қандай янги институтни амалиётда жорий қилишда муайян қийинчиликлар бўлади, албатта. Шу жумладан, миллий ҳуқуқ амалиёти учун мутлақо янги институт бўлганлиги, қонунни қўллаш амалиётига тайёргарлик етарли даражада бўлмаганлиги сабабли айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ва дастлабки эшитувни амалиётга жорий қилишда бир қатор муаммолар мавжуд. Мазкур муаммолар ҳам қонунчилик, ҳам амалиёт, шу жумладан жиноят ишини юритиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларнинг профессионал тайёргарлик даражаси билан боғлиқ.

Тадбирда бундай муаммолар очиқ муҳокама қилиниши билан бирга дастлабки эшитув ва айбга иқрорлик ҳақида келишув институтини самарали қўллаш мақсадида, ЖПКнинг янги лойиҳасига ўзгартиришлар киритиш ва қонунни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?