Бор меҳримиз сизга армуғон

19:07 04 Декабрь 2023 Жамият
461 0

Фото: Халқ сўзи

3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Наманган шаҳридаги “Шердор” тантаналар мажмуасида жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлашга бағишланган маросим ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этиб, мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилангани, айни жараёнда аҳолининг ногиронлиги бўлган қатламига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганини таъкидлади.

— Бугунги кунда ҳудудимизда истиқомат қилаётган 74 минг нафардан зиёд ногиронлиги бор фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини ҳис этиб яшаши, ўқиши ва меҳнат қилиши, бир қатор имтиёзлардан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилган, — дейди ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Иброҳим Ҳожиев. — Ҳар томонлама ғамхўрлик билан қуршаб олинган бу инсонларнинг муаммоли масалалари тезкорлик билан ҳал этиб берилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 1597 кишига махсус аравача, 617 кишига эшитиш мосламаси, бошқа кўплаб шахсларга қўлтиқтаёқ, ҳасса ва бошқа воситалар тақдим этилиб, 1310 нафар ногироннинг соғломлаштириш масканларига юборилганлиги, 412 кишининг уй-жойи таъмирдан чиқариб берилганлиги бунинг тасдиғидир.

Тадбир чоғида ўз меҳнати ва ижтимоий фаоллиги билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ногиронлардан бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи, барча қатнашчиларга эсдалик совғалари топширилди.

— Конституциямизда “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” дея белгилаб қўйилган ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топмоқда, — дейди косонсойлик иккинчи гуруҳ ногирони Жавлон Абдуллаев. — Давлат томонидан яратиб берилган шароит ва имтиёзлар жамият барча аъзолари билан уйғун ҳаёт кечиришимизда муҳим омил бўлмоқда.

Тўкин дастурхон атрофида ташкил этилган тадбир дастуридан ўрин олган бадиий дастур куй, қўшиқ ва рақслари иштирокчилар кўнглига чексиз завқ-шавқ олиб кирди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер