Чирчиқлик китобхон оилага президент совғаси топширилди

12:10 12 Март 2026 Жамият
280 0

Замонавий русумдаги янги машина олиш учун ишлаш керак, ойлик даромадни ошириш керак, агар бу улов автокредит асосида олинса, кредитни ҳар ойда тўлаб бориш керак. Бироқ чирчиқлик Эшонқуловлар оиласи янги машина харид қилиш учун ишламади ҳам, қўшимча даромад дея ўзларини ўтга-чўққа ургани ҳам йўқ, шунинг баробарида кредит ҳам олмади. Фақатгина китоб ўқишди, холос. Аслида машина учун китоб ўқишмади ҳам, ўқиган китоблари орқали замонавий русумдаги янги машина эгасига айландилар.

– Кечирасиз, “Нажот йўли” китобини қачон қайтарасиз? Бу китоб менга ҳам жуда зарур эди...

Жавоҳир Чирчиқ шаҳридаги педагогика университети кутубхонасидан чиқиб кетаётган қизни тўхтатиб шундай саволга тутган эди. Ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олаётган йигит “Нажот йўли” кейинчалик умр йўлини белгилаб беришини ўйлаб ҳам кўрмаган эди.

– Яхшимисиз?.. Бугун қайтаришим керак эди, аммо курс иши учун зарурлиги учун яна фойдаланмоқчиман, – дея жавоб берган эди ўшанда Нурия.

Шу тариқа икки толиби илм учрашди, мулоқот қилди ва турмуш қурди. Дарҳақиқат, улуғ маърифатпарвар ва жамоат арбоби Абдурауф Фитратнинг “Нажот йўли” китоби Жавоҳир ва Нурия Эшонқуловлар оиласига асос солган бўлса, не ажаб.

Бу ёш оила “Ёш китобхон оила – 2025” танловининг республика босқичида ғолиб бўлди. Ғолиб оилага Президент совғаси сифатида “BYD” электромобили топширилди.

– Абдурауф Фитратнинг “Нажот йўли” асари оиламиз учун жуда қадрли, – дейди Жавоҳир Эшонқулов. – Танлов иштирокчилари ўқиши шарт бўлган китоблар рўйхатида бу асарнинг ҳам борлигини кўрганимизда, бу тасодифдан жуда мамнун бўлгандик. Шу билан бирга “Нажот йўли”ни қайта мутолаа қилар эканман, ундаги фикр ва ғоялар бугун ҳам ўзининг долзарблигини йўқотмаганини ҳис қиламан. Чунончи, бу китобда жамият тараққиёти, маърифатнинг аҳамияти, халқнинг келажаги учун илм ва тарбиянинг нақадар муҳим экани баён этилади. Гўё Фитрат домла шу кунларда орамизда яшаб, бу китобини ёзгандек туюлади.

Эшонқуловлар оиласининг ҳозирча ягона фарзанди – Самияхон уч ёшда. Унинг нечта китоби бор, деб ўйлайсиз? Самияхон китобхон ота-онаси олти ойлигидаёқ “Олтин олма” номли “ўзи гапирадиган” илк эртак китобини совға қилган экан. Бугунги кунга келиб Самияхоннинг бу каби китоблардан иборат “гапирадиган” кутубхонасида элликка яқин китоб бор.

– Аслида ҳам биз учун энг яхши совға, бу – китоб. Байрамларда, туғилган кунларда бир-биримизга китоб ҳадя қилишни одатга айлантирганмиз, – дейди Нурия Эшонқулова.

Буюк давлат арбоби Амир Темур китобнинг барча бунёдкорликларнинг асоси эканлигини эътироф этган эди. Дарҳақиқат, китоб – барча бунёдкорликларнинг асоси. Энг муҳими, китоб тоза кўнгилни бунёд этади. Китоб барпо этган ёруғ ниятли одамлар эса дунёни тозартирса, унга тинчлик ва фаровонлик, эзгулик ва маърифат олиб келса, не тонг. Бу борада ўтган охирги ўн йилда Ўзбекистон тажрибаси шаклланди, дейиш мумкин. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон оила” каби китобхонлик танловлари бу фикрнинг тасдиқловчи омилларнинг биридир.

Дарвоқе, китобхон Жавоҳир Эшонқулов билан мулоқот ниҳоясига етгач, бир савол эсга тушди – унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси борми? Маълум қилинишича, йўқ. Китобхон оила соҳиби шу кунларда мутолаа қилинаётган китобни якунлаганидан сўнг кун тартибидаги кейинги масала автомактаб қидириш эканлигини айтди.

Отабек ИСРОИЛОВ, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер