Данғарада аслида нима бўлганди?
Ҳар қандай ахборот холис ва ишончли бўлиши керак. Бу журналистиканинг олтин қоидаси. Аммо айрим вақтларда бу тамойиллар унутилаётганини қандай тушуниш мумкин? Юртимиздаги воқеа-ҳодисаларни бир ёқлама, “фейк” хабарлар, уйдирмалар асосида ёритаётганлар буни яхши билишса-да, кимнидир манфаати йўлида хизмат қилишаверади.
Сўнгги кунларда Фарғона вилоятидаги кўп ҳодисаларни ҳоким номи билан боғлаш, сохта хабарлар тарқатиш ҳолатлари авж олмоқда. Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасидаги яна бир уйдирма ҳам нафақат юртдошларимизни, балки, ўқитувчиларни ҳам “шок”ка туширди. Унда айтилишича, Данғара туманидаги тўртта мактабнинг директор муовинлари вилоят ҳокимлигидаги тунги селекторга кетаётган пайтда автоҳалокатга учраган эмиш... . Наҳотки, деб ёқа ушлайсан киши.
Мазкур ҳолат ўрганилганда воқеа умуман бошқача бўлганлиги маълум бўлди. Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг хабарига кўра, дастлабки тергов жараёнида, 2019 йил 29 сентябрь куни соат 20.45ларда Данғара тумани халқ таълими бўлимига қарашли 25-сонли мактабнинг директор ўринбосари М.Д. “Нексия“ русумли автомашинасини Қўқон шаҳри томон бошқариб кетаётиб, йўлни ўртасига ўрнатилган бетон тўсиқ устига чиқиб кетганлиги ва йўлни ёритувчи темир столбага урилиши натижасида автомашинага ўрнатилган газ балонидан ёнғин содир бўлганлиги аниқланган.
Ёнғин натижасида автомашина ҳайдовчиси ҳамда олди ўриндиқда бўлган йўловчи 26-сонли мактабнинг директор ўринбосари У.Ш.лар воқеа жойида ҳалок бўлган. Орқа ўриндиқда бўлган йўловчилар 38-сонли мактабнинг директор ўринбосари Т.Л. ва Данғара тумани халқ таълими бўлими қоровули М.Б.лар тан жароҳати олган ҳамда уларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага жойлаштирилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мана ҳақиқий ҳолат. Қолаверса, шу куни вилоят ҳокимлигида ҳеч қандай селектор йиғилиши ўтказилмаган. Қайси гувоҳлар вилоят ҳокими билан бирга юриб, ухлаб турганки, бу хабарни ҳақиқатга айлантирса?! Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати мазкур ҳолат бўйича баёнотида ҳам Данғара туманида автоҳалокатга учраган шахслар вилоят ҳокимлигига чақирилмаганини билдирган. Бўлар-бўлмас важларни тўқишдан не фойда?
Шу ўринда таъкидлаш керакки, селектор ўз номи билан селектор-ку. Бу селекторда қатнашиш учун шаҳар ва туман ҳокимликларида махсус техник аппаратлар ўрнатилган. Ҳеч ким вилоятга йиғилишга келмаслигини ҳамма яхши билади.
Тарқатилган хабарда муаллиф ҳатто пахта мавсумини ҳам қўшиб қўйибди. Ваҳоланки, кластер усулида пахта терими бўлаётган бир вақтда давлат ишида ишловчи ходимларнинг бирортаси пахтага жалб қилинмаган. Фақат оиласи учун қўшимча даромад топиши учун фуқаролар ихтиёрий пахта теримида иштирок этмоқда. Кеча вилоятнинг 3 та тумани Риштон, Қўштепа, Ёзёвонликлар ўзларига берилган режа-топшириқни ортиғи билан бажариб, биринчилар қаторидан жой олди.
Бугун юртимиздаги улкан ўзгаришларни кўролмаётганлар шундай миш-мишларни тарқатиш билан овора. Халқимизда ит ҳурар, карвон ўтар деган деган нақл бежиз айтилмаган. Фақат шундай ёлғонларга алданиб қолмайлик, азиз юртдошлар.
Хурсаной Исломова,
Маънавият ва маърифат маркази
Фарғона вилоят бўлими раҳбари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- «Ўзгидромет» шошилинч огоҳлантириш эълон қилди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг