Чуст паловини еганмисиз? Ёхуд Наманган гастрономик туризми истиқболлари ҳақида
Чустликлар нафақат миллий дўппи ва пичоқлари, балки, ўзбек пазандачилигининг устуни бўлган палов тайёрлаш борасида ҳам машҳур. Сайёҳлар иштиёқ билан истеъмол қиладиган бу таомни хонакон бекаларидан ташқари умумий овқатланиш шохобчаларида ҳам кифтини келтириб тайёрлашади. Масалан, йил ўн икки ой одам аримайдиган мавлоно Лутфуллоҳ номли маданият ва истироҳат боғидаги ошпазларга буюртма беринг, бир соатга етар етмас вақтда бир чўқим девзира палов сўридаги дастурхонингизга етказилади. Бу Чуст ва Наманганнинг бошқа ҳудудларида гастрономик туризм аллақачондан буён фаолият кўрсатиб келаётганидан далолат.
Маҳаллий ва хорижий сайёҳлик истиқболларидан келиб чиқиб, айни пайтда Чустда замонавий ош маркази барпо этиш юзасида амалий иш бошланган. Бу марказни Чуст дўпписи ва Чуст пичоғи халқаро музейлари билан бир жойда барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Наманган ошхонаси мақтанса арзигулик қирралари билан ажралиб туради. Масалан, Косонсой хуштаъм мантиси, Норин ва Мингбулоқ балиқлари, Янгиқўрғондаги Нанай қишлоғи «беш бармоғи» билан машҳур. Гуллар шаҳрида тайёрлаш йўлга қўйилган тандирга косаси билан ёпиладиган сомсани бошқа бирор вилоятда учратмайсиз. Шунингдек, қозонкабоб (асоси нўхат ва гўштни ташкил этувчи суюқ таом) ва кўплаб турдаги кабоб сомсаларнинг довруғи ҳам водийдан ташқарига ўтиб улгурган.

Миллий таомлар тайёрланиши жараёни билан ўша егуликларнинг ватанида танишиш доимо туристлар учун қизиқарли бўлиб келган. Бу ўз навбатида ошпазларимиз маҳоратини намойиш этувчи мастер-класслар ўтказиладиган ва бир йўла хўрандалар қорни тўйғазиладиган кичик ошхоналар очишни тақозо этмоқда. Шунингдек, Учқўрғонда қулупнай, Тўрақўрғонда гилос, Чустнинг Ахчасида узум, Мингбулоқда тарвуз, Попда қовун сайли каби байрамона тадбирларнинг ташкил этилиши туристлар оқимининг ортишига хизмат қилади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
"Халқ сўзи"
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 5 йилда 103 фоизга ошди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг