Бухорода камбағаллик даражаси 5 фоизгача қисқаради

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йилда Бухоро вилоятига қилган ташрифи чоғида воҳада истиқомат қилувчи икки миллиондан зиёд аҳолининг турмушини яхшилаш, даромад манбаи яратиш, камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилганди. Вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинганди. Шундан келиб чиқиб жорий йилда янги иш ўринлари яратиш орқали 214 минг нафардан зиёд кишининг доимий ва мавсумий ишларда бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Бунинг натижасида камбағаллик даражасини йил якунига келиб 5 фоизгача қисқартиришга эришилади.
Шубҳасиз, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳам бу мақсадга эришишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, айни дамда вилоятдаги 401 мингдан зиёд деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари ихтиёрида 43 минг 101 гектар экин ери бор. Биз шу йўналишда аниқ дастур асосида иш олиб боряпмиз. Жумладан, аҳолига 20 минг гектар экин майдони ижара ҳуқуқи доирасида ажратилди. Жорий йилда яна 2153 гектар майдон берилади. Бу ерларда «Бир контур – бир маҳсулот» тамойилига мувофиқ юқори даромадли экспортбоп экинлар экилади. 530 гектар томорқа ерида 52 та намунали лойиҳани амалга оширишга киришилмоқда.
Бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Тажриба кўрсатяптики, томорқадан оқилона фойдаланган оиланинг рўзғорига қут-барака киради. Дасти узун бўлади. Бундай хонадонда тинчлик-осойишталик ҳукм суради. Зеро, айрим оилалардаги қўйди-чиқдилар, низолар рўзғордаги етишмовчиликлар оқибатида юзага келмоқда. Қолаверса, уй соҳибининг оила даврасида бўлишига нима етсин?!
Шу ўринда фикримизга далил келтирмоқчимиз. Ромитан тумани Дейча маҳалласида яшовчи Отабек Элмуродов 2016 йилда Россияга ишлагани кетади. Орадан уч йилча вақт ўтиб депортация қилинади. Уйга қайтгач, у иссиқхона хўжалиги фаолиятини йўлга қўйиш мақсадини ўз олдига қўйди. Дастлаб уч сотихли иссиқхона барпо этган Отабек имтиёзли кредит эвазига уни 12 сотихга кенгайтирди. Цитрус ва тропик мевали дарахт кўчатлари етиштиришда муайян тажриба тўплади. Ер билан тиллашиш ҳадисини олган бу юртдошимиз айни дамда ойига ўртача 20 – 22 миллион сўм атрофида даромад кўрмоқда. Совуқ ўлкаларга ишлагани борган дамлари энди ўтмишга айланди.
Вобкент туманидаги «Латифсобунгар» МФЙда истиқомат қилаётган миришкор томорқачи Мухтор Шодиев эса гидропоника усулида қулупнай етиштириш технологиясини ўзлаштириб кам бўлаётгани йўқ. Ишни сабзавот маҳсулотлари етиштириш билан бошлаган бу деҳқон янги усулни жорий этиш учун 200 миллион сўм миқдорида сармоя сарфлади. Эртанги кундан кўнгли тўқ. Чунки ҳисоб-китобга кўра, харажат бир йилдаёқ ўзини оқлайди.
Жондорлик Баҳром Арабов икки йил аввал «Намунали томорқачи» кўкрак нишони билан тақдирланган эди. У 12 сотихдан иборат томорқани иссиқхонага айлантирган. Йилига икки бор кўчат етиштиради. Баҳромжон аъзоларидан ташқари тўрт кишини доимий иш ўрни билан таъминлаган. Оиласи шинам ҳовлида яшаяпти, автомашинали бўлди. Фарзандларни ўқитмоқда.
Биз маҳалла ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб, ҳар жиҳатдан кўпчиликка ибрат шундай оилалар тажрибасини оммалаштириш ҳаракатидамиз. Токи, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида сезсин. Камбағаллик қаршисида у ўзини ёлғиз ва ночор ҳис этмасин.
Анвар ҲАМРОЕВ,
Бухоро вилоят Камбағалликни қисқартириш
ва бандлик бошқармаси бошлиғи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг