Бухорода Наврўз тантанаси

17:27 19 Март 2025 Жамият
178 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Яшариш ва янгиланиш айёми саналган Наврўз Бухорода ҳам ўзгача завқу шавқ билан қарши олинди. Чунончи, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида салкам 106 миллиард сўм, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига мувофиқ 5 миллиард сўм маблағ сарфланди. 2024 йилда 137 та объект янгидан қурилди, реконструкция қилинди, мукаммал таъмирдан чиқарилди. Улар қаторида умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари бор. Бу каби рақамлар бунёдкорлик оғушидаги кўҳна гўшада «Инсон қадри учун» тамойили устуворлигидан далолат беради.

Наврўз байрами муносабати билан «Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуасида ўтказилган тантанали тадбирда ана шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

— Наврўз нафақат баҳор байрами, балки дўстлик, дийдорлашув, миллатлараро тотувлик айёми сифатида ҳам қадрли, — дейди вилоят татар-бошқирд миллий маданий маркази фаоли Халида Сабитова. — Кўриб турганингиздек, айёмни нишонлангани барча миллат ва элат вакиллари жамланишган. Биз ҳам ўз бадиий дастуримиз билан иштирок этяпмиз. Ўратма, балиш, чак-чак, учкучмак каби миллий таомларимиздан улашамиз.

Кўнгилочар миллий ўйинлар, фольклор санъатининг сара намуналари, лапарлар халқ сайли тарзида ташкил этилган байрам файзига файз қўшди. Бадиий ҳаваскорлик дасталарининг чиқишлари, таниқли санъаткорларнинг баҳор, тинчлик, бахтли ҳаёт тараннум этилган куй-қўшиқлари барчага хуш кайфият бағишлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер