«Челси» ва «Манчестер Юнайтед» дуранг ўйнади, «Тоттенҳэм»дан мағлубият

10:43 11 Февраль 2026 Спорт
919 0

Кеча, 10 февраль куни Англия Премьер лигасининг 26-тур ўйинлари старт олди. Кун доирасида 4 та ўйин бўлиб ўтди.

Турни очиб берган ўйинда Ливерпуль шаҳрининг «Эвертон» жамоаси ўз майдонида «Борнмут» билан куч синашди. Ушбу жамоаларнинг биринчи даврада бўлиб ўтган ўйинида «Эвертон» сафарда ғалаба қозонишни уддалаган эди. Аммо, бу гал омад «Борнмут»га кулиб боқди.

Учрашувда ҳисоб 42-дақиқада пеналтидан очилди. Мезбонлар футболчиси Илиман Ндиайе 11 метрлик жарима тўпини аниқ амалга оширди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 61-дақиқасида меҳмонларнинг бразилиялик футболчиси Райан ҳисобни тенглаштирди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, Амин Адли ҳисобни 1:2 кўринишига келтирди. Ўйин ушбу ҳисоб билан якунланди ва «Борнмут» очколар сони бўйича «Эвертон» билан тенглашиб олди.

Лондонда ташкил этилган «Тоттенҳэм» ва «Ньюкасл» ўйинида ҳам омад меҳмонларга кулиб боқди. Таъкидлаш керакки, «Ньюкасл» бу ўйингача кетма-кет 5 та ўйинда ғалаба қозона олмаган ва бу баҳсда ҳам имкониятлари юқори баҳоланмаётган эди. Аммо, амалда Эдди Ҳав бошчилигидаги жамоа ғалаба қозонишни уддалади.

Учрашувда ҳисоб биринчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган бешинчи дақиқада очилди. «Ньюкасл» ҳимоячиси Малик Тиау дастлабки голга муаллифлик қилди.

64-дақиқада мезбонлар футболчиси Арчи Грей ҳисобни тенглаштирди. Орадан 4 дақиқа вақт ўтиб, Жейкоб Рэмси ҳисобни 1:2 кўринишига келтирди. Шу тариқа ўйин меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланди.

Сўнгги ўйинларни барқарор ўтказа олмаётган «Челси» клуби бу турда кутилмаганда очко йўқотди. Жамоа ўз майдонида «Лидс Юнайтед» билан куч синашди. Учрашувда ҳисоб 24-дақиқада Жоао Педро томонидан очилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 58-дақиқасида меҳмонлар дарвозаси томон пеналти белгиланди. 11 метрлик жарима тўпини Каул Палмер аниқ йўллаб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.

67-дақиқада эса энди «Челси» дарвозасига пеналти белгиланди. Меҳмонларнинг германиялик ҳужумчиси Лукас Нмеча ушбу имкониятдан оқилона фойдаланиб, ҳисобни қисқартирди. 71-дақиқада эса захирадан ўйинга қўшилган Ноа Окафор ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа ўйин 2:2 ҳисобида якунланди ва натижада «аристократлар» «Манчестер Юнайтед»ни қувиб ўтиш имкониятидан айрилди.

Турнинг яна бир кутилмаган ҳисоб билан якунланган ўйини Лондон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда сўнгги турларда «Манчестер Сити», «Арсенал», «Тоттенҳэм» каби жамоаларни мағлуб этган «Манчестер Юнайтед» клуби «Вест Ҳэм» жамоаси меҳмони бўлди. Учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.

Ўйинда ҳисоб 50-дақиқада Томаш Соучек томонидан очилди. Ҳакам томонидан иккинчи бўлимга қўшиб берилган олтинчи дақиқада Бенжамин Шешко ҳисобни тенглаштирди.

Бугун мусобақада тур ўйинлари давом эттирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?