Samarqandim.uz веб-сайтига асос солинди

Бугун, 18 октябрь — Самарқанд шаҳри куни. Мазкур сана муносабати билан Самарқанд давлат университетида “Ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги нурафшон абадий шаҳар” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.
Унда СамДУ ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров, филология фанлари доктори, профессор Жўлибой Элтазаров сўзга чиқиб, Самарқанднинг бугуни, эртаси ҳақида маъруза қилишди. Анжуманда вилоят ҳокими ўринбосарлари Ҳусан Тўхтаев, Рустам Қобилов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб “Суратлардаги Самарқанд” фотокўргазмаси очилди. Ушбу кўргазмада 50 дан ортиқ фотосуратлар жамланган бўлиб, бир сурат тарихга саёҳат бўлса, иккинчиси бугунги Самарқанд ҳақида ҳикоя қилади. Учинчи сурат Самарқанднинг қалби дарё, мард ва танти фарзандлари ҳаётидан ҳикоядир.
Хабарингиз бор, мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида “Самарқандим” журнали чоп этилиб, ўқувчиларга тақдим этилган эди. Бугун эса сана муносабати билан мазкур лойиҳанинг давоми сифатида samarqandim.uz веб-сайтига асос солинди. Мазкур сайт ўзбек, хитой, инглиз тилларида фаолият юритади.
“Самарқандим” журнали ва samarqandim.uz веб-сайтидан кўзланган мақсад Самарқандимиз тарихини чуқурроқ ўрганиш ҳамда ўзгаларга ўргатишдир.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори:
— Мен Самарқанд фарзанди сифатида бу муқаддас тупроқдан қарздорлик ҳисси билан яшайман. Самарқанд номи, Самарқанд шони, унинг буюк ўтмиши миллатимизни дунё олдидаги ўрнини, обрў-эътиборини белгилайдиган омиллардан биридир. СамДУ томонидан катта лойиҳага қўл урилди. Дастлаб “Самарқандим” ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, тарихий, оммабоп журналига асос солинди. Дунёнинг энг қадимий шаҳарларининг ўз журналлари бор. Бунга мисол қилиб, Рим ва Истанбулни келтириш мумкин.
Бугун мазкур лойиҳанинг давоми сифатида samarqandim.uz веб-сайтини ишга туширишдай тарихий воқеага гувоҳи бўлдик. Алоҳида таъкидлашни истардимки, веб-сайт айни пайтда ўзбек, хитой, инглиз тилларида юритилаётган бўлса, келгуси йилдан бошқа тилларда ҳам маълумотлар жойлаштириб боришни йўлга қўямиз.
“Самарқандим” журнали, samarqandim.uz веб-сайти яратилишидан кўзланган мақсад Самарқандимиз тарихини ўзимиз ҳам чуқурроқ ўрганиш, ўзгаларга ҳам ўргатишдир. Самарқандимизнинг дунё олдида намойиш қилиш, жаҳон халқларини Самарқандга чорлашдир. Бугун биз истаймизми йўқми интернет замонида яшаяпмиз. Шу боис “Самарқандим” журналининг ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилаётган босма нашри билан чегараланмасдан samarqandim.uz веб-сайтига ҳам асос солинди. Лойиҳаларимизни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётган вилоят ҳокимлигига ва бошқа ташкилотларга миннатдорлигимизни билдирамиз.
Тадбир якунида Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатаётган ва таҳсил олаётган Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Германия, Жанубий Корея ҳамда япониялик профессор-ўқитувчилар, талабалар байрам билан барчани табриклади.
Эмраҳ ЙИЛМАЗ,
Туркология илмий-тадқиқот институти доценти:
— Самарқанд — санъат тарихи жиҳатидан ўзига хос шаҳар. Регистон, Шоҳи Зинда, Амир Темур мақбараси, Бибихоним каби маданий бойликлар бунга тўла асос бўлади. Дунёга машҳур Тож Маҳал ўзининг илҳомини маҳобатли Амир Темур мақбарасидан олган.
Шуни таъкидлашни истардимки, Самарқанд — меҳр булоғи, гўзаллик ёдгорлиги ҳамдир. Самарқанд Ипак йўли савдо марказида бўлгани учун бой маданий ҳавзага эга ва бутун дунё учун ҳақиқий сайёҳлик марказига айланган. Сиёб бозори кўплаб сайёҳлик шаҳарларида учрамайдиган хусусиятга эга. У маҳаллий аҳоли томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам татиб кўриш, ҳам харид қилиш имкониятини беради.
Мовий гумбазлар билан қопланган мадрасалари, кошинлар билан безатилган карвонсаройлари, масжидлари, ижтимоий мажмуалари билан Самарқанд очиқ осмон остидаги музейни эслатади. Туркияда бу гўзал рангларни тасвирлаш учун “Самарқанд мовийси” ёхуд “Самарқанд ферузаси” каби иборалар қўлланилади.
Қисқаси, гўзал Самарқанд — ўз меҳмонларини бир сония бўлса ҳам кўз узмай томоша қилишга чорлайдиган шаҳар. Самарқанд ғарб сайёҳлари томонидан манбаларда “Дунё кўзгуси”, “Руҳ боғи”, “Шарқ гавҳари”, “Ислом гумбази” сифатида тасвирланган.
Эва ОРТМАНН,
Гёттинген университети эроншунослик институти директори, профессор:
— Тарихчи бўлганлигим боис кўп шаҳарларда бўлганман. Қадимий шаҳарлар тарихини ўрганганман. Ҳар бир даврда Самарқанд цивилизация ҳамда маданият маркази бўлиб келган. Мен учун Самарқандда бўлиш шараф, бундан фахрланаман. Самарқандга кўп марта келганман.
Бугун менга Самарқанд шаҳри кунини нишонлаш ҳам насиб қилдики бундан ғоятда хурсандман. Менга бирор-бир шаҳарда яшаш имконияти берилса, Самарқандни танлаган бўлардим. Барча самарқандликларни қутлуғ кун билан табриклайман.
СамДУ ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг