Бугунги кун ўқитувчиси қандай бўлиши керак?

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кун ўқитувчиси ўқувчига фақатгина билим берувчи шахс эмас, балки ёш авлодни ҳаётга тайёрловчи мураббий, руҳлантирувчи ва инновацион технологияларни ўзлаштирган мутахассис бўлиши керак. Бунда албатта, узлуксиз касбий ривожланиш муҳим аҳамиятга эга.У бевосита таълим сифатига катта таъсир кўрсатади. Шу маънода юртимизда ўқитувчиларнинг малакасини ва касбий маҳоратини замонавий таълим технологияларига мос равишда ошириб боришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаш ўринлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 июндаги «Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» қарори асосида 2025 йил январь ойидан бошлаб, Сирдарё вилояти умумтаълим мактабларининг 13 минг 400 нафар ўқитувчиси, мактабгача таълим ташкилотларининг 3000 мингга яқин тарбиячиси, мутахассиси учун ҳудудий педагогик маҳорат марказида малака оширишнинг янги тизими ташкил этилди. Мазкур қарор асосида, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари педагоглари ҳудудий педагогик маҳорат марказларида 5 йилда бир маротаба 100 соатлик касбий ривожланиш курсларида таълим олиш ҳамда туман, шаҳарлардаги белгиланган таянч мактабларида ҳафтада бир маротаба «Касбий ривожланиш куни», «Касбий ривожланиш соати» тадбирларида маҳоратларини ошириб, янги методларни ўрганиш имкониятларига эга бўлишди. Ҳар бир тарбиячи ва педагог узлуксиз тарзда 5 йил мобайнида 460 соат узлуксиз касбий ривожланиш ва ўз устиларида ишлаши натижасида ўқувчиларга замонавий ёндашувлар асосида таълим бериш имкониятлари яратилди.
Ҳудудий марказда ташкил этилган 100 соатлик ўқув курсларини тамомлаган тингловчилар курс якунида ўрганган билимлари асосида жамоавий ёки якка тартибда ўзларининг танловларига кўра микро дарс ёки лойиҳа ишлари топшириқларини бажаради ҳамда тест синовларидан ўтади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳудудий педагогик маҳорат марказларидаги дарслар «British Council» таълим ташкилоти ҳамда халқаро NILE таълим институти томонидан тайёрланган дастурлар асосида, таянч мактабларида ўтилаётган касбий ривожланиш куни ва касбий ривожланиш соати тадбирлари эса Сингапурнинг «Marshall Cavendish Education» таълим ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан малака ошириш тизими трансформация қилиниб, янги кўринишда ташкил этилганлиги туфайли ушбу тизимда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди, — дейди Сирдарё вилояти педагогик маҳорат маркази директори Гуласал Бердиалиева. — Ушбу янгиланишларнинг замон талабларига мослиги катта аҳамиятга эгадир. Масалан, мактаб ўқувчиларимиз республика ва халқаро миқёсидаги кўрик танлов, олимпиадалар ғолиблари бўлиб, халқаро майдонда ўз билимларини юқори даражада намоён қилмоқда. Ривожланган мамлакатлар вакиллари қаторида халқаро тадқиқотларда иштирок этмоқда. Фарзандларимизнинг иқтидори дунёга танилаётган айни бир даврда, уларга таълим бераётган педагоглар нечоғлик замонавий бўлишлари зарур? Бугунги касбий ривожланиш дарсларининг айни ушбу талаб ижросига тўла-тўкис мос бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, бугунги замон ўқитувчидан талаб этиладиган асосий фазилатлар ва уларни ривожлантириш сирасига технологик саводхонлик ҳам киритилган. Малака оширишга келган педагогларга таълим жараёнида рақамли таълим платформаларидан фойдаланиш, масофавий таълим жараёнларини самарали ташкил этиш ва янгиланиб бораётган технологиялардан бохабар бўлиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича амалий дарслар ташкил қилинмоқда. Ижтимоий тармоқларда вилоятимиз педагогларининг эҳтиёжлари, таклиф ва талабларини ўрганиш асосида режадан ташқари мақсадли, муаллифлик, муаммоли курслар ташкил этилиб, мунтазам методик ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, креатив ёндашувга, дейлик, профессор-ўқитувчиларнинг дарсларда ўқувчиларни креатив фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш бўйича амалий дарс машғулотларига катта эътибор берилади. Дарс мақсадларини тўғри қўйиш, турли вазиятларда ижобий ечим топиш, анъанавий ўқитиш услубларини замонавий талабларга мослаштириш, ноанъанавий ўқитиш усулларини қўллаш бўйича «Зерикарли дарс муҳитидан халос бўлиш», «Методлар галереяси», «Hard skilss» каби лойиҳалар марказимизнинг малакали педагоглари томонидан амалга ошириб келинмоқда.
Маълум қилинишича, марказда тингловчилар психологик саводхонлик бўйича ҳам сабоқлар олади. Бу дарслар турли феъл-атворли ўқувчиларнинг ёши ва индивидуал хусусиятлари инобатга олинган ҳолда улар билан мулоқот қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлаётир. Шу ўринда таълим жараёнларида юзага келадиган турли муаммоли вазиятлар бўйича педагогларга амалий ёрдам бериш мақсадида марказ жамоаси томонидан ишга туширилган «Педагог шифохонаси» лойиҳаси ҳам эътирофга лойиқдир. Унда ҳолатларга ечимлар вариантлари қисқа видеороликлар воситасида ижтимоий тармоқ саҳифаларига жойлаб борилади.
— Сирдарё вилояти педагогик маҳорат марказида илғор тажрибаларга очиқлик тамойили устувор эканлиги ҳам таҳсинга лойиқ, — дейди Гулистон туманидаги 7-мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Лобар Рўзимуҳаммедова. — Масалан, мен ҳам мазкур масканга тез-тез келиб тураман. Янгиликлардан хабардор бўлиш баробарида ўзимнинг педагогик технологияларим бўйича маҳорат дарслари ҳам ўтаман.
Юқорида келтирилган қарорда ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси ҳамда Президент мактабида жамланган тажрибаларни умумий ўрта таълим мактабларига татбиқ этиш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу борада марказ ва Гулистон шаҳридаги Президент мактаби ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми ҳамда Филиппин давлатидан математика фани ўқитувчиси Мистер Жад Борромео билан хорижий маслаҳатчи сифатида шартнома имзоланди.
— Таълим сифатини оширишда ўқитувчининг касбий ривожланиши муҳим ўрин тутади, — дейди Гуласал Бердиалиева. — Зеро, муаллимнинг ўз устида доимий ишлаши, янги услубиятларни ўзлаштириши ва илғор тажрибаларни қўллаши таълим жараёнини янада самарали қилади. Бунда мунтазам равишда малака ошириш курслари, тренинглар ва вебинарлар ташкил қилиш орқали малака оширишни доимийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу билан бирга тажриба алмашиш, яъни ўқитувчиларни маҳаллий ва халқаро миқёсдаги педагогик анжуманларга жалб этиш, янгича педагогик методларни амалиётга татбиқ этиш ва интерактив дарсларни йўлга қўйиш, педагогларнинг илмий изланишлар олиб бориши ва уларни амалиётга жорий қилишни ҳам таълим сифати ва самарадорлигини оширишнинг устувор вазифалари сифатида белгилаганмиз.
Бугунги кун ўқитувчиси доимий равишда ривожланишда бўлиши, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши, инновацион ёндашувларни қўллай олиши керак. Бошқача айтганда, ўзи ўқиб-ўрганиб борган ўқитувчи ўқувчисини ҳам ўқишга бўлган иштиёқини оширади, муҳими, ҳар бир дарсининг самарали бўлишига эришади. Зеро, узлуксиз касбий ривожлантириш тизимининг мақсад-моҳияти ҳам шудир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг