Чемпионга муносиб туҳфа

11:02 03 Октябр 2025 Жамият
153 0

Гулханой ая набираси Айтжанни спорт машғулотига олиб борганида у қийналиб қолмасмикан, дея ўйлаган, ҳатто, тўққиз яшар болага ачинган эди. Ахир бирон жойи лат еб, жони оғриса-чи?! Мевасидан мағзи ширин, деб шуни айтади-да.

Бироқ энди ўша кунлар, бундай хавотирларнинг барчаси ортда қолди. Гулханой ая Тошкент вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Нурафшон шаҳридаги янги кўп қаватли уйларнинг бири — Президент совғаси сифатида тақдим этилган уч хонали уйда бир пиёла иссиқ чойни ҳўплаганида, ҳаммаси унут бўлди.

Ўрта Чирчиқ туманидаги Янгилик маҳалласида яшовчи Айтжан Халмаханов 2010 йилдан бери устози Воҳид Темиров мураббийлигида спортнинг юнон-рум кураши билан мунтазам шуғулланиб келади. У шу спорт тури бўйича “Халқаро тоифадаги спорт устаси” мақомига ҳам эришган. Бу азамат йигит 2018 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида мамлакатимиз шарафини халқаро миқёсда муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

Ўзбекистон чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этаётган спортчи шу пайтга қадар ўз вазн тоифасида жами 10 марта, шундан 3 бора совриндор ва 7 марта мутлақ ғолиб бўлиб, мамлакат чемпиони сифатида эътироф этилган.

Айтжан 2022 йил Италияда 17 ёшли ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, жаҳон чемпиони бўлган эди. Ўн икки йил мобайнида машғулот ва мусобақаларда тобланган профессионал спортчи ўзини Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишга руҳан тайёр, деб ҳисобларди. Эндиликда Гулханой ая ҳам набирасига ишонар, унинг ҳар бир ютуғидан қувонар, ойнаи жаҳон орқали мусобақаларни ҳаяжон билан томоша қиларди.

Шу йилнинг баҳорида Иорданияда катталар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Айтжан Халмаханов муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликка эришди. Жорий йилнинг 17 — 24 август кунлари Болгариянинг Самоков шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида юртдошимиз барча рақиблардан устун келиб, 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик жаҳон чемпиони шарафига давлатимиз мадҳияси янграб, юртимиз байроғи баланд кўтарилди.

Яқинда Ўрта чирчиқлик чемпион йигит Ўзбекистон терма жамоаси сафида Хорватиянинг Загреб шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионатига йўл олди. У 63 килограммгача вазн тоифасида майдонга тушиб, ғолиб бўлиш учун курашди.

Ҳамюртимиз мусобақанинг юнон-рум кураши баҳсларида муносиб иштирок этиб, йигирма тўрт йиллик танаффусдан сўнг ушбу спорт тури бўйича жаҳон чемпиони бўлган биринчи полвонимизга айланди. Айтжан Халмаханов Жанубий кореялик рақиби Чунг Хан-Жаени финалда мағлуб этиб, шоҳсупага кўтарилди.

— Ҳаётимда бахтли лаҳзалар жуда кўп бўлган, аммо буви учун набирасининг ютуғидан ортиқ бахт бўлмаса керак, — дейди жаҳон чемпионининг бувиси Гулханой ая. — Унинг бу ғалабаси тинимсиз меҳнати, мураббийларининг ўгити ва албатта, юртимизда спорт ҳамда спортчиларга яратилган шароит ва имконият самараси, деб биламан.

Айтжан Халмахановнинг спортда эришган ютуғи, қолаверса, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, унинг довруғига довруқ қўшгани эътироф этилиб, спортчига Нурафшон шаҳридаги Янгиобод маҳалласида “Янги Ўзбекистон” массивига ёндош ҳудудда қурилган янги кўп қаватли уйдан уч хонали хонадон Президент совғаси сифатида топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев чемпионни яна бир бор табриклаб, унинг спортдаги келгуси фаолиятига муваффақият тилади. Нурафшон шаҳри ва Ўрта Чирчиқ тумани фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар, спортчининг оила аъзолари ва яқинлари эътибор ҳамда эътироф учун миннатдорлик билдириб, олий спорт анжумани — Олимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон байроғини сарбаланд ҳилпиратиш учун юртимизда барча имкониятлар яратилганини таъкидлади.

Тадбирда Айтжан Халмаханов каби ёшлар тенгқурлари учун катта ўрнак кўрсатаётгани, ўз навбатида, бундай муваффақиятларга эришаётган ёшлар давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилаётгани айтиб ўтилди.

...Тинчликнинг нурафшон тонгида Гулханой ая янги хонадонда дуога қўл очар экан, юртга осойишталик ва равнақ, спортчи ва олим ёшларга янгидан-янги муваффақиятлар ҳамроҳ бўлишини тилаб, юзига фотиҳа тортди. Дуолар юрт ва халқни қўрғон каби сақлаб турса, не ажаб!

Отабек ИСРОИЛОВ

«Халқ сўзи».                          

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?