Бухоро вилоятида умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тизими жорий этилмоқда

10:58 17 Декабрь 2025 Жамият
249 0

Таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, жумладан, ўғил-қизларнинг тенг шарт-шароитларда таълим олишига эришишни мақсад қилган «Ишонч» жамғармаси Бухоро вилоятида бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, «Ишонч–2030» лойиҳаси доирасида Ромитан тумани, Когон ва Бухоро шаҳарларидаги 1-, 3- ва 45-сонли умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тизими жорий этилди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, «Ишонч» жамғармаси бошқарув қўмитаси аъзолари, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари вилоятга ташриф буюриб, мазкур таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар.

— Мактабимизда ҳозирда 8 нафар бола инклюзив таълимга жалб этилган, — дейди Ромитан туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаби директори Шоҳиста Мусоева. — Жамғарма кўмагида уларнинг эркин ва қулай муҳитда таълим олиши, назарий билимларини амалиётда қўллаши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Инклюзив таълим синфи ва махсус лаборатория шулар жумласидандир. Бу имкониятлардан алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам мамнун.

Ташриф доирасида меҳмонлар вилоят педагогик маҳорат марказида ҳам бўлиб, бу ерда «Юқори сифатли ва инклюзив таълим натижаларига эришишда ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли таълимдан фойдаланиш» мавзусида анжуман ўтказилди. Тадбирда таъкидланганидек, айни пайтда вилоятдаги 130 та мактабда инклюзив таълим муҳити яратилган. Тўпланган тажриба асосида келгусида барча мактабларда ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли таълим воситалари орқали инклюзив таълимни янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер