“Бу зарбалар тарихни ўзгартиради” — Трамп нима учун урушга қўшилди ва бу аралашув нимага олиб келади?

Фото: AP
22 июнь, якшанбага ўтар кечаси АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ядровий иншоотларини бомбардимон қилиш бошланганини маълум қилди. Шундай қилиб, Исроил мудофаа кучларининг «Уйғонган шер» ҳарбий операцияси бошланганидан тўққиз кун ўтиб, АҚШ расман ҳарбий можарога аралашди.
Оқ уй раҳбари халққа мурожаат қилар экан, Эронни «Яқин Шарқнинг безори» деб атади ва унга қарши зарбалар янада кучайиши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, АҚШ Конгрессида Дональд Трампнинг қарори қаттиқ танқид қилинди: у «ҳалокатли» деб аталди ва баъзи доираларда аллақачон импичмент эҳтимоли ҳақида гапира бошлашди. АҚШнинг Эронга ракета зарбалари ҳақида нима маълум? Дунё бунга қандай муносабатда бўлди? Бу охир-оқибат нимага олиб келиши мумкин? Қуйида шулар хусусида.
АҚШнинг Эронга зарбалари ҳақида нима маълум?
21 июндан 22 июнга ўтар кечаси АҚШ қуролли кучлари Эрон ҳудудига зарбалар берди. Ҳужум нишонлари Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳонда жойлашган учта ядровий объекти бўлди.
Операцияда ер остидаги нишонларни уриш учун мўлжалланган ўқ-дориларни етказиб бера оладиган «B-2A Spirit» стратегик яширин бомбардимончи самолётлари иштирок этди.
ОАВ маълумотларига кўра, Фордодаги заводга олтита бункерга қарши ҳаво бомбаси — «GBU-57» ташланган. Натанз ва Исфахондаги комплексларга сув ости кемаларидан учирилган 30 та «Томагавк» қанотли ракеталари ҳужум қилган.
Трамп Эронга берилган зарбаларни қандай изоҳлади?
Операция бошланганидан кейин Дональд Трамп халққа мурожаат қилди. У Эронга қилинган ҳужумни «таъсирли ҳарбий муваффақият» деб атади ва зарбалар оммавий, аммо аниқ бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, уранни бойитиш бўйича асосий иншоотлар бутунлай вайрон қилинган.
«Дунёда буни қила оладиган бошқа ҳеч қандай ҳарбий йўқ. Энди тинчлик вақти!» — дея изоҳлади ушбу операцияни Дональд Трамп.
Шу билан бирга, агар можаро давом этса, зарбалар янада кенгайиши мумкинлигини истисно этмади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ бир неча дақиқада қўшимча нишонларни йўқ қилишга қодир, улардан Эронда «кўпи қолган».
У яна Эронни глобал терроризмнинг бош ҳомийси ва «Яқин Шарқнинг безори» деб атади ва бу мамлакат тинчлик йўлини танламаса, фожиага дуч келишини таъкидлади.
«Бу энди давом эта олмайди. Ё тинчлик келади, ёки Эрон охирги саккиз кун ичида биз гувоҳи бўлганидан ҳам жиддийроқ фожиага дучор бўлади», — деди Трамп.
Якунида у америкалик ҳарбийларга миннатдорчилик билдирди ва Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяҳуни «операциядаги янги муваффақиятлар» билан табриклади.
«Ва мен барчага, хусусан, Худога... раҳмат айтмоқчиман. Худо Яқин Шарқни, Худо Исроилни ва АҚШни асрасин», — деди Оқ уй раҳбари.
Шу билан бирга, ОАВ хабарларига кўра, Трамп маъмурияти Эрондан эҳтимолий жавоб зарбасига тайёргарлик кўра бошлаган. «НБC» маълумотларига кўра, АҚШнинг Яқин Шарқдаги базалари ва активларига яқин 48 соат ичида ҳужум қилиниши мумкин, аммо бу режалар тез орада амалга ошиши ҳақида аниқ белгилар йўқ.
АҚШда Трампнинг қарорига қандай муносабатда бўлинди?
Мухолифатдаги Демократик партия Трампнинг қарорини «фалокат» деб атади. Бу ҳақда, хусусан, конгрессмен Александрия Окасио-Кортез баёнот бериб, операция АҚШ Конгресси розилигисиз бошланганини таъкидлади.
«У импульсив равишда бизни авлодлар учун тузоққа тушириши мумкин бўлган уруш бошлаш хавфини туғдирди» — Александрия Окасио-Кортез.
Унинг сўзларига кўра, президентнинг хатти-ҳаракатлари АҚШ Конституциясининг бузилиши ва шунинг учун импичмент учун асос бўлиши мумкин.
Эрон АҚШ зарбалари ҳақида нима деяпти?
Эрон АҚШнинг ҳаракатларини БМТ Низоми ва Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани қўпол равишда бузиш сифатида баҳолади. Мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи узоқ муддатли оқибатлар ҳақида огоҳлантирди ва мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай жавобга тайёр эканини айтди.
«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми ва унинг ўзини ҳимоя қилишда қонуний жавоб беришга имкон берувчи қоидаларига мувофиқ, Эрон ўз суверенитети, манфаатлари ва халқини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ўзида сақлаб қолади» — деди Аббос Арақчи.
Эрон расмийларига кўра, АҚШ фақат тинч ядровий иншоотларга ҳужум қилган. Уларнинг маълумотларига кўра, радиация оқиши қайд этилмаган бўлса-да, Трамп таъкидлаганидек, ушбу объектларнинг вайрон қилингани тасдиқланмаган.
Эрон, шунингдек, Атом энергияси бўйича халқаро агентликни (АЭХА) ҳаракатсизликда ва АҚШ билан ҳақиқий шерикликда айблади. Шу билан бирга, мамлакат расмийлари ядро дастурини ишлаб чиқишни тўхтатиб қўйиш ниятида эмаслигини таъкидлади.
АҚШнинг аралашувига Исроил қандай муносабатда?
Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяҳу Эрон ядровий иншоотларига зарба бериш қарори учун Дональд Трампга миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар «дунёдаги ҳеч бир давлат қилишга журъат этмаган» ишни қилди.
«АҚШнинг қўрқинчли ва адолатли кучи билан Эроннинг ядровий иншоотларига зарба бериш ҳақидаги дадил қарорингиз тарихни ўзгартиради», — деган Нетаньяҳу.
Исроил расмийлари ҳужумлар ҳақида олдиндан хабардор қилинганини тасдиқлади. Анонимлик шарти билан гапирган юқори мартабали амалдорлардан бири АҚШ операциясини «Эрон ядро дастурига ҳалокатли зарба» деб атади.
«[Операция мақсади] ядро қуролини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган барча ядровий иншоотларни тўлиқ йўқ қилишдир», — деган анонимлик шарти билан юқори мартабали Исроил расмийси.
CNN маълумотларига кўра, Нетаньяҳу ва Трамп операция бошланганидан сўнг дарҳол телефон орқали суҳбатлашган. Унинг мазмуни ошкор этилмаган.
Жавоб ҳужумлари таҳдиди фонида Исроил мудофаа кучлари хавфсизлик чораларини кучайтирди: оммавий йиғилишлар тақиқланган, аксарият корхоналар иши тўхтатилган.
Трампнинг «бу иши»ни халқаро ҳамжамият қандай изоҳлади?
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам кескин танқид қилиб, бундан кейин зўравонликлардан тийилишни таъкидлаб, вазминликка чақирди. «Ҳарбий ечим йўқ. Олдинга ягона йўл — дипломатия. Ягона умид — тинчлик», — БМТ Бош котиби.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер АҚШнинг Эронга қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, ҳужумлар Теҳрон ядровий дастуридан келиб чиқадиган «таҳдидни камайтиришини» айтди.
АҚШ Конгрессидаги республикачилар Трампнинг қарорини асосан қўллаб-қувватлади, бироқ Кентукки штатидан сенатор Ренд Пол ва конгрессмен Томас Масси каби бир қанча таниқли республикачилар ҳаво ҳужумларини қоралади.
Ҳусийлар АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларига зарба беришини қоралаб, операцияни «хавфли авж олиш ҳамда минтақавий ва халқаро хавфсизлик ва тинчликка тўғридан-тўғри таҳдид» деб атади. Кейинчалик Яман армиясининг расмий «Х» ижтимоий тармоғидаги саҳифаси мамлакат можарога киришаётганини эълон қилди.
Ироқ ҳукумати матбуот котиби Бассем ал-Авадий Эрондаги ядровий иншоотларга қилинган ҳужумларни қоралади. Унинг таъкидлашича, бу ҳарбий кучайиш Яқин Шарқдаги хавфсизлик ва тинчликка жиддий таҳдид солади ва минтақавий барқарорликни жиддий хавф остига қўяди.
Покистон Сенати Мудофаа қўмитаси раиси Мушаҳид Ҳусайн Сайид ҳам АҚШ ҳаракатларини қоралаб, уларни «ҳарбий жиноят» деб атади. Унинг фикрича, Эрон БМТ Низомига кўра ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Куба президенти Мигел Диас-Канел АҚШ ҳаракатларини қоралаб, уларни Яқин Шарқдаги можаронинг хавфли авж олиши деб атади. Унинг сўзларига кўра, содир бўлаётган воқеалар БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузади, инсониятни қайтариб бўлмайдиган оқибатларга олиб келадиган инқироз хавфига дучор қилади.
Чили президенти Габриель Борич ҳам ҳужумларни қоралаб, «Биз тинчликни талаб қиламиз ва унга муҳтожмиз» деди.
Венесуэла Ташқи ишлар вазирлиги буни «Эронга қарши ҳарбий тажовуз» деб атади.
АҚШ Конгрессидаги демократлар ҳужумларни 1973 йилдаги “Уруш ваколатлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ноқонуний деб аташади. Айрим ҳолларда улар президентга импичмент эълон қилишни ҳам талаб қилишган.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича котиби Кая Каллас барча томонларни ўз фикридан қайтишга, музокаралар столига қайтишга ва вазият янада авж олишига йўл қўймасликка чақирди. Қайд этилишича, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари бугун, 23 июнь куни вазиятни муҳокама қилади.
Япония Бош вазири Шигеру Ишиба унинг мамлакати вазиятни жиддий хавотир билан кузатиб бораётганини айтди. У можарони тезроқ юмшатишга чақирди.
Колумбия барча томонларни «ҳозирги инқироздан чиқишнинг ягона масъулиятли ва узоқ муддатли йўли» сифатида музокараларни давом эттиришга чақирди.
Мексика Ташқи ишлар вазирлиги эса «Минтақа давлатлари ўртасида тинч-тотув яшашни тиклаш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда» деди.
Австралия ҳукумати Эроннинг ядровий ва ракета дастурлари халқаро хавфсизликка таҳдид солаётганини айтди.
Янги Зеландия ташқи ишлар вазири Уинстон Петерс АҚШнинг ҳаракатларидан хавотир билдирди, бироқ ҳужумни қоралашдан тийилди.
Италия ташқи ишлар вазири Антонио Тажани ҳужумни ядровий қурол ишлаб чиқаришга катта зарар етказгани айтиб, бутун минтақага таҳдид солган ҳужумдан сўнг деэскалация бошланиши мумкинлигига ва Эрон музокара столига ўтиришига умид билдирди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги «Яқин Шарқдаги вазиятнинг шиддат билан кескинлашаётгани чуқур хавотир уйғотаётганини, Ўзбекистон доимо минтақадаги барча томонларни ўзаро музокаралар орқали тинчлик йўлида ҳаракат қилишга чақириб келганини» таъкидлади.
Саудия Арабистони ҳужумларни қоралаб, халқаро ҳамжамиятни дипломатик ечимга чақирди.
Қозоғистон келишмовчиликларни БМТ Низоми доирасида музокаралар йўли билан ҳал этиш тарафдори эканини билдирди.
Ўмон ҳужумларни ноқонуний тажовуз деб атади ва зудлик билан вазиятни юмшатишни талаб қилди.
Россия ҳам АҚШнинг Эрондаги бир қатор ядровий иншоотларга уюштирган ҳужумларини кескин қоралади.
«Суверен давлат ҳудудини ракета ва бомба зарбаларига дучор қилиш тўғрисидаги масъулиятсиз қарор, қандай далиллар келтирилишидан қатъи назар, илгари бундай ҳаракатларни сўзсиз, номақбул деб таснифлаган халқаро ҳуқуқ нормаларини, БМТ Низоми ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини қўпол равишда бузади. Айниқса, зарбалар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган давлат томонидан амалга оширилгани хавотирли», дейилади ушбу мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг